Бошқарма ҳақида
Ўзбекистон Совет Социалистик Республикаси Революцион Комитети(Ревком)нинг 1925 йил 17 январдаги қарорига асосан Қашқадарё вилояти тузилди. 1927 йил март ойидан бошлаб, бошқарув тузуми ислоҳ қилиниб, вилоятда Округ ижроия қўмитаси тузилади ва 1938 йил апрелгача фаолият юритади. Шундан сўнг Қашқадарё вилояти 1938 йилдан 1943 йил май ойигача Бухоро вилояти таркибига қўшилган. 1943-1960 йилларда яна Қашқадарё вилояти тузилади. 1960 йилда Сурхондарё вилояти таркибига киритилган Қашқадарё вилояти 1964 йилда яна Қашқадарё вилояти мақомига эга бўлди ва ҳозир кунга қадар фаолият кўрсатиб келмоқда.
Қашқадарё вилояти тузилгач Эрматов вилоят Ишчи-деҳқонлар милициясининг биринчи бошлиғи бўлган. Архив ҳужжатларидан топилган маълумотларда 1924 йил 01 октябрда Қашқадарё вилоятида жамоат тартиби ҳамда фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ўрам (округ) жиноят қидирув хизмати ташкил этилган. Бу хизматнинг асосий вазифаси этиб, жиноятларни фош этиш, жиноий гуруҳ аъзоларини қўлга олиш, давлат ва фуқаролар мулкига кўз олайтирган шахсларни ушлаб жазолаш, жамоат тартиби ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлашдан иборат бўлиб, жами 15 нафар ходим фаолият кўрсатган. Таркибда бошлиқ, иккита бўлим бошлиғи, битта нозир, тўрттадан биринчи ва иккинчи тоифадаги ходим, битта иш юритувчи, битта машинкада ёзадиган ва битта бармоқ излари билан шуғулланадиган ходим фаолият кўрсатган. Шаҳрисабз, Ғузор ва Косонда битта ёки иккитадан, Қарши вокзалида битта вакил хизмат қилган. Кейинчалик ходимлар сони кўпайиб 36 нафарга кўпайтирилган.
Вилоят ижроия қўмитасининг 1925 йил 7 декабрдаги 12-сонли мажлис баённомасига биноан Девишев ЖҚБ бошлиғи вазифасидан озод этилиб, унинг ўрнига Мусахонов Исомиддин вилоят милицияси жиноят қидирув бўлимининг бошлиғи вазифасини бажарувчи этиб тайинланади. Қашқадарё вилояти ижроия қўмитасининг 1925 йил 30 декабрдаги №20-сонли мажлис баённомасига асосан Исомиддин Мусахонов вилоят милицияси ЖҚБ бошлиғи лавозимига тайинланади.
Шундан сўнг Жиноят қидирув хизмати раҳбарининг вилоят ижроия қўмитаси раёсатига берган ёзма мурожаатларидан сўнг ходимлари сони 36 кишига кўпайтирилади. Натижада саккизта жиноий гуруҳ қўлга олиниб, киссавурлар, ўғрилар, поезд туновчилар ва бошқа турдаги жиноятчиларнинг бармоқ излари ва фотосуратлари олинган. Бундан ташқари ходимлар учун умумий ётоқхона тайёрлаш, отлар билан таъминлаш, одамлар гавжум тўпланадиган жойларга тунги қоровулхона ташкил этиб, бу қоровулхоналарга телефон симлар тортиш масаласи Мусахоновнинг ташаббуси билан амалга оширилади.
Ўша пайтларда вилоят таркибида Беҳбуд (Қарши), Ғузор, Шаҳрисабз ва Косон шаҳарлари мавжуд бўлган. Миркаримов Беҳбуд (Қарши), Адилов Шаҳрисабз шаҳарлари милицияси бошлиғи бўлиб ишлаган.
Вилоят ижроия қўмитасининг 1926йил 15 февралдаги №27-сонли мажлис баённомасига асосан воҳада милиция ва ЖҚБ ходимларининг хизмат кийими тасдиқланади. Шу йил 26 мартдаги №32-сонли мажлис баённомасига асосан вилоят судига милиция кучини жалб этиш (конвой хизмати) ҳақида вилоят ижроия қўмитаси қарор қабул қилади.
Қашқадарё вилояти милициясининг 1926 йил 5 декабрдаги (Беҳбудий шаҳри) №31-буйруғига асосан “Шу кундан бошлаб, вилоят милицияси ва Жиноят қидирув хизмати раҳбарияти таркибидан иборат навбатчилар гуруҳи тузилгани, навбатчилик эрталаб соат 09.00гача бўлиши кўрсатилади. Навбатчилар – Назарханов, Парамонов, Малахов, Назиров, Тунилин, Шашкиндан иборат бўлган.
Асос: вилоят милицияси ва ЖҚБ бошлиғининг тавсияномаси.
Вилоят милицияси ЖҚБ ўринбосари: Назарханов,
Иш юритувчи: Скворсова
(Қашқадарё вилояти давлат архиви ҳужжати Фонд №133, ОП №1,Хр №171, 151-бет).
Вилоят Статистика бюросининг Қашқадарё вилояти жиноят қидирув бўлимининг 1925-1926 йиллардаги штат бирлиги келтирилган.
1. Беҳбудий уезди ЖҚБда жами 22 нафар ходим бўлиб, шундан ишлаётгани 18 нафар, ўзбек тилини биладигани 10 нафар, ўзбек тилини билмайдигани 8 нафар.
2. Шаҳрисабз шаҳар ЖҚБда жами 7 нафар ходим бўлиб, шундан ишлаётгани 6 нафар, ўзбек тилини биладигани 5 нафар, ўзбек тилини билмайдигани 1 нафар.
3. Ғузор шаҳар ЖҚБда жами 7 нафар ходим бўлиб, шундан ишлаётгани 6 нафар, ўзбек тилини биладигани 5 нафар, ўзбек тилини билмайдигани 1 нафар.
4. Косон шаҳар ЖҚБда жами 3 нафар ходим бўлиб, шундан ишлаётгани 3 нафар, ўзбек тилини биладигани 3 нафар, ўзбек тилини билмайдигани йўқ.
(Қашқадарё вилояти давлат архиви ҳужжати Фонд №33, ОП №1,Хр №121, 20-бет.)
Собиқ СССР Олий Кенгашининг 1943 йил 20 январдаги №5-буйруғига биноан Бухоро вилояти таркибидан Қашқадарё вилояти ажратилиб, Қарши шаҳри унинг маркази этиб белгиланади. Шаҳрисабз, Бешкент шаҳарлари, Ғузор, Деҳқонобод, Қамаши, Қарши, Косон, Китоб, Чироқчи, Яккабоғ ва Шаҳрисабз туманлари вилоят таркибига қайта олинади.Қашқадарё вилояти ташкил топгач, вилоят ички ишлар бошқармасига биринчи бошлиқ этиб Алексей Павлович Самородов тайинланган. Мазкур вазифада у икки йил – 1945 йилгача фаолият кўрсатган. Шундан кейин 1946-1950 йилларда милиция полковниги С.Г.Шабанов, 1950-1953 йилларда ички хизмат полковниги Х.Бозоров, 1953-1955 йилларда милиция полковниги Х.Абдуллаев, 1955-1957 йилларда ички хизмат полковниги Н.Р.Ҳамидов, 1957-1959 йилларда ички хизмат полковниги К.Тўқсонов, 1959-1960 йилларда ички хизмат полковниги Х.Д.Давидов, 1969-1974 йилларда милиция генерал-майори Г.Зокиров, кейинги йилларда милиция полковниги Б.Қосимжонов, милиция подполковниги О.К.Новиков, милиция полковниги В.А.Козин, милиция полковниги Н.А.Исмоилов, милиция подполковниги М.Бекмуродов, 1992-1994 йилларда милиция полковниги Ш.Каримов, 1994-1998 йилларда милиция полковниги К.Қурбонов, 1998(июнь)-2001 йилларда генерал-майор Р.Каримов, 2001-2003 йилларда милиция полковниги А.Юлбарисов, 2003 йил (июнь)-2009 йилларда милиция полковниги В.Ходжаев, 2009-2011 йилларда генерал-майор А.Х.Қўлдошев, 2011-2013 йилларда полковник С.Қ.Ҳайдаров, 2013-2015 йилларда полковник Н.А.Қурбонов ва 2016-2019 йилдан полковник Д.Т.Турсунбаев ва 2019 йилдан Қашқадарё вилояти ИИБга бошлиғи полковник Ш.Ҳ.Сатволдиев раҳбарлик қилмоқда.