“Жаҳон тамаддуни ривожида Мирзо Улуғбекнинг ўрни”
Қашқадарё вилояти ИИБда “Жаҳон тамаддуни ривожида Мирзо Улуғбекнинг ўрни” мавзусида “Маънавият ва маърифат дарси” бўлиб ўтди. Унда вилоят ИИБ таркибий бўлимлари ва соҳавий хизматлар ходимлари ҳамда Қарши ДУ ўқитувчиси иштирок этди. Уни вилоят ИИБ ММИ ва КБТХ бошлиғининг ўринбосари, подполковник Ихтиёр Худойқулов очди.
Тадбирда Қарши ДУ ўқитувчиси,
доцент Хайриддин Низомов сўзга чиқиб, жаҳон тамаддунига муносиб ҳисса қўшган
авлодларимиз орасида ўзбек халқининг буюк қомусий олими, Темурийлар давлатининг
машҳур ҳукмдори Муҳаммад Тарағай Мирзо Улуғбекнинг алоҳида ўрни борлигини
таъкидлади. Мирзо Улуғбек бой илмий-маърифий мероси ҳамда мислсиз бунёдкорлик
фаолияти билан юртимиз тараққиёти ва жаҳон цивилизацияси ривожига беқиёс ҳисса
қўшган улкан тарихий сиймодир.
Ўрта асрларда она заминимизда
юзага келган иккинчи Уйғониш даврининг ёрқин намояндаси ҳисобланган Мирзо
Улуғбек узоқ йиллар ўз салтанатини адолат ва инсонпарварлик ғоялари асосида
бошқариш ва кенг кўламли бунёдкорлик ишларини амалга ошириш билан бирга илм-фан,
маданият ва санъат соҳаларини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратди. Унинг
ташаббуси ва ҳомийлиги остида кўплаб мадрасалар, мактаблар, кутубхоналар,
масжидлар, карвонсаройлар, кўприклар ҳамда сўлим боғлар барпо этилди. Натижада
ўлкамиз ҳар томонлама тараққий этиб, Шарқдаги йирик маданият ва илм-фан диёрига
айланди.
Мирзо Улуғбек математика, физика,
тарих, меъморчилик соҳаларида улкан натижаларни қўлга киритди. Буюк аллома,
айниқса, Самарқанд шаҳридаги ўзи бунёд эттирган расадхонада амалга оширган кенг
қамровли илмий тадқиқотлари ва кашфиётлари билан жаҳон астрономия фанининг
ривожида туб бурилиш ясади. Улуғ ватандошимизнинг ана шундай изланишлари
натижасида юзага келган «Зижи жадиди Кўрагоний» асари ҳозирги пайтда ҳам
юлдузлар илми соҳасида дунёдаги энг буюк асарлардан бири сифатида эътироф
этилиб, олимлар томонидан катта қизиқиш билан ўрганилмоқда.
Мустақиллик йилларида Мирзо
Улуғбекнинг ҳаёти ва фаолиятини ҳар томонлама ўрганиш ва оммалаштириш мақсадида
кўплаб тадқиқотлар, маҳаллий ва халқаро миқёсда илмий-амалий анжуманлар
мунтазам ўтказиб келинмоқда. Унинг даврида бунёд этилган меъморий обидаларни
асраб-авайлашга алоҳида аҳамият қаратилмоқда.
Бугунги кунда юртимиздаги кўплаб
аҳоли яшаш масканлари, таълим муассасалари, пойтахтимиздаги йирик туман Мирзо
Улуғбек номи билан аталади. Мамлакатимиз ва хорижда олимнинг муаззам ҳайкаллари
ўрнатилган.
Бундан ташқари, Мирзо Улуғбекнинг
«Тўрт улус тарихи» номли тарихий асари ҳам халқимизнинг ўтмиши ҳақида муҳим
манба эканлиги таъкидланди.
Тадбирда бошқарма ТҚХ ТҚКБ
Тарғибот бўлими бошлиғи, майор Фирдавс Мухаммадиев ҳафта давомида жаҳонда юз берган
воқеа-ҳодисалар бўйича маъруза қилди.