ИИБ тарихи

КИРИШ ҚИСМИ

Тарихий манбалар қадимда ватанимиз ҳудудида вужудга келган давлатларда ҳарбий жангчилардан ташқари “соқчи”, “қоровул”, “чокар”, “шихна”, “ясовул”, “кўкалдош”, “муҳтасиб”, “посбонбоши”, “сарбоз”, “миршаббоши” ва “миршаб”лар ҳукмдор қароргоҳи, қалъалар ва бошқа иншоотларни қўриқлаш, қишлоқ ва шаҳарлардаги осойишталик ва жамоат тартибини сақлаш, аҳоли хавфсизлигини таъминлаш ва жиноятчиликка қарши курашиш, айбдорларни аниқлаш, топиш ва жазолаш каби вазифаларини бажарганлиги, шу каби тузилмалар негизида бугунги ички ишлар органлари шаклланганлиги, бу эса ўз навбатида, ички ишлар органлари ўзбек давлатчилиги тарихи билан чамбарчас боғланган тарихий илдизларига эга эканлигидан далолат беради.

Тарихга назар ташласак, турли даврлардаги сиёсий шароит тақозосига кўра, бу тузилмаларнинг номи, вазифалари ва иш услублари ўзгариб борганлигини кўришимиз мумкин. Масалан, ХIХ аср охирида Россия империяси мустамлакасига айланган Туркистонда жорий этилган полиция-миршаблик тизими асосан мустамлакачи империя манфаатларига хизмат қилиб, аҳолининг тинчлигини таъминлаш, жамоат хавфсизлиги ҳамда жиноятчиликка қарши курашиш билан бирга, маҳаллий аҳолининг ҳаракатини назорат қилиш, халқ озодлик ҳаракатлари вужудга келишининг олдини олиш ва унга қарши курашишда ҳарбий бўлинмаларга кўмаклашиш вазифаларини бажариш фаолияти билан шуғулланган.

Худди шундай собиқ Совет Иттифоқи даврида ҳам ички ишлар органлари (дастлаб “ишчи-деҳқон милицияси” деб юритилган)нинг фаолияти жамоат хавфсизлиги ҳамда жиноятчиликка қарши курашиш билан бир қаторда, ҳудудда совет тузумини ўрнатиш ва унинг ғояларини янада мустаҳкамлашга қартилган. Марказдан келган бу борадаги топшириқларни ўз вақтида ва бекаму-кўст бажаришга интилган.

Айнан истиқлол шарофати билан ички ишлар органлари халқимизнинг ҳимоячиси ва кўмакчисига, мамлакатимиздаги тинчлик ва осойишталикни, жамоат тартиби ва фуқаролар хавфсизлигини ҳимоя қилишнинг ишончли гаровига айланди. Айниқса, сўнгги йилларда амалга оширилган ислоҳотлар ушбу тизимни тубдан такомиллаштириш, ички ишлар органларини аҳолига ўз вақтида ва сифатли ёрдам кўрсатадиган, ҳар бир ходими томонидан «Халқ манфаатларига хизмат қилиш»ни ўз хизмат бурчи деб биладиган ижтимоий йўналтирилган профессионал тузилмага айлантиришга имкон бермоқда.

Шунинг билан бирга ҳар қандай мураккаб даврлар, қалтис вазиятларда ҳам ички ишлар органларида ўз жонини аямасдан, мамлакатда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, жиноятчиликка қарши курашишга муносиб ҳисса қўшган фидойи ходимлар кўпчиликни ташкил этган.
Уларнинг бу борадаги машаққатли меҳнатлари, кўрсатган жасорат ва қаҳрамонликлари ички ишлар органлари тарихининг ажралмас қисми сифатида бугунги ва келгуси авлод учун ибрат мактаби бўлиб қолади.

 

 

I. Ўрта Осиё ҳудудидаги қадимги давлатларда хавфсизлик ва ички тартибни сақловчи тузилмаларнинг шаклланиши

 

- Ўрта Осиёдаги қадимги давлатларда хавфсизлик ва ички тартиб (мил.авв. VII – мил. VIII асрлар)

- Ўрта Осиё давлатларида ўрта асрларда тартиб-осойишталикни сақлаш (IX-XV асрлар)

- Ўзбек хонликларида жамоат тартиби ва миршаблар фаолияти (XVI-IХ аср ўрталари)

- Чор Россияси мустамлакачилиги даврида ҳарбий-полиция тартиботи (ХIХ аср охири – ХХ аср бошлари)

 

Ўрта Осиёдаги қадимги давлатларда хавфсизлик ва ички тартиб (мил.авв. VII – мил. VIII асрлар)

Ватанимиз ҳудудида илк давлат бирлашмалари вужудга келиши билан уларнинг чегараларини ташқи душмандан ҳимоялаш, аҳолининг тинчлигини таъминлаш, кишилар ўртасидаги ижтимоий-иқтисодий муносабатларда тартиб ўрнатиш, шаҳар-қалъаларни қўриқлаш зарурияти ҳам туғилган, бу эса ўз навбатида, муайян аниқ вазифаларга эга бўлган тартиб ўрнатувчи тузилмаларнинг вужудга келишига туртки бўлган.

Жумладан, милоддан аввалги I мингйилликда Ўрта Осиёда кенг тарқалган зардуштийлик динининг муқаддас китоби “Авесто”да давлатчилик, сиёсий-ҳуқуқий ғоялар, одамлар ўртасидаги мулкий, никоҳ ва оила муносабатларини тартибга солувчи ижтимоий нормалар, жиноят ва жазо, суд ва суд амалиёти масалалари тўғрисидаги маълумотлар келтирилган. 
Маълумот учун: мил.авв. II минг йиллик ўрталарида Ўрта Осиё ҳудудида кенг тарқалган Зардуштийлик динининг муқаддас китоби “Авесто” 21 китобдан иборат бўлган. Абу Райҳон Берунийнинг “Ўтмиш халқлардан қолган ёдгорликлар” китобида таъкидланишича, Эрон шоҳи Доро даврида 12 минг қора мол терисига зарҳал харфлар билан битилган. Ватанимизда “Авесто”нинг 2700 йиллиги нишонланиши муносабати билан у илк бор ўзбек тилига таржима қилиниб, 2001 йилда нашр этилди.

“Авесто”да жиноят учун жазонинг маълум тизими белгиланган: ўлим жазоси, қамоқ, жисмоний жазо (калтаклаш), гуноҳни ювиш (етказилган зарарни қоплаш), бадарға қилиш, қондошлик ўчи. Такрорий жиноятлар ҳақида ҳам тўхталиб, улар учун янада оғирроқ жазо белгиланади. Шунингдек, суд масалаларига эътибор берилиб, одил судлов учун махсус мўлжалланган шахслар ҳақида маълумот берилади.

Жиноят турлари қуйидагича тизимлаштирилган:

- динга қарши жиноятлар (бидъат, бошқа дин вакили билан никоҳга кириш, руҳонийнинг вазифасини ғайриқонуний бажариш, даҳрийлик (атеизм);
- ахлоққа қарши жиноятлар (қасддан ёки жазава ҳолатида ҳужум қилиш, таҳдид қилиш, шифокорнинг зиён етказувчи ҳаракати, ҳомилани нобуд қилиш, регул ва ҳомиладорлик пайтида аёлнинг соғлигига зарар етказиш);
- шахсга қарши жиноятлар (қасддан одам ўлдириш, баданга оғир ва енгил тан жароҳатларини етказиш);
- мулкий жиноятлар (ўғирлик, талон-торож, хасислик, босқинчилик, фирибгарлик, олинган қарзни қайтармаслик);
- ҳайвонларга қарши жиноятлар (ҳайвонларни ўринсиз нобуд қилиш, уй ҳайвонларини тахқирлаш);
- табиат кучларига қарши жиноятлар (ер, сув, ҳаво, олов ва ўсимлик дунёсига зарар етказиш).

Илк ўрта асрларда мамлакатимиз ҳудудида вужудга келган Сўғд, Тохаристон, Эфталлар ва Турк хоқонлиги каби давлат уюшмаларида иқтисодий тараққиёт ва сиёсий барқарорликни таъминлаш айни вақтда ички тартиб-осойишталикни сақлаш, савдо-сотиқ, ер-мулкчилик соҳаларидаги тартиббузарликларга қарши курашиш ҳам муҳим аҳамиятга эга эди. Бундай шароитда яхши қурол-яроққа эга бўлган мард ва жасур ёлланма йигитлардан иборат доимий ҳарбий кучларга эҳтиёж ортиб борди. Бу даврда Сўғдда “чокарлар” деб аталган ички тартибни сақлаш, жиноятларга қарши курашиш билан шуғулланувчи ҳарбийлаштирилган қисмлар юзага келди.

Хусусан, Сўғд ва унга туташ ҳудудларда карвон йўллари, савдогарларнинг хавфсизлиги, карвонларнинг беталафот манзилларига етиб бориши кўп жиҳатдан садоқатли ва довюрак чокарлар фаолиятига боғлиқ бўлган. Бу даврда, айниқса, ўлкани Шарқ ва Ғарб билан боғлаб турган Буюк ипак йўли бўйлаб савдо карвонлари қатновидан мамлакат хазинасига катта даромад тушганлиги сабаб, савдо карвонлари хавфсизлигига катта эътибор қаратилган. Махсус қўриқчи қисмлар карвонларни бир манзилдан кейинги манзилга қадар кузатиб, қароқчилар ҳужумидан ҳимоялаб борганлар. Чокарлар урушлар ва ҳарбий тўқнашувларда ҳарбий куч сифатида хизмат қилиб, ҳарбийлар томонидан тартиб сақланиши ва жиноят содир этилмаслигини назорат қилганлар.

VI асрда вужудга келган Турк хоқонлиги ўзбек давлатчилигининг муҳим босқичи бўлиб, бу даврда чокарларнинг қурол-яроғлари янада такомиллашган, ҳарбий маҳорати ўсган, тактик усуллар эса чокарлар ҳаракатини янада мустаҳкамлаган. Хоқонликда барча эркаклар ҳарбий хизматни ўташга мажбур бўлиб, хоқоннинг шахсий қўриқчилари хитой йилномаларида “фули”, яъни “бўри” деб аталган. Кўплаб қабила ва элатларни бошқариб туриш, улардан солиқ ва ўлпонларни йиғиб олиш мақсадида хоқонликда махсус маъмурий ва ҳарбий-сиёсий бошқарув тизими татбиқ этилган эди.

VIII асрда Ўрта Осиё ҳудуди Араб халифалиги томонидан истило қилинади. Натижада минтақада ислом дини, шариат қонун-қоидалари, араб ёзуви билан бирга, халифаликдаги мавжуд давлат бошқарув тизими ва лавозимлари (масалан, амир, раис, садр, қози, муфтий ва бошқалар) ҳам жорий этилган.
Бу даврда ислом таълимоти, шариат ва ислом ҳуқуқшунослиги (фиқҳ илми) ривожида мовароуннаҳрлик муҳаддис (ҳадисшунос) ва фиқҳ уламоларининг хизмати катта бўлган. Айниқса Имом ал-Бухорий (Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий (810-870), унинг замондоши ва шогирди Термизий (Абу Исо Муҳаммад ат-Термизий (824-894), Маҳмуд аз-Замахшарий (1075-1144), Абу Мансур ал Мотуридий (870-944) ва Бурҳонуддин ал-Марғиноний (1123-1197)ларнинг ҳиссаси ниҳоятда каттадир.

Имом ал-Бухорийнинг 7 275 та саҳиҳ – ишончли ҳадисларни ўз ичига олган “Ал-Жомиъ ас-саҳиҳ” номли шоҳ асари мусулмон Шарқида қарийб ўн икки аср давомида ислом таълимотида Қуръони Каримдан кейинги асосий манба сифатида юқори баҳоланиб, асосий дарслик, қўлланма сифатида ўрганиб келинмоқда. Уламолар шариат қоидалари, жамиятдаги муносабатлар, никоҳ-оила ва мол-мулк масалаларини ҳал этишда ўз даврининг “ҳуқуқий кодеслари” вазифасини ўтаган ушбу асарга таяниб иш тутганлар.
Машҳур фақиҳ (ҳуқуқшунос) Бурҳонуддин ал-Марғинонийнинг энг нодир – тўрт жилдлик “Ҳидоя” асарида ўша замонларда мусулмонлар дуч келадиган барча долзарб ҳаётий масалалар, жумладан, оилавий ва ижтимоий-ҳуқуқий муносабатлар, мулкчилик, савдо-сотиқ, жиноят ва жазо, мерос, гаров ва кафиллик каби инсонларнинг бурч ва масъулиятларига тааллуқли жуда кўп муаммолар ислом ҳуқуқи нуқтаи назаридан ҳал этиб берилган.

Шу боис ҳам мамлакатимиз ҳудудида ўтган асрнинг 30-йилларида совет судлари пайдо бўлгунига қадар “Ҳидоя” асари қозиларнинг суд ишларини кўриб чиқишида асосий қўлланма вазифасини ўтаган. Асар бугунги кунда ҳам мусулмон оламида ислом ҳуқуқшунослиги бўйича энг аниқ, изчил ва мукаммал манба сифатида ҳуқуқшунослар учун ҳам назарий, ҳам амалий қўлланма вазифасини ўтаб келмоқда.

 

Ўрта Осиё давлатларида ўрта асрларда тартиб-осойишталикни сақлаш (IX-XV асрлар)

IX аср охирига келиб Ўрта Осиёда Араб халифалиги ҳукмронлиги инқирозга учраб, бир қанча мустақил давлатлар ташкил топди. Мовароуннаҳрда Сомонийлар сулоласи ҳукмронлиги ўрнатилди. Сомонийлар (865-999) ўз тасарруфидаги улкан мамлакатни бошқаришда даставвал ихчам давлат маъмуриятини ташкил этдилар.

Наршахийнинг маълумоти бўйича, Сомонийлар давлати, асосан, ўнта девон бошқарувида идора этилган. Давлат ва ҳукмдор саройи ҳаётида сарой соқчилари катта роль ўйнаган. Соқчилар таркибида маҳаллий аҳоли вакиллари бўлган ёш ҳарбийлар қаторида асир қилиб олинган туркий ғуломлар ҳам бор эди. Улар қуйидагича табақаланган:

- Ҳожиби бузург (Бош ҳожиб) – Сомонийлар, Ғазнавийлар, Хоразмшоҳлар давлатида энг олий мансабли амалдорлардан бири бўлиб, даргоҳ ва девонлар ўртасидаги алоқаларни мувофиқлаштириб турган, шунингдек, сарой хавфсизлигига масъул бўлган;

- Ҳожиб – сарой лашкарбошиси бўлган, унга сарой ва ҳукумат муассасаларини қўриқлаш бўйича хизмат қилувчи ва ҳарбий ҳаракатлар даврида ўта масъулиятли вазифаларни бажарувчи соқчи – ғуломларнинг катта отряди бўйсунган. 

- Соҳиби харос – Сомонийлар давлатида сарой соқчилари бошлиғи вазифасини ўтаган;

- Бош қози – шариат қонун-қоидаларига асосланган ҳолда суд ишларини кўриб чиқувчи амалдорлар – қозилар фаолиятини назорат қилган;

- Амири харас – олий ҳукмдор чиқарган жазо ҳукмларининг ижросига масъул бўлган;

- Салоҳдор – саройдаги қурол-аслаха таъминоти ва уларнинг сақланиши учун масъул бўлган;

- Шихна – бош миршаб вазифасини бажарган, унинг ихтиёрида жамоат тартибини сақлашга ва жиноятларга қарши курашишга ихтисослашган алоҳида ҳарбийлаштирилган қисмлар бўлган;

- Миршаб (тунги соқчилар, мир – “амир”, яъни, ҳарбий амалдор, “шаб” – тун сўзларидан олинган) – давлат ичида ўрнатилган тартиб-қоида, аҳоли осойишталигини сақлаш, жамоат тартибини таъминлаш, жиноятчиликка қарши курашишга ихтисослашган аскар бўлган. Шунингдек, миршаблар солиқ тушумларини йиғиш, ҳарбий хизматдан бўйин товлаганларни топиш, қозиларнинг хукмини ижро этиш, жазога ҳукм қилинган жиноятчиларни қўриқлаш каби вазифаларни ҳам бажарганлар.

Сомонийлар ва Қорахонийлар даврида ҳарбий ишлар, аҳоли осойишталиги ва ички тартиб-қоидаларни сақловчи алоҳида девонлар фаолият олиб борган. Одатга кўра, аксарият ҳолларда хоқоннинг ўзи ёки унинг ўғли бош қўмондон бўлган.
Хоразмшоҳлар давлати (1097-1231) ўз даврининг қудратли қўшинига эга бўлиб, доимий қисмлардан ташқари, хоразмшоҳлар мамлуклар, яъни қул-аскарлардан иборат шахсий соқчилар қисмига – харасга ҳам эга бўлганлар. Бундай тизимни биринчи бўлиб хоразмшоҳ Аловуддин Такаш ташкил қилган. Унинг таркибида 10 минг киши бўлган. Харас Хоразмшоҳ ва унинг оиласини қўриқлашдан ташқари, турли экспедициялар, савдо карвонларига ҳамроҳлик қилишга ҳам жалб этилган.

Хоразмшоҳлар давлатида миршаблик хизматини бажарувчи шихналар бўлиб, улар ўз отрядлари билан аҳоли тинчлигини сақлаш, жамоат тартибини таъминлаш ва жиноятчиларни жазолаш функцияларини бажарганлар. Шихна ҳокимият учун хавф туғдирган барча ишларга аралашган ва аҳолини тузумга қарши қўювчилар ортидан қаттиқ кузатув олиб борар эди. Хоразм шоҳлари босиб олинган барча вилоятлар, шаҳарлар ва қишлоқларга ўз шихналарини қўйганлар. Шаҳарлар ва карвон йўллари яхши қўриқлангани учун ички ва ташқи савдо ривожланган.

Барча амалдорлар, жумладан, ҳарбийлаштирилган қисмларга раҳбарлик қилувчи амалдорлар ўз мансаблари учун белгиланган кийим-кечакларга, мактуб йўллашда тузилган матнларга босилиши лозим бўлган тамғаларга эга бўлиши шарт бўлган. Тамғаларда мансабдорнинг исми, мансаби ёзилган бўлиб, улар хоқон томонидан тақдим этилган. Тамға айни пайтда мансабдорнинг “хизмат гувоҳномаси” вазифасини бажарган. Амалдорларнинг маоши маълум қонун-қоида асосида белгиланган бўлиб, унинг ўсиши ёки камайиши мансаб ва лавозимнинг ўзгаришига, кўрсатган хизматига боғлиқ бўлган.

Амир Темур ва темурийлар даври Ўзбекистон тарихида чуқур из қолдирди. Бу даврда мамлакатда йирик марказлашган давлат барпо этилди. Амир Темур Мовароуннаҳр ва Хоразмда тарқоқлик, ўзаро низоларга чек қўйиб, Сирдарё бўйларидан Орол денгизигача бўлган ерларда яшовчи халқларни ягона давлат тасарруфида бирлаштирди. Бу, шубҳасиз, Мовароуннаҳр халқлари тақдирида ижобий аҳамият касб этди.

Амир Темур даврида марказий маъмурият бошида девонбеги – бош вазир бошчилигидаги 7 вазирликдан иборат аркони давлат — Вазирлар Маҳкамаси турарди. Биринчи вазир – солиқ-ўлпонлар, миршаблик ишлари ва мамлакат ободонлиги билан шуғулланган. Иккинчиси ҳарбий ишлар вазири бўлиб, аскарлар маоши ва озиқ-овқат таъминоти билан шуғулланган. Учинчи вазир савдо ишлари, тамға, закот ва мерос ишларига қараган. Тўртинчиси – молия вазири, давлат хазинасини бошқарган. Чегара вилоятлари ва тобе мамлакатлар бошқарувини назорат қилиш учун махсус 3 та вазир тайин этилган.
“Темур тузуклари”да Амир Темурнинг мамлакатдаги тартиб-осойишталикни сақлаш борасидаги тадбирлари ҳақида шундай дейилади: “Амр этдимки, ўғри ва қароқчиларни “Ясо” асосида жазоласинлар; фасодчи, бузуқи, нафси ёмон кишиларни мамлакатдан ҳайдасинлар.

Ҳар бир шаҳар ва қишлоққа кутвол тайинласинларки, сипоҳу раиятга соқчилик қилсин ва кимнинг бирон нарсаси ўғирланса, бунинг масъулияти унинг зиммасида бўлсин. Ва яна буюрдимки, йўл устида кузатувчилар, зобитлар тайинласинларки, йўлларни қўриқлаб, йўловчилар, савдогарлар, мусофирларни кузатиб, мол-мулки ва бошқа нарсаларини манзилдан-манзилга етказиб қўйсинлар”.
Шу ўринда бир маълумот келтириб ўтиш жоиз: Амир Темур ўша даврларнинг бошқа ҳукмдорларидан фарқли тарзда, мамлакат фаровонлигида фақатгина ҳарбий юришлар ва солиқлар эмас, балки миллати ва динидан қатъи назар, барча мамлакатлар билан фаол ташқи иқтисодий алоқалар, савдо-сотиқнинг ўрни катта эканлигини яхши англаган ва бунинг учун ўз давлатида барча шароитларни таъминлаган. Жумладан, унинг бизга қадар етиб келган Франция қироли Карл VI га йўллаган мактубида шундай жумлалар бор: “...яна сизнинг савдогарларингиз бу тарафга қатнаб турсалар, биз бу ерда уларни азизу мукаррам тутғумиздир, шунингдек, бизнинг савдогарлар у тарафга юборилса, сиз ҳам уларни азизу мукаррам тутсангиз, ҳеч кимса уларга зўрлик қилмаса ва зарар-заҳмат етказмаса. Чунки дунё савдогарлар билан ободдир!”. Бу ва бошқа кўпгина тарихий маълумотлар Амир Темур салтанатида ички тартибни таъминлайдиган кучли ва адолатли бошқарув тизими йўлга қўйилганидан далолат беради.

 

Ўзбек хонликларида жамоат тартиби ва миршаблар фаолияти (XVI-XIХ аср ўрталари)

XVI-XVIII асрларга келиб Темурийлар салтанати ўрнида бир-биридан мустақил учта давлат – Бухоро хонлиги (XVIII аср ўрталаридан амирлик), Хива ва Қўқон хонликлари ташкил топган. Хонликларда давлат бошқаруви ўхшаш бўлиб, темурийлар, шайбонийлар давридаги бошқарув тартиби деярли ўзгаришсиз сақланган. Давлат бошқаруви, молия, суд, миршаблик ва ҳарбий ишлар ҳукмдорнинг қариндошлари, ўзига яқин одамлар томонидан бошқарилган. Улар ўз фаолиятларини бажаришда катта ҳуқуқ ва имтиёзларга эга бўлганлар.

Жиноят ва жазо ишлари шариат қонунлари асосида ҳал этилган. Бу даврда Шайхулислом, Додхоҳ, Ҳудайчи, Муҳтасиб (Раис), Кўкалдош каби мансаб эгалари дин ва шариат қоидаларига риоя этилиши, бозорлардаги тош-тарозининг тўғрилигини, мамлакат миқёсидаги хавфсизликни назорат қилганлар. Аҳолининг тинчлиги ва осойишталиги учун миршаббошилар масъул ҳисобланган. Миршаблар шаҳарлар ва қишлоқларда кечаю-кундуз соқчилик қилишган, жамоат жойлари, бозорлар ва кўчаларда тартиб-осойишталикни таъминлаган. Шунингдек, қозилар (суд) томонидан жиноят учун тайинланган жазони ижро этиш ҳам уларнинг зиммасига юкланган.
Хонликларда тинч даврда ҳарбий қўшиннинг уйига тарқатилмаган қисми ҳукмдорларнинг хавфсизлиги, шаҳар ва қишлоқлардаги ички тартиб-осойишталик, ўғирликлар ва бошқа жиноятларга қарши курашишга қаратилган вазифаларни бажариш учун вақтинча миршаббошиларга бўйсундирилган.

Халқимизда қадимдан ўзгалар молига кўз олайтириш, ўғирлик қилиш ниҳоятда қаттиқ қораланган. Камдан-кам учраб турадиган тарозидан уриш, ўғирлик, зино ва бошқа шу каби жиноятларда айбдор аниқланса, у халқ ўртасида намойишкорона жазоланган. Масалан, манбаларда Бухорода бозорларда харидор ҳаққига хиёнат қилган сотувчи ярим-ялонғоч ҳолда аравада, бозор аҳлига намойиш қилиниб, овози борича: “Мен шайтон йўлига кириб, харидорни алдадим”, деб жар солишга мажбур этилгани ёзиб қолдирилган. Бу каби таъсир чоралари ўзига хос “профилактика” вазифасини ўтаб, жиноятчиликни жиловлашнинг бир усули бўлган. 

Аҳоли томонидан ҳар бир маҳалла, кўчаларнинг ўз оқсоқоли сайланган, турли оилавий келишмовчиликлар, қўни-қўшнилар ўртасидаги жанжаллар ана шу оқсоқоллар томонидан жойида ҳал этилган. Улар томонидан чиқарилган ҳукмни ҳамма қабул қилиши ва бажариши шарт бўлган. Фақат иложсиз вазиятлардагина можарога миршаблар ва қозилар аралашган.

 

Чор Россияси мустамлакачилиги даврида ҳарбий-полиция тартиботи (ХIХ аср охири – ХХ аср бошлари)

ХIХ аср ўрталаридан бошлаб Россия империяси Ўрта Осиё хонликлари ўртасидаги ўзаро низолар ва адоватлардан фойдаланиб, ушбу хонликларни бирин-кетин босиб ола бошлади. Бухоро амирлиги ва Хива хонлиги империянинг протекторатига айланди, Қўқон хонлиги бутунлай тугатилиб, унинг ўрнида Туркистон генерал-губернаторлиги ташкил этилди.
Туркистон генерал-губернатори ўз қўлида ҳарбий ва фуқаро ҳокимиятини бирлаштирган. У бир вақтнинг ўзида подшо ноиби, Туркистон ҳарбий округи қўшинлари қўмондони, Еттисув казаклари қўшинлари атамани, бош прокурор ва бош миршаб вазифасини ўтаган. Бундан ташқари, ўлкада Россия Империяси Ички ишлар вазирлигининг органлари, унинг вакиллари ҳам шунга муқобил тарзда иш кўришган.

Шу даврда мамлакатга Россия Империясининг полиция тизими жорий этила бошлади. Россияда ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолияти бир қатор давлат органлари томонидан амалга оширилган. Ички ишлар вазирлигига бўйсунувчи жандармерия ва қўриқлаш (охрана) бўлинмалари билан биргаликда, 9 та вазирлик ва идораларда ҳарбийлаштирилган полиция функциясини бажарувчи тизимлар мавжуд бўлган. Масалан, Савдо ва саноат вазирлиги тоғ-кон полицияси ҳамда ишлаб чиқаришни назорат қилувчи полиция хизматига эга бўлган. Молия вазирлиги қошида чегара полицияси, божхона полицияси ҳамда яширин ишлаб чиқаришни аниқловчи (корчем) полиция бўлган. Адлия вазирлигига конвой хизмати ва суд приставлари бўйсунган. Ўхшаш полиция бўлинмалари бошқа вазирликларда ҳам бўлган.

Туркистон шаҳарларида полицмейстер лавозими жорий этилиб, уларнинг ҳуқуқлари ҳарбий туманбошилар ҳуқуқлари билан тенглаштирилган. Тошкентда янги ва эски шаҳар полицмейстерлари иш олиб боришган. Уларга полиция приставлари бўйсунган. Ҳар бир полиция приставининг қўл остида 10 дан 30 тагача “городовой” хизмат қилган. Полиция хизматига маҳаллий аҳоли вакиллари деярли жалб этилмаган.

Маҳаллий маъмурият – волост бошқарувчилари ва оқсоқоллар ҳам қуйи полиция тизими ваколатига эга бўлиб, уларга ёлланган маҳаллий аҳоли вакиллари хизмат қилган. Маҳаллий аҳоли вакилларидан иборат хизматчиларга ўқ-отар қурол олиб юриш тақиқланган.
1908-1910 йилларда Туркистон шаҳарларида мустақил полиция бошқармалари, Тошкентда обер-полисмейстер лавозими жорий этилиб, ўлкада миршаб-полиция хизматчилари сони кўпайтирилди. Шунингдек, туман ва қишлоқ жойларини ҳам қамраб олиш учун туман полицияси маҳкамаси фаолияти йўлга қўйилган. 

 

II. Совет Иттифоқи тузуми даврида ички ишлар органлари

 

- Туркистонда ишчи-деҳқон милициясининг ташкил этилиши ва фаолияти (1917-1924 йй.)

- Бухоро Республикасида ички ишлар органлари (1920-1924  йй.)

- Хоразм Республикасида ички ишлар органлари (1920-1924  йй.)

- Ўзбекистон Совет Социалистик Республикасида ички ишлар органлари (1925-1939 йй.)

- Иккинчи жаҳон уруши йилларида ички ишлар органлари (1941-1945 йй.)

- Ўзбекистон Совет Социалистик Республикасида ички ишлар органлари (1950-1989 йй.)

 

Туркистонда ишчи-деҳқон милициясининг ташкил этилиши ва фаолияти (1917-1924 йй.)

1917 йил 28 октябрда (янги сана билан 10 ноябрь), яъни октябрь тўнтаришидан 3 кун ўтгач, РСФСР Ички ишлар халқ комиссарлиги “Ишчи милицияси тўғрисида” қарор қабул қилди.
Бу даврга келиб Туркистонда ҳам ҳокимиятни ўз қўлига олган советлар ўлкада ўз ҳокимиятини ўрнатиш, унинг хавфсизлигини таъминлаш учун милиция фаолиятини йўлга қўйишга ҳаракат қилди. 1918 йил 29 январда Туркистон Халқ комиссарлари кенгашининг 17-сонли “Захира кадрларини яратиш ва милицияни қайта ташкил этиш тўғрисида”ги буйруғи эълон қилинди.

Янги милицияни ташкил этиш ва кадрлар тайёрлаш ишига раҳбарлик қилиш учун 1918 йил 30 январда “Туркистон ўлкаси шаҳар ва туманлари милиция инспектори бошқармасининг бўлими” ташкил этилди. 1918 йилнинг февраль ойида барча уезд, шаҳар ҳамда волостларда милиция органлари ташкил этила бошланди.
1919 йилнинг 26 апрелида Туркистон автоном совет социалистик республикаси (АССР) Ички ишлар халқ комиссарлиги (ИИХК ёки русча НКВД) таркибида республика милицияси ишига раҳбарлик қилувчи Ишчи-деҳқон милицияси бош бошқармаси таъсис этилди ва унга большевик Ф.Я.Цируль бошлиқ этиб тайинланди. РСФСР Ички ишлар халқ комиссарлиги коллегияси томонидан “Милиция таркибида жиноят қидирув бўлимларини ташкил этиш” ҳақидаги қарор тасдиқлангандан сўнг (1918 йил 5 октябрь), Туркистон АССРда ҳам дастлаб Адлия халқ комиссарлиги тасарруфида бўлган жиноят қидирув бўлимлари милиция таркибига ўтказила бошланди.

1920 йил 22 апрелида Туркистон АССР Халқ комиссарлари кенгаши томонидан “Совет Ишчи-деҳқон милицияси тўғрисида низом” қабул қилинди. Унга кўра, Туркистон Ишчи-деҳқон милициясининг вазифалари қуйидагилардан иборат деб белгиланди:

- тартиб-интизом борасида Ички ишлар халқ комиссарлигига юклатилган вазифаларни бажариш ҳамда чиқарилган қарор, декрет ва буйруқларни ҳаётга татбиқ этилишини таъминлаш;
- умумдавлат мулки бўлган ташкилот ва биноларнинг хавфсизлигини таъминлаш (телеграф, телефон тармоқлари органлари, почта ва ҳоказо);
- завод, фабрика, конлар ва бошқа ишлаб чиқариш билан боғлиқ бўлган ташкилот ва муассасаларни қўриқлаш;
- ўрмон, экинзор, давлат қўриқхоналарини ҳамда ёқилғи омборхоналари, хомашё ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини муҳофаза қилиш;
- қамоқхоналар ва маҳбуслар вақтинча сақланадиган лагерларни қўриқлаш;
- мавжуд ҳамма бошқарув органларига уларга топширилган вазифаларни бажаришда кўмаклашиш.

1920 йилнинг охирига келиб Туркистон АССР ҳудудида 34 та шаҳар, 26 та уезд ва 92 та район милиция бўлимлари мавжуд эди. Туркистонда Ички ишлар халқ комиссарлиги ҳузурида Милиция Бош бошқармаси таъсис этилгандан кейин унинг таркибида жиноят қидирув, темир йўл, саноат, сув ва маҳкама милицияси бўлимлари тузилди, шу билан бирга, ўлкадаги сиёсий вазиятдан келиб чиқиб, Туркистонда авж олаётган совет режимига қарши қуролли ҳаракатга қарши курашиш учун махсус кўнгилли милиция отрядлари ҳам (асосан маҳаллий аҳоли ҳисобига) ташкил этилди.
Ишчи-деҳқон милицияси жиноятчиликка қарши курашиш билан бир пайтда Марказ томонидан Туркистон АССР Ички ишлар халқ комиссарлигига юборилган қарор, буйруқ, фармойиш ва кўрсатмаларни ҳаётга татбиқ этишда асосий роль ўйнади.

Ишчи-деҳқон милициясининг фаолияти кўплаб зиддиятли ҳолатлар билан кечди, бир томондан, мавжуд тузум ундан ўз ҳокимиятини амалга оширишда асосий бўғин сифатида фойдаланган бўлса, иккинчидан, милиция органларининг асосий вазифаси бўлмиш халқ осойишталигини таъминлиш борасидаги фаолияти ҳам қониқарли даражада олиб борилмади. Милиция ходимларининг билим ва малакасининг пастлиги, уларнинг етарли тажрибага эга эмаслиги, моддий таъминот масаласидаги муаммоларнинг ўз вақтида ҳал этилмаслиги оқибатида милиция сафларида порахўрлик, тамагирлик, ўз хизмат вазифасини суиистеъмол қилиш ва ичкиликбозлик сингари ёмон иллатлар кучайиб кетди. 
Асосан европалик аҳоли вакилларидан тайинланган милиция бошлиқларининг маҳаллий аҳолининг тилини, урф-одатларини билмаслиги, халқ мурожаатларига беписанд муносабатда бўлиши, маҳаллий кадрларнинг камлиги халқнинг милицияга бўлган ишончини сўндириб борди. Бу каби салбий ҳолатлар совет тузумининг кейинги даврларида ҳам кузатилган.

 

Бухоро республикасида ички ишлар органлари (1920-1924 йй.)

1920 йил 30 августда Қизил армиянинг ҳужуми натижасида Бухоро амирлиги қулади. 1920 йил 2 сентябрда Умумбухоро Инқилобий қўмитасининг қарорига кўра, халқ милицияси ташкил қилина бошлади. Унинг бошлиғи этиб С.Юсупов тайинланди. Бухоро халқ совет республикаси (БХСР)нинг биринчи ички ишлар халқ нозири М.Саиджонов 1920 йил 14 сентябрдан ўз фаолиятини бошлади. Ички ишлар халқ нозирлиги таркибида Бош милиция бошқармаси ва Жиноят қидирув бўлими ташкил этилди. 1920 йил 15 сентябрда жиноят қидирув бўлимининг бошлиғи этиб А.Қурбонов, унинг ёрдамчиси этиб эса Ф.Мельцер тайинланди.

БХСР Ички ишлар нозирлигининг 1920 йил 25 сентябрдаги буйруғига кўра, Ишчи-деҳқон Милицияси Бош бошқармаси ташкил этилди. 1921 йил 17 январда Умумбухоро Марказий ижроия қўмитаси ва Халқ нозирлар кенгашининг “Ишчи-деҳқон милицияси ҳақида”ги декрети қабул қилинган. Унга кўра, ишчи-деҳқон милицияси катта ва кичик милиционерлар, жиноят қидируви бошлиқ таркиби, қидирув агентлари, канцелярия (девонхона) ва техник ходимлардан иборат бўлган.
Бухоро халқ совет республикаси (БХСР) Халқ нозирлар кенгашининг 1922 йил 5 мартда тасдиқланган “Жиноят қидирув бош бошқармаси ва милиция заҳиралари ҳақида”ги, 1923 йил 10 октябрдаги “Бухоро халқ совет республикасининг ички ишлар халқ нозирлиги ҳақида”ги қарорлари ички ишлар органларининг тузилиши, вазифа ва ваколатлари ҳамда улар фаолиятининг асосий йўналишларини белгилаб берган.

 

Хоразм Республикасида ички ишлар органлари (1920-1924 йй.)

1920 йил 30 апрелда халқ вакилларининг биринчи Бутунхоразм қурилтойида Хоразм халқ совет республикаси ташкил топганлиги эълон қилинди. Шу куни “Мамлакатда милиция бошқармасини таъсис этиш ва Хива шаҳрини ҳимоя қилиш тўғрисида” қарор қабул қилди. Унга кўра, Адлия нозирлиги қошида Милиция бошқармаси таъсис этилди. Биринчи ички ишлар нозири Н.Шоликоров 1920 йил 30 апрелдан ўз вазифасини бажаришга киришди.

Хива шаҳрида махсус милиция бошқармаси тузилиб, жойларда унинг бўлимлари ташкил этилди. Бўлимнинг асосий вазифалари контрреволюцияга қарши курашиш ҳамда шаҳарнинг ичкарисида жамоат тартибини сақлаш, жиноятчиликка қарши кураш ишлари билан шуғулланишдан иборат эди. Бўлим таркибига юзга яқин халқ милиционерлари кирар эди.
1923 йилнинг апрелига келиб милиция отряди 600 кишини ташкил этди (400 дан ортиқ отлиқ). Хивадан ташқари, яна 27 тага яқин милиция таянч пунктлари мавжуд бўлиб, у ерда 30 га яқин катта милиционерлар фаолият юритишарди. 1923 йил 5 ноябрда Хоразм Марказий ижроия қўмитасининг қарорига биноан, ички ишлар халқ нозирлиги ҳузурида фуқаролар хавфсизлигини қўриқлаш, инқилобий шароитларда тартиб-осойишталикни сақлаш, социалистик мулкчиликни муҳофаза қилиш мақсадида Республика Марказий Қўриқлаш бошқармаси ташкил этилди. 1924 йил 30 ноябрда Милиция бўлими Хоразм Инқилобий қўмитасининг тасарруфига ўтди.

Хоразм ва Бухоро халқ совет республикаларида ички ишлар органларининг тузилиши ва фаолияти турли қарама-қаршиликлар, зиддиятлар билан кечган. Жумладан, милиция органларини тузишда РСФСР ва Туркистон автоном ССРдаги каби бир хил “қолип” асосида, маҳаллий шарт-шароитлар, аҳолининг тарихан шаклланган турмуш-тарзи ва қарашлари ҳисобга олинмасдан иш кўрилди. Оқибатда, милиция органларидаги иш жараёни дастлабки кунларданоқ, муаммоларга, зиддиятларга тўла бўлди.

 

Ўзбекистон Совет Социалистик Республикасида ички ишлар органлари (1925-1939 йй.)

1924 йил охирларида Ўрта Осиёда миллий-ҳудудий чегараланишнинг ўтказилиши ва Ўзбекистон ССРнинг (1925 йилнинг февраль ойи) ташкил этилиши натижасида, Туркистон АССР, Бухоро ва Хоразм халқ совет республикалари ҳудудларида фаолият юритган ички ишлар органлари Ўзбекистон ССР Ички ишлар халқ комиссарлиги тасарруфига ўтказилди ва унга милиция ва жиноят қидирув бўлимларининг фаолияти устидан умумий назорат қилиш юклатилди.

Ўзбекистон ССР Ички ишлар халқ комиссарлигининг Марказий маъмурий бошқармаси қошида “Милиция ва жиноят қидирув” бўлими ташкил этилди. Унга 7 та (Тошкент, Фарғона, Самарқанд, Зарафшон, Қашқадарё, Сурхондарё ва Хоразм) вилоят бўлинмалари, битта туман-шаҳар (Тошкентнинг эски шаҳрида) бўлинмаси, 13 та туман (Мирзачўл, Қўқон, Андижон, Наманган, Жиззах, Хўжанд, Каттақурғон, Нурота, Кармана, Китоб, Шаҳрисабз, Ғузор, Бауман ва Сариосиё) бўлинмалари ва Самарқанд вилоятининг вокзалолди бўлинмаси бўйсунар эди.

Ички ишлар халқ комиссарлиги томонидан 1925 йил 1 декабрда “Ўзбекистон ССР Совет Ишчи-деҳқон милицияси ҳақида низом” қабул қилинади. Жумладан, унинг 1-бандида: “Ўзбекистон ССР Совет Ишчи-деҳқон милицияси марказий ва маҳаллий ҳокимиятнинг ижро этувчи органи бўлиб, улар томонидан инқилобий тартибни ҳимоя қилиш ва хавфсизликни таъминлаш юзасидан эълон қилинган қарор, буйруқ ҳамда фармойишларни ҳаётга татбиқ этади” деб кўрсатилган.

Бу даврда милицияга юклатилган вазифалар қуйидагилардан иборат бўлган: 

- инқилобий тартибни ҳимоя қилиш, фуқароларнинг шахсий ва мулкий хавфсизлигини таъминлаш; 
- юқоридан чиқарилган қонунлар, қарорлар, фармойиш ва декретларни ҳаётга татбиқ этишда иштирок этиш; 
- қамоқхоналарни қўриқлаш; 
- жиноятга қарши курашиш; 
- аҳоли пунктларидаги санитар ҳолатни назорат қилиш; 
- аҳолига паспорт бериш, почта орқали юборилган посилка ва пулли хатларни олишга доир тегишли ҳужжатларни расмийлаштириш ва йўқотилган ҳужжатларни қайта тиклаш; 
- маъмурий жарималарни ундириш; 
- қишлоқ хўжалигини назорат қилиш ва  қорамолларнинг сонини текшириб туриш.

1926 йил 23 сентябрда Ўзбекистон ССР Ички ишлар халқ комиссарлиги томонидан жиноят қидирув ва милиция органларининг фаолияти самадорлигини ошириш юзасидан қарор қабул қилинди. Унда “Барча вилоят маъмурий бўлим бошлиқларига жиноят қидирув ва милиция бўлимларини бирлаштириб, унга милиция бўлими бошлиғини раҳбар этиб тайинлаш вазифаси юклатилди”.

1930 йил 31 декабрда Ички ишлар халқ комиссарлиги фаолияти тўхтатилди. Бу ўзгаришлар натижасида милиция бошқармаси мавжуд штати билан бирга Халқ комиссарлари кенгаши тасарруфига ўтказилиб, вилоят, шаҳар ва туманлардаги милиция бўлимлари эса тегишли ҳудуд ижроия қўмиталарига бўйсундирилди.
1930 йилларда Собиқ Иттифоқда паспорт тизими жорий этила бошланди ва шу муносабат билан жойларда паспорт хизмати йўлга қўйила бошланди.

Ўзбекистон ССР Халқ комиссарлиги кенгашининг 1932 йил 3 апрелда ўтказилган йиғилишда “Ўзбекистон ССР Халқ комиссарлиги кенгаши ҳузуридаги ишчи-деҳқон милицияси бош бошқармаси тўғрисидаги низом” тасдиқланди. Низомда “Ишчи-деҳқон милицияси бош бошқармаси жамоат тартибини сақлаш ва инқилобий ҳукуматни ҳимоя қилишда ҳамда фуқароларнинг шахсий хавфсизлиги, мулкий дахлсизлиги ва уларнинг ҳақ-ҳуқуқини муҳофаза қилишда милиция органларига раҳбарликни амалга оширади” – деб кўрсатилган.
Дастлабки вақтларда милиция сафига қабул қилинган ёш ходимлар учун 2-3 ойлик тайёрлов курслари ташкил этилган, 1932 йилда ички ишлар органлари учун ҳуқуқшунос кадрлар тайёрлаб берувчи Тошкент ўрта-махсус милиция мактаби ташкил этилган.

СССР Марказий ижроия қўмитасининг 1934 йил 10 июлдаги қарорига асосан, Умумиттифоқ Ички ишлар халқ комиссарлиги қайта тузилди. Унга давлат хавфсизлик органлари ва Милиция Бош бошқармаси буйсундирилди.
1935 йилнинг ноябрь-декабрь ойларида милициянинг бутун раҳбар таркиби аттестациядан ўтказилиши, ходимлар учун махсус унвонлар ва нишонлар таъсис этилиши, раҳбар таркибнинг ҳуқуқ ҳамда вазифалари аниқ белгиланиши, ходимларни ишга тайинлаш ва бўшатиш тартиби ўрнатилди.

1936 йилнинг 3 мартда ички ишлар идоралари таркибида Давлат автомобиль инспекцияси хизмати ташкил этилди.

Ички ишлар халқ комиссарлиги оператив органларида раҳбарлар таркибига унвонлар махсус тайёргарлиги ва хизмат аттестациясидаги малакаси ҳамда иш стажига қараб бериларди. Хизматни ўташ учун қуйидаги махсус унвонлар белгиланди: милиция сержанти, милиция кичик лейтенанти, милиция лейтенанти, милиция катта лейтенанти, милиция майори, милиция катта майори, милиция инспектори, милиция директори ва милиция бош директори.

 

Иккинчи жаҳон уруши йилларида ички ишлар органлари (1941-1945 йй.)

Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган ғалаба учун бошқа халқлар қатори, ўзбек халқи ҳам катта қурбонлар берди. Фронт жанггоҳларида ҳалок бўлган 400 мингга яқин ўғлонлардан ташқари, яна юз минглаб кишилар меҳнат жабҳасида нобуд бўлишди.
Ўзбекистон милицияси, шу жумладан, Тошкент милиция мактаби ҳам кўплаб мард Ватан ҳимоячиларини тарбиялаб етиштирди. Улар фронтларда каҳрамонона жанг қилиб, босқинчиларни аёвсиз қирди.

Тошкент милиция мактаби оператив ходимлар тайёрловчи асосий базалардан бири бўлиб қолди. Кадрлар етишмаслиги туфайли ўқиш муддати тўққиз ой бўлган асосий бўлимдан ташқари, 3 ой, 20 кунлик курслар ташкил этилди.
Уруш шароитидан келиб чиққан ҳолда, давлат ташкилотларининг структураси, уларга юклатилган вазифа ва ваколатларда бир қатор ўзгаришлар амалга оширилди. 1941 йил февраль ойида СССР Ички ишлар халқ комиссарлиги ва унинг жойлардаги бўлимлари иккига, яъни Ички ишлар халқ комиссарлиги ва Давлат хавфсизлик комиссарлигига бўлинди.

Уруш шароитида шахсий таркибнинг қисқартирилиши жиддий қийинчилик туғдирарди, бу қийинчиликларни енгиш учун милиция органларини тўлдириш юзасидан шошилинч чоралар кўриш лозим эди. Кўп ҳолларда милиция сафлари ҳарбий комиссарликлар орқали ярадор бўлиб фронтдан қайтиб келган кишилар, соғлиғи ва ёши туфайли армияда хизмат қилиши чекланган шахслар ва аёллар ҳисобига тўлдирилар эди. Масалан, 1942 йилдан 1945 йилгача Тошкент милиция мактабининг курсантлари таркиби маълум даражада хотин-қизлар ҳисобига тўлдириб борилди. Бу даврда хотин-қизлар салмоғи мактаб курсантлари умумий сонининг 60 фоизини ташкил қиларди.
Милиция шахсий таркибида кадрларга эҳтиёжни қисман бўлса-да, тўлдириш мақсадида Ўзбекистон ССР Ички ишлар халқ комиссарлиги томонидан 1941 йил 27 июнда махсус буйруқ чиқарилиб, унга асосан, Тошкент милиция мактабининг иккинчи курс талабалари июнь ойида (68 нафар), 4 октябрда эса биринчи курс талабалари (72 нафар, шундан 40 таси аёллар) муддатидан олдин ўқишни тугатиб, милиция органларида хизмат қилиш учун йўлланма олдилар.

Иттифоқ миқёсида халқ хўжалигининг ҳарбий изга ўтказилиши жараёнида Ўзбекистон ССР Ички ишлар халқ комиссарлиги томонидан 1941 йил 30 июнда “Ички ишлар шахсий таркиби ходимларига таътил беришни бекор қилиш ва таътилдаги ходимларни хизматга чақириб олиш тўғрисида”ги буйруқ эълон қилинди. Ушбу буйруқ асосида 1 июль куни Ўзбекистон ССР Ички ишлар халқ комиссарлиги томонидан барча вилоятларга тариб-интизом ва хавфсизликни мустаҳкамлаш, жиноят қидирув борасида олиб борилаётган тезкор тадбирларни янада кучайтириш ҳамда милиция органларида раҳбарларнинг суткалик навбатчилигини ташкил этиш, жиноят содир этилган жойларда ҳудудий раҳбарларнинг бевосита иштирокини таъминлаш тўғрисида кўрсатмалар тарқатилди. Натижада ички ишлар ходимларига юклатилган вазифа ва ваколатлар доираси янада кенгайтирилди.
1941 йил 20 июлда СССР Олий Кенгаши Президиумининг Давлат хавфсизлиги комиссарлиги ва Ички ишлар халқ комиссарликларини ягона Ички ишлар халқ комиссарлигига бирлаштириш тўғрисидаги фармони эълон қилинди.

1943 йил 9 февралда СССР Олий Кенгаши Президиумининг қарорига мувофиқ, милиция шахсий таркиби учун махсус унвон ва погонлар жорий этилди. Қарорда қуйидаги унвонлар назарда тутилди: 
3-ранг (даражали) милиция комиссари, 
2-ранг милиция комиссари
1-ранг милиция комиссари унвонлари бўлиб, 1-даражалиларга – юқори раҳбарлар таркиби, яъни милиция майори, подполковниги (кичик) ва полковник унвонлари (катта бошлиқлар таркиби ҳисобланган), 2-даражалиларга милиция кичик лейтенанти, лейтенант, катта лейтенант ва капитан унвонлари (ўрта бошлиқлар таркиби), 3-даражалиларга (кичик бошлиқлар таркиби) милиция кичик сержанти, сержант, катта сержант, сержантлар каттаси ва оддий таркибга – милиция ефрейтори унвони кирган.

1943 йил апрелда эса Ички ишлар халқ комиссарлиги яна иккита алоҳида мустақил комиссарликка ажратилади. Бундан кўзланган асосий мақсад “мамлакатда жамият ва давлат хавфсизлигини таъминлаш, чет эл агентураси фаолияти ва жиноятчиликнинг олдини олишдаги ишларни такомиллаштиришдан иборат” деб кўрсатилди.
Урушнинг дастлабки кунлариданоқ, республика милициясининг кўплаб ходимлари кўнгилли равишда ҳаракатдаги армия сафига қўшилдилар.

Хусусан, уруш бошланган илк ойларда Ўзбекистон ССР Ички ишлар халқ комиссарлигининг буйруғи асосида республика бўйича раҳбарлик лавозимларида фаолият юритаётган ходимлардан 57 нафари тезкор равишда Қизил армия сафларига юборилди. Улардан ташқари, Тошкент милиция мактаби тингловчиларининг 60 фоизи, командир-ўқитувчиларининг 30 фоизи, Самарқанд милиция органлари ходимларидан 1 489 киши, Тошкент Темир йўли милицияси бўлимининг 204 нафар энг яхши ходимлари ўзбек миллий дивизицияси, шунингдек, генерал Панфилов дивизияси сафида жангга кирдилар.

Уруш йилларида ички ишлар органларига юклатилган вазифалар ҳажми доимий равишда янада ортиб бориб, Ўзбекистон милициясига ҳам янги махсус топшириқлар берилди.
Жумладан, халқ хўжалиги объектларини қўриқлаш, меҳнат фронти ва меҳнат фаолияти сафарбарлигидан бош тортиш ҳолатларига қарши курашиш, турли ҳудудлардан эвакуация қилинганларни назорат қилиш (улар томонидан тарқатилиши мумкин бўлган нотўғри ахборотларнинг ёйилишининг олдини олиш), ҳарбий юкларни талон-тарож қилишнинг олдини олиш, озиқ-овқат ва саноат маҳсулотлари ҳамда озиқ-овқат карточкалари олди-сотдисини назорат қилиш, болаларнинг қаровсизлиги ва назоратсизлигига қарши кураш олиб бориш, яқинлари билан алоқа узилган инсонларга уларни топишда амалий ёрдам кўрсатиш ва бошқалар.
1942 йил 23 январда СССР Олий Кенгаши президиумининг “Ота-онасиз қолган болаларни тегишли муассасаларга жойлаштириш тўғрисида”ги қарори асосида маҳаллий ижроия кўмиталарида махсус комиссиялар ташкил этилди.

Бу комиссиялар ички ишлар органлари билан биргаликда фаолият юритиб, улар ота-онасиз қолган болаларни тарбиялаш ва тегишли муассасаларга жойлаштириш, уларни иш билан таъминлаш баробарида, вояга етмаганларнинг ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қилиш ва назоратсиз қолишининг олдини олиш билан шуғулланиши жараёнида милиция ҳузуридаги болаларни қабул қилиш ва тақсимлаш хоналарининг сони кўпайди. Милиция ходимлари эвакуация қилинган болаларни қабул қилиб олиш, ота-онасиз қолган болаларни топиш ва жойлаштиришда самарали фаолият юритишди.

Тошкент темир йўлида болалар инспекторлари ва транспорт милициясининг ходимлари томонидан 1944 йилда поезд ва бекатларда 20 690 уйсиз ва ота-онасиз қолган болалар аниқланиб, махсус муассасаларга жойлаштирилдилар. Ички ишлар органларида эвакуация қилинган болаларни жойлаштириш ишларини такомиллаштириш мақсадида, 1941 йил ташкил этилган Милиция бош бошқармаси паспорт бўлими марказий маълумот бюроси уларнинг доимий яшаш жойларини ҳам рўйхатга олиб борган.
Уруш йилларида Иттифоқ миқёсида мазкур бюрога қариндошларининг турар жойларини сўраб 3,5 миллион хат орқали мурожаатлар тушган бўлиб, милиция ходимлари 2 861 000 нафардан зиёд инсонларнинг янги манзилларини хабар қилган. Ундан ташқари, 20 000 нафардан кўп йўқолиб қолган болалар топилиб, ота-оналари бағрига қайтарилган. Маълумотларда кўрсатилишича, урушнинг илк кунларидан 1943 йил май ойигача Иттифоқ миқёсида 190 000 нафар бола ота-онаси билан алоқани йўқотган. Бундай ота-оналар ва болаларга ёрдам кўрсатиш ҳар бир ички ишлар ходимидан катта масъулият талаб қилган. Сурхондарё вилояти милиция ходимлари ҳам бундай тадбирларда фаол иштирок этиб, 1944 йил ва 1945 йилнинг биринчи чорагида 1 422 нафар қаровсиз қолган болаларни ўз уйлари ва бошқа тегишли тарбия масканларига жойлаштирганлар.

Умуман олганда, уруш йилларида турли ҳудудларда тузилган махсус комиссиялар томонидан ёш болаларнинг қаровсизлиги ва назоратсизлигини тугатишга қаратилган кўплаб тадбирлар ўтказилиб, йирик аҳоли яшаш пунктлари, темир йўл ва бошқа жойларда милиция ҳузуридаги болаларни қабул қилиш ва тақсимлаш хоналарининг сони кўпайтирилди. Бу хоналарнинг асосий вазифаси қаровсиз қолган болаларни топиш, тарбиялаш, бундай ҳолатларнинг сабабини ўрганиш, таҳлил қилиш, айбдор шахсларни прокуратура ва милиция ходимлари ёрдамида жавобгарликка тортиш, қаровсиз қолган болаларнинг ота-онаси ёки яқинларини топиш, улар билан алоқа ўрнатиш ва етказиб бериш ҳамда бошқалар ҳисобланган.

Бу даврда қаровсиз болаларнинг сони жуда ошиб кетди. Қаровсиз ва назоратсиз қолган болаларни топиш ва улар орасида кучайиб кетган жиноятчиликни камайтиришда ички ишлар органлари самарали фаолият юритди. Ички ишлар органлари ҳузуридаги болаларни қабул қилиш ва тақсимлаш пунктлари Ўзбекистондаги бир қатор йирик шаҳарлар, жумладан, Тошкент, Самарқанд, Андижон, Фарғона ва бошқа шаҳарлардаги темир йўл вокзаллари ҳамда аҳоли кўп йиғиладиган жойларда ташкил этилиб, улар доимий равишда фаолият юритди. Олиб борилган тадбирлар натижасида уруш йилларида ёш болалар орасидаги жиноятчилик анча камайди.

Уруш шароитида юзага келган иқтисодий қийинчиликлар оқибатида ижтимоий муаммолар кескинлашиб, аҳолининг бир қатор маҳсулотларга бўлган эҳтиёжи ошиб кетди. 1941 йил 18 июлда СССР Олий Кенгаши президиуми томонидан айрим озиқ-овқат ва аҳоли учун зарур бўлган саноат маҳсулотларини муайян нормада карточка орқали тарқатиш (сотиш) ҳақидаги қарори қабул қилингандан сўнг, аҳоли орасида ноқонуний савдо муносабатларининг кучайиши, озиқ-овқат ва карточкаларни олиб келиш ҳамда босмахонада босиш вақтида уларни ўғирлаш ҳолатлари кузатилди.

Карточка тизими жорий этилгандан сўнг жиноятчиликнинг янги турлари ривожлана бошлади. Уни бартараф этиш мақсадида, 1942 йил 20 мартда “Аҳолидан озиқ-овқат маҳсулотларини ўғирлаш ва шу турдаги жиноятларга қарши курашиш тўғрисида” СССР Ички ишлар халқ комиссарлиги Милиция бош бошқармасининг буйруғи чиқарилди. Унга асосан, умумий фойдаланиш жойлари ва транспортларда, магазин ва бозорларда озиқ-овқат ва саноат карточкаларини ўғирлаш ва тақсимлашдаги суистеъмолликлар ҳамда қалбаки карточкалар тайёрлашга қарши кураш борасида амалий чоралар кўрилди. Масалан, Тожикистон милиция органлари билан биргаликда, озиқ-овқат карточкаларини босма усулда тайёрлаш билан шуғулланган бир гуруҳ жиноятчилар фош қилинди. Жиноятчилардан кўп миқдордаги сохта талонлар ва пул тортиб олинди. Тергов ва суриштирув ишлари давомида Душанбе ва Тошкент шаҳарларидан босма станоклар топилди. Шунингдек, бу жиноятчилар гуруҳи томонидан қисқа вақт ичида 500 тоннадан ортиқ нон ўғирланганлиги маълум бўлди.

Бундай жиноятлар орасида Ўзбекистон ҳудудида содир этилган йирик жиноятлардан бири Тошкент шаҳар милиция ходимлари томонидан 1944 йил 29 декабрда фош этилди. Жиноят қидирув бўлими инспекторларининг тезкор тадбирлари натижасида 400 тонна нон маҳсулотларини олишга мўлжалланган қалбаки карточкаларни ишлаб чиқарган ва улардан фойдаланган жиноий гуруҳ ушланди.

Тергов ишлари жараёнида ўтказилган тинтувлар натижасида улардан 12 миллион рубль нақд пул, 2 100 та олтин танга ва бошқа қимматбаҳо буюмлар тортиб олинди. Улар томонидан содир этилган жиноятлар исботланиб, жиноий гуруҳнинг барча аъзолари олий жазога ҳукм қилинди.
Ўзбекистон Коммунистик партияси марказий қўмитаси ва Ўзбекистон ССР халқ комиссарлари кенгаши томонидан “Барча турдаги дон маҳсулотларини етказиб бериш режасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилингандан кейин (1943 йил 18-20 ноябрь), ички ишлар органларига жойларда дон маҳсулотларини талон-тарож қилинишининг олдини олиш, уларни қабул қилиш ва топшириш пунктларида назорат ўрнатиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш жойларини қўриқлаш, дон ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экиш ва йиғиштириб олишда иштирок этиш вазифалари юклатилди.

1944 йилда Ўрта Осиёнинг бир қатор шаҳарлари – Тошкент, Олмаота, Фрунзе, Чимкентда уюшган жиноятчилик кучайиб, улар томонидан қасддан одам ўлдириш, босқинчилик, талончилик сингари оғир ва ўта оғир турдаги жиноятлар содир этилган.
Криминноген шароитни яхшилаш мақсадида, СССР Ички ишлар халқ комиссарлиги томонидан Тошкент шаҳар Жиноят қидирув бўлимига марказдан махсус тайёрланган ходимлар юборилди. Уларнинг маҳаллий ходимлар билан биргаликда олиб борган тезкор тадбирлари натижасида қисқа муддатда Тошкент шаҳри ва унинг атрофидаги ҳудудлардан 102 та қуролли жиноятчилар қўлга олинди, улар орасидан айримлари (жамият учун хавфли деб топилганлари) олий жазога ҳукм қилинди. Натижада Тошкент шаҳрида оғир жиноятлар содир этилиши ҳолатлари бирмунча камайтирилди, уюштирилиши мумкин бўлган жиноятларнинг олди олинди.

Иккинчи жаҳон уруши йилларида ички ишлар органларининг фаолияти кўплаб қийинчиликлар билан кечди. Сабаби уруш ҳолати эълон қилингандан кейин республика ички ишлар органлари малакали ходимларининг катта қисми фронтга ва бошқа жойларга сафарбар қилинган эди.
Фашистларга қарши жангларда ички ишлар органлари ходимлари юксак қаҳрамонлик ва жасурлик тимсолини намоён этди. Улар Украина, Белоруссия, Ленинград, Харьков, Курск ёйи, Шимолий ва Ғарбий ҳамда бошқа фронтларда иштирок этиб, катта матонат ва мардлик намуналарини кўрсатдилар.

Ана шундай ватанпарвар республика ички ишлар органлари ходимларидан Мўйдин Ҳасанов, Ғани Валиев, Тожибой Ражапов, Олимбой Омонбоев, Уммат Убайдуллаев, Дина Люжаровская, Нина Красикова, Ғани Усмонов, Раҳмон Абдуллаев, Набижон Акбаров, Парда Омонтурдиев, Нурхон Абдуллаев, Василий Асачьев, Жума Бекбоев, Шермурот Бебитов, Менгли Эргашев, Петр Звездин, Йўлдош Исмоилов, Владимир Ким, Бобоқул Муротов, Ғофур Менглибоев, Юсуф Маматқулов, Хуррам Муртозоев, Ҳайдар Маҳмудов, Холиқ Мардонақулов, Эрон Наврўзов, Эшмўмин Нукаров, Нурмамат Норматов, Инсаф Нуриев, Дадақўзи Атақўзиев, Асил Расулов, Темур Равшанов, Ражабали Сатторов, Жума Суюндуков, Ғофур Тўрақулов, Мусурмонқул Тўраев, Эгамберди Хўжанов, Жума Холлиев, Рўзи Шахаев, Роман Якимов, Хамид Аҳмедов, Тожибой Режапов, Маматқул Сураев, Саидаҳмад Исаев, Акмал Ғозиев, Кимсан Қамбаров, Владимир Бистревский, Евгений Шанин, Каримжон Нажиев, Хидир Давиров ва бошқаларнинг номини келтириш мумкин.
Улар жанглардаги қаҳрамонликлари учун давлат орденлари ва медаллари билан тақдирланганлар. 

Республика ички ишлар органларида турли раҳбарлик лавозимларида хизмат қилган Ғ.Раҳимов уруш қатнашчилари ҳақида: “Уруш иштирокчилари, уруш қаҳрамонлари бўлган кишилар милициянинг ҳам қаҳрамонлари эдилар. Улар худди урушдаги каби ўз жонларини аямасдан жиноятчиликка қарши кураш олиб бордилар. Уларнинг ички ишлар органларидаги кейинги фаолиятида ҳам доимий равишда ўз хизматига содиқлиқ, жонбозлик, қатъиятлилик, матонатлилик, фидоийлик хислатлари намоён бўлди” дея таъкидлайди.
Ўзбекистон Совет Социалистик Республикасида ички ишлар органлари (1950-1989 йй.)

Урушдан кейинги дастлабки йилларда республика ҳукумати олдида милицияни ташкилий жиҳатдан мустаҳкамлаш, унинг сафларини тўлдириш ва ходимлар тайёрлаш, милициянинг фаолиятини такомиллаштириш вазифалари турар эди. Барча милиция органларида ходимлар етишмасди, айниқса, уни малакали ходимлар билан тўлдириш қийин эди.
Республика милиция органларида ишловчиларнинг, айниқса оддий милиционерларнинг умумий таълим даражаси паст эди. Чунончи, 1945 йил ўрталарида Тошкент гарнизонининг шахсий таркиби орасида милиционерларнинг салкам 20 фоизи бутунлай саводсиз бўлса, офицерларнинг 32 фоизи 7 синф ҳажмида ва ундан ҳам камроқ маълумотли эди. Шу боисдан Ўзбекистон ССР Ички ишлар вазирлиги махсус кечки ўрта мактаблар ёки алоҳида синфлар ташкил қилди, уларда ички ишлар органларининг ходимлари ўқиб, ўрта маълумот олдилар. 

1946 йил мартда Ички ишлар халқ комиссарлигининг номи Ички ишлар вазирлиги деб ўзгартирилди. 
1948 йил февраль ойида Ўзбекистон милиция органларида тергов бўлимлари ва бўлинмалари тузилди. 1953 йил 27 мартда шўро ҳукуматининг Вазирлар Кенгаши “Жамоат тартибини сақлашни ва жиноятларга қарши курашни кучайтириш чоралари тўғрисида”ги қарор қабул қилди. Унга кўра, Ички ишлар министрлиги ва Давлат хавфсизлиги комиссарияти Ички  ишлар министрлигига бирлашди.

1962 йил 22 февралда иттифоқдош республикалар ички ишлар вазирликларининг номи Жамоат тартибини сақлаш вазирлиги деб ўзгартирилди. 
1968 йил 25 ноябрдаги СССР Олий кенгаши раёсатининг фармони билан СССР Жамоат тартибини сақлаш вазирлиги яна Ички ишлар вазирлигига айлантирилди. Ўзбекистон ССР Олий кенгаши раёсатининг 1968 йил 4 декабрдаги фармони билан Ўзбекистонда ҳам шаҳар, туман ички ишлар бошқарма ва бўлимлари ташкил этилди ва унинг таркибига милиция аппарати, қўриқлаш бўлими, давлат ёнғин назорати, ахлоқ тузатиш ишлари инспекциялари киритилди.
Собиқ иттифоқ давридаги кадрлар сиёсатининг жиддий хатоларидан бири марказ томонидан миллий республикаларга, жумладан, Ўзбекистонга маҳаллий шароитни билмаган кадрларнинг юборилиши билан боғлиқ эди.

Масалан, 1983-1989 йилларда “Ўзбекистонда социалистик қонунчиликни тиклаш” шиори остида Ички ишлар вазирлигига собиқ советлар мамлакатидан ҳаммаси бўлиб 150 нафар ходим жўнатилади. Ўзбекистон ССР ИИВ таркибида ишлаган шовинистик кайфиятдаги бу кишилар ҳеч қачон маҳаллий аҳоли ҳақида қайғурмаган, балки ўзлари каби “ўзбек иши” деган бўҳтон баҳонасида прокуратура ва суд тизимига туширилган “десантчилар” билан тил бириктириб, ўзбек халқини марказга ёмонлаш эвазига ўз хизмат пиллапояларидан кўтарилишни ўйлашган. Ўша йилларда ички ишлар вазирининг ўринбосари бўлган марҳум истеъфодаги генерал-майор Ғ.Раҳимовнинг далилларига кўра, вазирлик таркибидаги 27 бошқарма ва бўлимдан бор-йўғи иккитасинигина ўзбек миллатига мансуб кишилар бошқарган. У ҳам бўлса, хўжалик ва тиббиёт бошқармалари эди.

1983-1989-йилларда Ўзбекистонда фаолият олиб борган собиқ иттифоқ Бош прокуратурасининг алоҳида муҳим ишлар бўйича тергов гуруҳи (Т.Гдлян ва Н.Иванов бошчилигида) томонидан тўқиб чиқарилган “Пахта иши” ва “Ўзбек иши” деб номланган уйдирмалари асосидаги қатағон оқибатида республика ички ишлар органларининг кўплаб раҳбар ва ходимларнинг ноҳақ ҳибсга олиниши ҳолати жуда ачинарли ҳолдир.

Дарҳақиқат, 1983-1989 йиллар халқимиз учун ниҳоятда оғир йиллар бўлган. Ўзбекистонни аграр республикадан саноати ривожланган, собиқ иттифоқда ягона саналган қатор-қатор завод-фабрикалари ва малакали кадрларга эга республикага айлантирган беназир инсон Шароф Рашидовнинг бевақт ўлимидан сўнг, Ўзбекистонда қатағон қиличини ишга солишга шай бўлиб турган кучлар томонидан туҳмат тошлари отила бошланди.

Бу даврда биргина “Пахта иши” (бошқа ишлар ҳам бор эди) бўйича 22 мингга яқин киши ҳибсга олинган. Улар орасида, кўплаб ички ишлар идораларининг жонкуяр ва фидойи ходимлари ва уларнинг оила аъзолари бор эди. 
СССР Бош прокуратураси ўта муҳим ишлар бўйича катта терговчилари Т.Гдлян ҳамда Н.Иванов тергов гуруҳига бошлиқ этиб тайинланди ва уларга жуда катта ваколат берилди, ўз фаолиятини олиб бориш учун ҳатто ҳарбий техника, вертолёт, қуролланган аскарлар ҳам бириктириб қўйилди. Шу тариқа улар Ўзбекистонда мисли кўрилмаган зўравонликдан иборат жирканч фаолиятини бошлаб юборишди.

Тергов гуруҳи бирин-кетин Бухоро вилояти ИИБ бошлиғи генерал А.Норов ва унинг икки ўринбосари – полковник Ш.Раҳимов, подполковник В.Мулин, сўнгра генераллар Х.Норбўтаев, С.Собиров, полковниклар Т. Ҳайитов, И. Позилхонов, М.Алимов ва Ички ишлар вазирлигининг бир қатор ходимларини тўқиб чиқарилган айбловлар билан ҳибсга олдилар.
Кейинчалик ушбу жараён бутун республика бўйлаб давом эттирилди. Натижада, ўнлаб ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларининг раҳбар ходимлари ҳамда уларнинг ортидан бошқа кўплаб ходимлар турли туҳматлар қурбонларига айланишади.

Мазкур жиноий гуруҳнинг кирдикорларини ва улардан азият чекканлар ҳақида барча маълумотларни ҳуқуқшунос В.Илюхиннинг “Қабоҳат ёхуд “Ўзбеклар иши” деган уйдирма хусусида” ҳужжатли эссеси, ёзувчи Исфандиёрнинг “Инқироз ёхуд генераллар ўйини” романи, ҳуқуқшунос, жабрдийда Т.Қаҳрамоновнинг “Иблис исканжасида 1643 кун” номли ҳужжатли романи, А.Усмоновнинг “Кабоҳат салтанати” рисоласи ва бошқа кўплаб мақолалардан ўқиб танишиш мумкин.
Мустақиллигимизнинг илк йиллариданоқ Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти И.Каримовнинг бевосита ташаббуслари билан юқорида кўрсатилган барча жабрланганлар тўлиқ оқланиб ҳақиқат қарор топади.

Совет Иттифоқи тузуми даврида турли йилларда ички ишлар органлари тизимида кўплаб структуравий ўзгаришлар қилинган бўлса-да, аммо моҳият ўзгармаган, республика ички ишлар вазирлиги мустақил ҳаракат қилолмас, Иттифоқ ички ишлар вазирлигининг ҳудудий органи сифатида фаолият олиб борар эди. Натижада, оддий халқ ички ишлар органларига ишончсизлик билан қарар, ички ишлар органлари совет тузумининг мажбурлов ва жазо органига айланиб қолган эди.

III. Мустақиллик йилларида Ўзбекистонда ички ишлар органлари тизимидаги ислоҳотлар

 

- Ички ишлар органларидаги дастлабки ўзгаришлар (1991-1998 йй.)

- Ички ишлар органларининг такомиллаштирилиши (1999-2016 йй.)

- Бош мақсад – халқ манфаатларига хизмат қилиш (2016 йилдан ҳозирга қадар).

 

Ички ишлар органларидаги дастлабки ўзгаришлар (1991-2009 йй.)


Давлат мустақиллигининг қўлга киритилиши ва ўтиш даврида ички ишлар органларининг моддий-техник аҳволини яхшилаш, малакали миллий кадрлар тайёрлаш тизимини жорий этишга қаратилган дастлабки ўзгаришлар амалга оширилди.
Жумладан, 1991 йил 25 октябрда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 270-сонли қарори асосида Ўзбекистон ССР ИИВ – Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигига айлантирилди. Қарор билан вазирлик Низоми ва структураси тасдиқланди. Кейинчалик ушбу сана мамлакатимизда ички ишлар органлари ходимлари куни сифатида белгиланди.

Мазкур даврларга ҳамоҳанг равишда, 1989-1990-йиллар мобайнида мамлакатимизда бозор иқтисодиётига ўтиш билан боғлиқ жуда оғир бир давр ҳукм сурарди.
Ҳар бир соҳада бўлгани каби, ички ишлар органлари тизимида ҳам кенг қамровли ишлар, улкан вазифалар, ечимини кутаётган муаммолар мавжуд эди. Бундай вазиятдан ўз манфаатлари йўлида фойдаланишга уринган айрим кимсаларнинг ноқонуний қилмишлари натижасида гиёҳвандлик, диний экстремизм, босқинчилик каби оғир жиноят турларининг сони кўпайиб кетди.
Бундан эса, айрим чет давлатларда фаолият юритаётган экстремистик ташкилотларнинг жирканч мақсадли раҳнамолари томонидан фойдаланишга уриниб, республикамиз ҳудудида мавжуд криминоген вазиятни издан чиқаришга, аҳолини ваҳимага солишга, ҳуқуқни мухофаза қилувчи органлар ходимларига нисбатан ишончсизлик уйғотишга ҳамда уларни қўрқитиш ва бўйсундиришга бўлган амалий ҳаракатлар қилинарди.

Лекин шуни алоҳида қайд этиш ўринлики, мазкур оғир синовли даврларнинг барчасида ҳам, ички ишлар органларининг мард ва жасур, юрагида ўти бор, шижоатли ходимлари томонидан Ватан ҳимояси йўлида ўз жонларини аямай, жиноятчиликка қарши мардонавор кураш олиб борилди. Оғир дамларда доимий равишда ўз хизмат бурчига содиқликни, жонбозликни, қатъиятлиликни, матонатлиликни, фидойилик хислатларини намоён этдилар.
Бу ҳақдаги аниқ фактларни эса республикамиз ҳудудида 1989-2010  йиллар давомида содир этилган террорчилик, қўпорувчилик ҳамда турли оммавий тартибузарликларда кўришимиз мумкин. Мазкур хунрезликларга қарши ички ишлар органлари ходимлари томонидан юксак даражадаги мардлик ва фидойилик билан кураш олиб борилганлиги натижасида уларнинг аксарияти мардларча ҳалок бўлганлигига гувоҳимиз. 

Буни қуйидаги аниқ мисолларда кўришимиз мумкин бўлади:

1989 йил 3-12 июнь кунлари Фарғона вилоятида оммавий тартибсизликлар юзага келиб, унда Марғилон, Тошлоқ, Қўқон, Фарғона ва Қувасой шаҳарларида ҳамда Фарғона, Охунбобоев ва Ўзбекистон туманларида яшовчи турк-месхетин миллатига мансуб фуқароларга нисбатан қотиллик, уларнинг мол-мулкларига нисбатан талончилик жиноятлари содир этилиб, уй-жойлари ёқиб юборилган. Деярли 70 мингдан ортиқ фуқаролар қатнашган мазкур тартибсизликларнинг ички ишлар идоралари ходимлари томонидан янада ривожланиб кетишининг олди олиниб, кечаю-кундуз олиб борилган амалий ҳаракатлар натижасида мазкур тартибсизликлар тўла бартараф этилишига эришилган;

1990 йил 19-21 февраль кунлари Тошкент вилоятининг Бўка туманида  оммавий тартибсизликлар юз бериб, “Октябрьнинг 40 йиллиги” совхози ва  “Қорабоғ” қишлоғида истиқомат қилган турк-месхетинлари билан боғлиқ жанжаллар авж олади. Мазкур таррибсизликлар ҳам айнан ички ишлар органларининг фидокорона хизматлари билан тўла бартараф этилиб, 2000га яқин турк месхетинлари хавфли ҳисобланган зонадан Паркент тумани ҳудудига эвакуация қилинади ҳамда “Кумушкон” санаториясига жойлаштирилган;

Шу йилнинг 2-3 март кунлари ҳам бир гуруҳ шахслар турк месхетинларнинг санатория ҳудудидан олиб чиқиб кетилишини талаб қилиб, оммавий тартибсизликларни давом эттиришлари оқибатида 4 нафар шахс, жумладан, 1 нафар милиция ходими ўлдирилади. Ушбу тартибсизликларнинг бартараф этилишида юзлаб ички ишлар органлари ходимлари турли даражадаги тан жароҳатларини олишган;

1991 йил 9 декабр куни Наманган шаҳар ҳудудида жойлашган масжидлар атрофида “ваҳҳобий” диний экстремистик оқими аъзолари томонидан 1000 га яқин диндорлар ва маҳаллий аҳоли тўпланиб, шаҳар ҳудудидаги катта йўллар тўсиб қўйилади, аҳолига оммавий иш ташлаш уюштиришлари кераклиги даъват этилади, шунингдек, вилоят ҳокимлиги биноси атрофига аҳолини тўплаб, Ўзбекистон Республикаси биринчи Президенти И.Каримовнинг келишини талаб қилишган. Ички ишлар органлари ходимлари томонидан махсус профилактик-амалий тадбирлар зудлик билан олиб борилиб, мазкур жараённинг оммавий тартибсизликларга айланиб кетишининг олди олинади;

1994 йилнинг 5 май куни Наманган вилояти, Учқўрғон тумани ҳудудида жойлашган 4-сонли Божхона блок постида хизмат олиб бораётган милиция ходими Б.Кучкаров диний-экстремистик оқим аъзоларининг ҳужумига фаол қаршилик кўрсатиб, юз берган отишмада хизмат бурчига содиқ ҳолда, қаҳрамонларча ҳалок бўлади;

1997 йил 24 март куни Наманган шаҳри ҳудудида хизмат олиб бораётган икки нафар вилоят ИИБ ходимлари А.Турсунов ва С.Олимовлар ДЭО аъзоси, Наманган шаҳар Қоракўл кўчаси 14-уйда рўйхатда турган 1967 й.т., А.Йўлдошев ва унинг шериклари билан юз берган отишмада мардларча ҳалок бўлишади. Ушбу отишма жараёнида етти нафар жиноятчи отиб ўлдирилган, А.Йўлдошев эса яраланиб, қўшни Қирғизистон ҳудудига қочиб ўтишга муваффақ бўлган. 1998 йилда А.Йулдашев Қирғизистон Республикаси ҳудудида олиб борган террорчилик ҳаракати давомида отиб ўлдирилганлиги маълум бўлган;

1998 йил 17 декабрь куни Хоразм вилояти Ҳазорасп туманининг Туркманистон билан чегара худудида икки нафар террорчилик гуруҳи жангарилари томонидан ушбу ҳудудда хизмат олиб бораётган чегара қўшинлари ва ИИБ ходимларига нисбатан уюштирилган қуролли ҳужум натижасида ИИБ ходимлари А.Қувондиқов ва М.Машариповлар яраланган, шунингдек, 29 декабрь куни тўрт нафар террорчилик гуруҳи аъзолари билан вилоятдаги «Газ Ачик» ҳудудининг Туркманистон билан чегарадош қисмида содир бўлган отишма натижасида божхона хизмати ходими Б.Авезов ва ИИБ ходими С.Ишниязовлар мардларча ҳалок бўлишган;

1999 йил 16 февраль куни Тошкент шаҳрида мудҳиш портлашлар содир бўлди. Ш.Рашидов кўчасида қолдирилган 2 та автомашинага жойлаштирилган портловчи мосламалар ҳаракатга келтирилиб, қўпорувчилик ҳаракати амалга оширилганлиги, соат 10:55да Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси биноси олдида «ГАЗ-21» русумли автомашинага ўрнатилган портлаш мосламаси ҳаракатга келтирилиши, соат 11:00да Х.Юсуф кўчасида «ЗАЗ» русумли автомашинага ўрнатилган қўлбола портлаш мосламаси портлатилиши, соат 11:20да Марказий Банк биноси олдида «Ауди-100» русумли автомашина ҳамда соат 12:00да Яккасарой тумани А.Қаҳҳор кўчаси 22-уйнинг портлатилиши ҳолатлари юз беради. Мазкур қўпорувчилик ҳаракатлари натижасида 13 нафар бегуноҳ одамлар, жумладан, 1 нафар ички ишлар органи ходими вафот этишган, 128 нафарига эса, турли даражадаги тан жароҳатлари етказилган. Кейинчалик мазкур мудҳиш воқеаларнинг барча иштирокчилари аниқланиб, бир қисми қўлга олиш жараёнларида йўқ қилинган, бошқа қисми қўлга олиниб, адолатли жазо олганлар, айримлари эса бошқа давлатлар ҳудудида террористик актлар давомида йўқ қилинган;

1999 йил 30 март куни ички ишлар органлари ходимлари томонидан Тошкент шаҳри Ҳамза туманининг Фарғона йўли кўчасидаги кўп қаватли уйда яширинган “Туркистон ислом ҳаракати” террорчилик ташкилоти аъзоларини ушлаш махсус тадбири ўтказилиб, мазкур тадбир давомида қуролли қаршилик кўрсатган 2 нафар террорчи гуруҳ аъзолари ўлдирилади ва воқеа жойидан граната, ўқотар қуроллар ҳамда жиноятга алоқадор бошқа ашёлар олинади. Ушбу куннинг ўзида бир қатор ўта оғир жиноятларни содир этиб, қидирувда бўлган “ваҳҳобий” диний экстремистик оқими фаолларидан бири Тошкент шаҳри Ҳамза туманининг Буюк Ипак йўли кўчасидаги уйда  яширинганлиги аниқланиб, уни қўлга олиш вақтида кўрсатилган қуролли қаршилик натижасида, террорчи отиб ўлдирилади;

1999 йил 15 ноябрь куни Тошкент вилояти Оҳангарон тумани Угом-Чотқол боғи ҳудудида яшириниб, “тиш-тирноғигача” қуролланган 14 нафар террорчи гуруҳ аъзоларининг аниқланиши натижасида, ИИБ ходимлари билан қуролли тўқнашув юз беради ва натижада Янгиобод қўрғони ИИБ бошлиги В.Говорухин, унинг ўринбосари Б.Пўлатов ҳамда тезкор вакил А.Қорабоевлар душман билан аёвсиз жанг пайтида мардонавор ҳалок бўлишган. 16 ноябрь куни эса “Янгиобод” дам олиш маскани ҳудудини ҳаводан кўздан кечириш вақтида 4 нафар жангариларнинг тоғли йўналишдаги излари топилади ҳамда Ўзбекистон Республикаси ИИВ “Барс” махсус жанговар отряди ходимларидан иборат тезкор гуруҳ томонидан тўрт нафар жангарилар таъқиб қилиниб, юз берган қуролли тўқнашув давомида улар йўқ қилинган;

Шу йилнинг ноябрь ойида Тошкент вилоятининг Ангрен ҳудудига йигирма нафар қўшни Тожикистон Республикаси орқали кириб келган қуролли жангарилар аниқланади. Ўзбекистон Республикаси ИИВ ва бошқа мутассади органлар ҳамкорлигида зудлик билан тегишли тезкор тадбир амалга оширилиб, ўтказилган махсус операция натижасида жангариларнинг барчаси йўқ қилинган, орттирилган тажриба натижасида тадбир жараёнида биронта ходимга зарар етмаган;

2000 йил 25 июль куни “Туркистон ислом ҳаракати” террорчилик ташкилотининг қуролланган бир гуруҳ жангарилари хуфёналик учун ҳарбий форма кийишиб, қўшни Тожикистон томонидан Ўзбекистон давлат чегарасидан яширин йўллар билан ўтишиб, Сурхондарё вилоятининг Сариосиё тумани тоғли ҳудудларига кириб келганлиги аниқланади. Ички ишлар органларининг мард ва жасур ходимлари томонидан 4-11 август кунлари давомида “Киштут”, “Хамидарча” ва “Ангорқози” қишлоқларида ўтказилган махсус тадбирлар давомида жами ўн саккиз нафар жангариларнинг йўқ қилинишига эришилган, қолган террорчилар эса қўшни давлат ҳудуди орқали Афғонистонга ўтиб кетишган;

2000 йил 18 август куни 15 кишидан иборат қуролланган жангарилар Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги Чотқол тоғ-қўриқхонаси ҳудудида жойлашган 9209-сонли ҳарбий қисмга ҳужум қилишади, отишма давомида 2 нафар чегарачи ҳалок бўлади, чекинишга мажбур бўлган жангарилар эса  Чотқол тоғ тизмаси ҳудуди бўйлаб яширинишади. 27 август куни Бўстонлиқ туманининг “Сардала” тоғли ҳудудида ҳамкорликда ўтказилган махсус тадбир натижасида 8 нафар жангари йўқ қилинади, қолганлари эса яширинишга улгуради. Бироз ўтиб, яъни 11 сентябрь куни қолган жангарилар ҳам Қирғизистон Республикаси Жалолобод вилояти Оқтош қишлоғида эканлиги аниқланиб, ҳамкорликда йўқ қилинишига муваффақ бўлинган;

2004 йил 30 июль куни соат 16:50 да Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг биносига кириш йўлагида диний-экстремистик оқими аъзоси баданига маҳкамланган қўлбола портлатиш қурилмаси орқали ўзини портлатиши оқибатида бир нафар ИИВ Қўриқлаш бўлими ходими хизмат жойида вафот этган, ўн нафар фуқаро яраланган. Соат 16:55да Тошкент шаҳрида жойлашган АҚШ Элчихонаси ёнида яна бир террорчи томонидан қўлбола ясалган портловчи мосламанинг ишга келтирилиши натижасида ушбу жойда хизмат ўтаётган икки нафар ИИБ ходими яраланган. Кейинчалик ушбу терроричилар ва уларнинг раҳнамолари аниқланиб, чет элда яширинганликлари муносабати билан қидирув эълон қилинган;

2005 йил 12 май куни Андижон шаҳри марказида 200 га яқин “Акромий”  ДЭО тарафдорлари ва уларнинг оила аъзолари тўпланишиб, Қирғизистон Республикаси ҳудуди орқали Ўзбекистонга кириб келган 20га яқин жангарилар тўдаси бошчилигида 5 та гуруҳга бўлинган ҳолда, Андижон вилояти ИИБ ППХваЖТСБ биносига, 7377-сонли ҳарбий қисмга, Андижон шаҳар 1-сонли Тергов ҳибсхонасига, вилоят МХХга ҳамда 44086 ва 4821-сонли ҳарбий қисмларга қуролли ҳужум уюштирганлар. Шундан сўнг жангарилар Андижон вилояти ҳокимияти биносини эгаллаб олиб, ҳокимият вакиллари ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларини гаровга олишган. Уларнинг бир нечтаси намойишкорона ўлдирилган. Ўзларининг қабиҳ ишларини беркитиш мақсадида аҳоли орасида сохта маълумотлар тарқатиб, тартибсизликлар келтириб чиқаришга, шунинг натижасида дунё ОАВ орасида шов-шув кўтаришга ҳаракат қилишган. Душман билан олиб борилган аёвсиз жанг натижасида тартибсизликлар тўлиқ бартараф этилиб, кўплаб жангарилар йўқ қилинади ва қўлга олинишига муваффақ бўлинади. Айрим жангарилар қўшни Қирғизистон орқали қочиб кетиб, турли хорижий давлатларда яширинишга муваффақ бўлишади. Шу билан бирга, афсуски, мазкур қуролли тўқнашувда 19 нафар ички ишлар органлари ходимлари мардларча ҳалок бўлишган;

2009 йил 29 август куни “Ислом жиҳодий эътиқоди” террорчилик ташкилотининг етакчи аъзоси, қидирувда бўлган Ш.Махмудов ва унинг ўғли Ш.Дилшодовлар Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти худудларида ички ишлар органлари ва диний муассасалар ходимларига нисбатан қотиллик жиноятларини содир этиб, Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туман ҳудудида кўп қаватли уйлардан бирига яширинганлар. ИИОлари томонидан ўтказилган махсус тадбир давомида юқорида қайд этилган жангарилар йўқ қилинишига эришилган. Шу йилнинг 7 сентябрь куни мазкур жиноий гуруҳнинг яна бир аъзоси, қидирувда бўлган Д.Исманходжаев ҳам ИИБ ППХваЖТСБ ходимлари билан юз берган қуролли тўқнашув жараёнида йўқ қилинган;

2010 йилнинг 14 август куни эса террорчи Ш.Махмудовнинг куёви, қидирувда бўлган Б.Соипов Тошкент вилояти Янгийўл тумани ҳудудида яшириниб юрганлиги аниқланади. Б.Соипов ИИБ ходимларига фаол қуролли қаршилик кўрсатишига қарамай, тезкорлик билан кўрилган чоралар натижасида уни Тошкент вилояти Зангиота тумани Ҳасанбой маҳалласи ҳудудида ушлашга муваффақ бўлинган.
Кўриб турганимиздек, юқорида келтирилган барча нохуш ҳолатларда  ички ишлар органларининг ҳалол, пок ва довюрак ходимлари она юртининг азиз тупроғи ва ҳар қарич ери учун, ўз халқининг хавфсизлиги учун ўзларининг ширин жонларини хатарга қўйиб бўлса-да, мардонавор кураш олиб бордилар. Бундай мисолларни яна давом эттириш мумкин, албатта.

Шу ўринда алоҳида таъкидлаш ўринлики, мазкур оғир ва синовли даврларда  ички ишлар органларида узоқ йиллардан бери хизмат қилиб келган, бой иш тажрибасига эга, устоз ва мураббийларнинг ёш ходимларга берган билим ва кўникмалари алоҳида аҳамият касб этган.
Мазкур даврларда мамлакатимиз раҳбариятининг диққат марказида доимо ички ишлар идораларининг малакали, етук тажрибали мутахассисларини тайёрлаш, имкон қадар тезкорлик билан моддий-техник базани мустаҳкамлаш, ходимларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш масалалари кабилар турди ва бу борада тегишли ислоҳотлар босқичма-босқич амалга оширила борилди

Сир эмаски, ислоҳотлар самарадорлиги, биринчи навбатда, кадрлар масаласи билан боғлиқ эди. Шу боис ҳам, ички ишлар органларида малакали кадрлар тайёрлаш, янгича мафкура асосида тарбия топган, маънавий етук кадрларни тайёрлаш мақсадида ИИВ таълим муассасалари фаолияти тубдан ислоҳ қилинди. Бу борада 1993 йилда Ёнғин хавфсизлиги олий техник мактаби, 1994 йилда эса  ИИВ Академияси ташкил этилган.

Қисқа давр ичида ички ишлар органларининг шахсий таркиби етарли малакага эга бўлган кадрлар билан жамланди, ходимларнинг касбий ва жанговар маҳоратини оширишга алоҳида эътибор қаратилди. Натижада  мамлакатда жиноятчилик сезиларли даражада камайиб, содир этилган жиноятларнинг қисқа фурсатларда очилишига эришилди.
Бундан ташқари, 1994 йилда Ўзбекистоннинг Интерполга аъзо бўлиши республика ҳуқуқ-тартибот органларига хорижий давлатларнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари билан ҳамкорлик қилиш, уюшган жиноятчиликка қарши курашда ҳамкор давлатларнинг куч ва воситаларидан фойдаланиш имконини берди.

XXI аср бўсағасида дунёда юз берган ўзгаришлар, глобаллашув жараёнларининг кучайиши мамлакатимизда ҳам хавфсизлик ва барқарорликни сақлаш, турли таҳдидларга қарши курашишда янгича ёндашувни ишлаб чиқишни кун тартибига қўйди. 1999 йил 16 февраль воқеалари ички ишлар органлари тизимида жиддий камчиликлар борлигини кўрсатди.
Шу боис Тошкент шаҳрида жамоат тартибини ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш бўйича янги концепция жорий қилиниб, унга биноан, шаҳардаги аввалдан мавжуд милиция участка нозирлари ўрнига профилактика инспектори штат бирликлари таъсис этилди. “Маҳалла посбонлари” ва “Яраштириш комиссиялари” жамоат тузилмалари ташкил этилди. Бу тузилмалар жойларда жиноячиликка қарши кураш ва унинг олдини олиш, ички ишлар органларининг жамоатчилик билан ҳамкорлигини кучайтиришга имкон берди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2001 йил 27 мартдаги фармони ва унинг ижросини таъминлаш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинган бир қанча қарорлар асосида ички ишлар органларининг асосий соҳавий хизматларида янги ислоҳотлар ўтказилиб, уларнинг фаолияти янада такомиллаштирилди.
Ушбу ислоҳотлар ва структуравий ўзгаришлар, аввало, мамлакатдаги тинчлик-осойишталикни сақлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жиноятчиликнинг барча кўринишларига қарши курашиш, юртимизда олиб борилаётган демократик ислоҳотларнинг бардавомлиги ва узвийлигини таъминлаш, бир сўз билан айтганда, “кучли давлатдан – кучли фуқаролик жамияти сари” тамойилини амалга оширишга ҳаракат қилинди.

Кейинги даврлар мобайнида республикада фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, жамоат тартибини сақлаш, шахс, жамият ва давлат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактикаси бўйича республикада яхлит ҳуқуқий тизим яратилишига алоҳида эътибор қаратилди.
Ўз вақтида ва узоқни кўзлаб амалга оширилган мазкур ўзгаришлар мустақил давлатимизнинг оёққа туриши ва дунё мамлакатлари орасидан ўзининг муносиб ўрнини эгаллашида, атрофдаги айрим мамлакатларда кескинлик вазияти сақланиб турган бир пайтда, мамлакатимизда доимий барқарорликнинг таъминланишида муҳим омил бўлиб хизмат қилди.
Ички ишлар органларининг такомиллаштирилиши (2010-2016 йй.)

Мазкур давр ичида фуқаролар билан мулоқот жараёни, аҳолининг муаммоларини ҳал этиш борасида, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, жамоат тартибини сақлаш,  ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш ва профилактикаси бўйича айрим камчиликлар кузатилди. Бу борада ўтказилган тадқиқот ва таҳлилий ишларнинг  натижаси ички ишлар органлари фаолиятида бир қатор жиддий камчилик ва муаммолар тўпланиб қолганлигини кўрсатди.  

Жумладан:

- республика, ўрта ва қуйи бўғиндаги бўлинмалар ўртасида асосий вазифа ва функцияларнинг, шунингдек, амалдаги ташкилий-штат тузилмалари куч ва воситаларининг аниқ тақсимланмаганлиги;
- ИИОлари мансабдор шахслари, шу жумладан, профилактика инспекторларининг аҳоли билан мулоқоти йўлга қўйилмаганлиги, уларнинг аҳоли олдида ҳисобот бериб бориш амалиёти йўқлиги, шунингдек, уларнинг фаолияти устидан жамоатчилик ва парламент назоратининг самарали механизмлари жорий этилмаганлиги, фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорликнинг етарли эмаслиги;
- жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларига нисбатан юзаки ёндашувлар фуқароларнинг норозилигини келтириб чиқарганлиги;
- ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, уларни содир этиш сабаб ва шарт-шароитларини таҳлил қилиш, аниқлаш ва бартараф этиш бўйича тизимли чоралар кўрилмаганлиги;
- ўсиб келаётган ёш авлодни бузғунчи ғоялардан ҳимоя қилиш амалиётига  етарлича эътибор қаратилмаганлиги;
- ИИОлари ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизими замон талабларига жавоб бермай қўйганлиги ва бошқалар.

Албатта, ушбу кўрсатилган камчиликларни бартараф этиш, тизим фаолиятида амалга оширилаётган ишлар самарасига салбий таъсирини камайтириш, бу борада идоралараро ҳамкорликни кучайтириш ишлари амалга ошириб борилди. Лекин Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев таъбири билан айтганда, тизим фаолиятини тубдан такомиллаштириш, уни ҳозирги кун талабларига мослаштиришни замоннинг ўзи тақозо этар эди.

Бош мақсад – халқ манфаатларига хизмат қилиш (2016 йилдан ҳозирга қадар)

Мазкур давр – бевосита Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг ташаббуслари билан Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси асосида тизимни тубдан такомиллаштириш, ички ишлар органларини аҳолига ўз вақтида ва сифатли ёрдам кўрсатадиган, ҳар бир ходим томонидан «Халқ манфаатларига хизмат қилиш»ни ўз хизмат бурчи деб биладиган ижтимоий йўналтирилган профессионал тузилмага айлантиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар даври бўлди.
2016 йилда мустақил Ўзбекистоннинг 25 йиллик тарихида илк бор “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги қонун қабул қилиниб, унда ички ишлар органларининг асосий вазифалари, фаолиятининг йўналиш ва тамойиллари белгилаб берилди.

Ўз навбатида, Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида ички ишлар органлари фаолиятини тубдан ислоҳ қилиш бўйича мутлақо янги давр бошланди.
Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган 5 та устувор йўналишнинг ҳар бири мамлакатдаги ислоҳотларни ва янгиланишларни янада чуқурлаштиришга оид аниқ бўлимларни ўз ичига олади. Жумладан, иккинчи устувор йўналиш сифатида мамлакатда қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишга қаратилган кўплаб вазифалар белгилаб берилди.

Дарҳақиқат, мустақиллик йилларида босиб ўтилган йўл ва орттирилган тажриба, эришилган ютуқлар, йўл қўйилган камчиликларни холисона баҳолаш, айни вақтда бугунги кунда юзага келаётган хавф-хатар ва таҳдидларни таҳлил қилиш асносида ички ишлар органлари олдига ўз вақтида уларнинг олдини олиш ва уларга барҳам бериш бўйича янги вазифалар қўйилмоқда.

Ўтган қисқа давр ичида ички ишлар органларининг фаолиятини тубдан такомиллаштиришга қаратилган қатор ислоҳотлар амалга оширилди.
Ушбу кенг кўламли ислоҳотларнинг ҳуқуқий асоси сифатида тизим самарадорлигини ошириш бўйича 6 та қонун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 30 дан зиёд фармон, қарор ва фармойишлари ҳамда 150 дан ортиқ ҳукумат ва идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 10 апрелдаги ПФ-5005-сонли фармонида кейинги йилларда ички ишлар органлари фаолиятида тўпланиб қолган жиддий камчилик ва муаммолар таҳлил қилиниши баробарида, уларни бартараф этиш, ички ишлар органлари тизимини ислоҳ қилишнинг энг муҳим йўналишлари ҳамда мамлакатимиз тарихида илк бор ички ишлар органлари раҳбарларининг парламент, депутатлар ва кенг жамоатчилик олдида ўз вазифаларининг бажарилиши юзасидан ҳисобот бериш тартиби белгилаб берилди. Фармон билан “Ички ишлар органлари тизимини тубдан ислоҳ қилиш комплекс чора-тадбирлар дастури” ҳам тасдиқланди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 12 апрелдаги қарори билан Ички ишлар вазирлиги тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Юқоридаги фармон ва қарорлар ижросини таъминлаш мақсадида қисқа давр ичида улкан ишлар амалга оширилди. Бунда, энг аввало, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашишга фақатгина ички ишлар ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг вазифаси деб эмас, балки барча давлат органлари ва аҳоли қатламларининг вазифаси, яъни умумдавлат ва умумхалқ иши сифатида қараш, бу борада барча давлат ва нодавлат ташкилотлари ва кенг жамоатчиликнинг куч ва имкониятларини сафарбар этиш, аҳолининг барча қатламлари ҳуқуқий маданиятини ошириш, жамиятда қонунга ҳурмат, қонун бузилишининг ҳар қандай кўринишига муросасизлик муҳитини яратиш йўли билан ҳуқуқбузарликларнинг барвақт профилактикаси ва олди олинишини таъминлашга эътибор қаратилди.

Ички ишлар органлари фаолиятига доир бўлган бошқа бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида тизимда жуда катта ислоҳотлар амалга оширилди. Хусусан:

- ички ишлар органларининг ягоналик принципини таъминлаш учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 24 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг байроғи ва эмблемаси намуналарини тасдиқлаш тўғрисида”ги ПФ-5602-сон фармони асосида ИИВнинг байроқ ва эмблемаси тасдиқланди;

- Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 12 апрелдаги “Ички ишлар органлари фаолиятини янада такомиллаштиришга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-2883-сон қарори билан тизимнинг бошқарув аппарати 70 фоизга мақбуллаштириб, туман-шаҳар ИИОларининг штатлар сони тўрт баробарга оширилди;

- Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 18 апрелдаги “Ички ишлар органларининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-2896-сон қарори билан мавжуд профилактика инспекторлари сони мақбуллаштирилди;

- Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 20 апрелдаги “Ички ишлар органлари таянч пунктларининг профилактика инспекторларини хизмат уй-жойи билан таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-2906-сон қарори билан профилактика инспекторларига бириктирилган хизмат ҳудудларида уларга хизмат уйлари ва имтиёзли кредитлар асосида шахсий автомашиналар ажратилиш тизими йўлга қўйилди;

- жиноят ишларининг сифатли ва қисқа муддатларда тергов қилинишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 18 апрелдаги “Ички ишлар органларининг жиноятларни тергов қилиш соҳасидаги фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-2898-сон қарори билан Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқий тизимида нисбатан янги суриштирув институти жорий этилди;

- Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 1 майдаги “Ички ишлар органларининг жамоат тартибини сақлаш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-2940-сон ҳамда 2017 йил 11 июлдаги “Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3127-сон қарорлари билан жамоат тартибини сақлаш ҳамда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш самарадорлиги янада оширилиб, патруль-пост ва йўл-патруль хизматлари соҳага оид бўлмаган бир қатор вазифалардан озод этилди;

- аҳолига паспорт хизматларини кўрсатиш борасида қўшимча қулайликларни яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 11 июлдаги “Ички ишлар органларининг миграция жараёнлари ва фуқароликни расмийлаштириш; соҳасидаги фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3126-сон қарори билан соҳага электрон навбат каби замонавий ахборот коммуникациялари ҳамда хорижга чиқиш замонавий “Биометрик” паспортлар билан таъминлаш ишлари йўлга қўйилди;

- озодликдан маҳрум этилган фуқароларни жамиятга тўлиқ мослашувини таъминлаш учун уларни касбга ўргатиш ва иш билан таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 11 августдаги “Ички ишлар органларининг озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлган жазоларни ижро этиш соҳасидаги фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3200-сон қарори билан жазони ижро этиш тизими тубдан ислоҳ қилиниб, уларда ишлаб чиқариш тизими йўлга қўйилди;

- ИИОлари учун профессионал кадрларни тайёрлаш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 16 августдаги “Ички ишлар органлари ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3216-сон қарори билан ИИВ Академиясида 7 та йўналишлар бўйича ўқитиш тизими ва 2 та илмий-тадқиқот марказлари фаолияти йўлга қўйилди ҳамда жойларда 14 та академик лицейлар жорий этилди;

- Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 ноябрдаги “Ички ишлар органлари кадрлари билан ишлаш ва уларнинг хизматини ташкил этиш тартибини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3413-сон қарори талаблари асосида кадрлар билан ишлашнинг мутлақо  янги тизими жорий этилиб, ИИОнинг “Интизом устави” ва “Ички хизмат низоми” амалиётга тўлиқ киритилди, ходимларни ижтимоий, маънавий ва руҳий таъминлаш ишлари тизимлаштирилди;

- Тошкент шаҳрида жамоат хавфсизлигини таъминлашнинг янги моделини шакллантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 14 февралдаги “Тошкент шаҳрида жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этиш тўғрисида”ги ПҚ-3528-сон қарори билан пойтахт миқёсида ички ишлар бўлимлари фаолияти йўлга қўйилди, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 19 июндаги “Тошкент шаҳрида жамоат тартибини таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-3786-сон қарори билан пойтахтда жамоат тартибини сақлаш учун ИИОлари, Миллий гвардия ва жамоатчилик билан биргаликда ташкил этилган 3 сменали, куну-тун патруллик хизмати фаолияти йўлга қўйилди;

- Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 23 августдаги “Ички ишлар органлари бошқарув, назорат ва шахсий таркиб билан ишлашнинг самарали тизимини жорий этиш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-3919-сон қарори билан ИИОнинг ягона бошқарув тизими сифатида ташкилий бўлинмалар, шунингдек, раҳбар ходимлар захирасини тайёрлаш мақсадида Малака ошириш институти ташкил этилди;

- Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 7 ноябрдаги “Жиноят-ижроия қонунчилигини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4006-сон қарори билан Пробация хизмати ҳамда маҳкумларнинг ҳуқуқларини тўлиқ кафолатлашга қаратилган жиноят-ижроия қонунчилигини қайта ишлаб чиқиш ишлари ташкил этилди;

- жойлардаги ҳокимлар томонидан ҳуқуқбузарликлар профилактикаси фаолиятини кунлик ташкил этиш ва бу борада амалга оширилаётган ишларни халқ депутатари кенгашида ҳар ойда муҳокама қилиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 24 декабрдаги “Жамоат хавфсизлигини таъминлаш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4075-сон қарори талаблари асосида йўлга қўйилди;

- туризм ва транспорт инфратузилмаси объектларида мамлакатимизга келаётган хорижий сайёҳларнинг хавфсизлигини таъминлаш бўлинмалари фаолияти Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 6 мартдаги “Транспорт ва туризм объектларида жамоат хавфсизлигини таъминлашнинг самарали тизимини жорий этишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4229-сон қарори талаблари асосида янада жадаллаштирилди.

Юқоридагилар билан бирга, жазони ўтаётган шахсларнинг ҳақ-ҳуқуқларини таъминлаш борасидан ҳам улкан ишлар қилинди. Бу борада уларнинг жазо ўташ шароитлари яхшиланди.
Замонга мос келмайдиган эски колониялар ўрнига маҳкумлар меҳнат қилишлари учун эркин иқтисод талабларига тўла жавоб берадиган ишлаб чиқариш йўлга қўйилди, жамоатчилик ўртасида салбий ном қозонган “Жаслиқ” колонияси тугатилди.
Илғор хорижий тажрибаларга мос равишда, шунингдек, Конституциямиз талаблари асосида маҳкумларга парламент ва жойлардаги халқ депутатларини сайлаш имконияти яратилди. Шу билан бирга, маҳкумларга қариндошлари билан қўшимча учрашувлар ва телефон сўзлашувларини амалга ошириш, уларнинг ижтимоий суғурта ва пенсия таъминотини олиш каби ҳуқуқлари доираси кенгайтирилди.

Вазирлик соҳавий хизматлари ва ҳудудий бўлинмаларининг вазифа ва функцияларини мақбуллаштириш бўйича институционал ёндашув, шунингдек, тизимга замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш, моддий-техник базани мустаҳкамлаш, ходимларнинг ижтимоий ҳимояси ва маиший шароитларини яхшилаш каби амалий ишлар уларнинг ўз хизмат вазифаларини мукаммал бажаришлари учун муносиб шарт-шароит яратиш  имконини бермоқда.
Бугунги кунда раҳбар ходимларнинг ўз фаолияти якунлари юзасидан аҳоли олдида ҳисобот бериш тартиби, тизимда очиқлик ва шаффофликни таъминлаш бўйича ташкилий чора-тадбирлар ички ишлар органлари фаолиятини янада такомиллаштиришга, шунингдек, ходимларнинг масъулиятини янада оширишга хизмат қилмоқда

Энг асосийси, тизимдаги бу ўзгаришлар мамлакат раҳбариятининг доимий диққат эътиборида бўлиб келмоқда. Юртбошимизнинг мамлакат ҳудудлари бўйлаб қилинаётган сафарларида, албатта, у ерда хизмат олиб бораётган ички ишлар органлари ходимлари, биринчи навбатда, профилактика инспекторларининг хизмат фаолияти, уларга яратиб берилаётган шароитлар билан бевосита танишаётганлиги, қисқа вақт ичида бу борадаги ишларнинг аҳволи бир неча марта Президент ҳузуридаги йиғилишларда кенг муҳокама этилаётганлиги бунинг исботидир.

2019 йилнинг 10 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам бу борадаги ишлар танқидий муҳокама қилиниб, Ички ишлар вазирлигига вазиятни тубдан яхшилаш, чуқур таҳлил асосида мавжуд камчиликларни бартараф этиш бўйича “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш вазифаси топширилди.

Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва унга қарши самарали курашиш бўйича маҳаллий шарт-шароитлардан келиб чиқиб, “ҳудудлар тажрибаси”ни жорий этиш, криминоген вазият оғир бўлган ҳудудларда илмий-тадқиқот ишлари ўтказиб, жиноятчилик аҳволи ўзгаришини криминологик прогнозлаш бўйича услубий қўлланма ишлаб чиқиш каби вазифалар қўйилди.

Жойларларда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси самарадорлигини ошириш учун уюшмаган ёшлар ва хотин қизлар билан ишлаш соҳасига ҳам алоҳида ёндашилди. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 2 сентябрдаги “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисидаги” қонуни асосида, тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган хотин-қизларга давлат ҳимоясини тақдим этувчи “Ҳимоя ордери”ни бериш амалиёти киритилди.

Халқимизнинг мушкулини осон қилиш мақсадида, ИИО фаолиятига замонавий ахборот коммуникация технологияларини кенг жорий этиш масалаларига алоҳида эътибор берилмоқда. Бу борада, аҳолига паспорт бериш ва фуқароликни расмийлаштириш соҳасида қулайлик яратилиб, электрон тарзда навбат кутиш тизими жорий этилди.
Фуқароларга ички ишлар органлари тизимдаги айрим ходимларнинг ноўрин хатти-ҳаракатлари устидан шикоят қилиш имконияти яратилиб, 24 соат фаолият кўрсатувчи “1102” қисқа рақамли Коллцентр, шунингдек, одам савдоси билан боғлиқ ҳолатлар бўйича “99 301-01-01” ягона ишонч телефон алоқалари фаолияти йўлга қўйилди.

Тизимда амалга оширилаётган барча ислоҳотлар ва янгиликлар ҳақида ИИВнинг www.iiv.uz расмий веб-сайти орқали танишиш мумкин, тегишли маълумотлар доимий равишда жойлаштирилиб борилади ва кенг омма эътиборига ҳавола этишга имкон беради.

Ички ишлар органлари фаолиятининг жамоатчиликка ўз вақтида етказиб борилиши лозимлигини назарда тутиб, тизимда 20 дан ошиқ веб-сайт ҳамда 100 дан ортиқ ижтимоий тармоқлардаги саҳифалар жорий этилди.

Давлатимиз раҳбари амалга оширилган ишларга баҳо берар экан, “Кўрилаётган чоралар натижасида фуқароларимизда адолат ва қонун устуворлигига ишонч пайдо бўлмоқда. Лекин хотиржамликка берилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ, ҳали олдимизда қилинадиган ишлар кўп”, – дея алоҳида таъкидлади.

 

 

Ўзбекистон Совет Социалистик Республикаси Революцион Комитети(Ревком)нинг 1925 йил 17 январдаги қарорига асосан Қашқадарё вилояти тузилди. 1927 йил март ойидан бошлаб, бошқарув тузуми ислоҳ қилиниб, вилоятда Округ ижроия қўмитаси тузилади ва 1938 йил апрелгача фаолият юритади. Шундан сўнг Қашқадарё вилояти 1938 йилдан 1943 йил май ойигача Бухоро вилояти таркибига қўшилган. 1943-1960 йилларда яна Қашқадарё вилояти тузилади. 1960 йилда Сурхондарё вилояти таркибига киритилган Қашқадарё вилояти 1964 йилда яна Қашқадарё вилояти мақомига эга бўлди ва ҳозир кунга қадар фаолият кўрсатиб келмоқда.

Қашқадарё вилояти тузилгач Эрматов вилоят Ишчи-деҳқонлар милициясининг биринчи бошлиғи бўлган. Архив ҳужжатларидан топилган маълумотларда 1924 йил 01 октябрда Қашқадарё вилоятида жамоат тартиби ҳамда фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ўрам (округ) жиноят қидирув хизмати ташкил этилган. Бу хизматнинг асосий вазифаси этиб, жиноятларни фош этиш, жиноий гуруҳ аъзоларини қўлга олиш, давлат ва фуқаролар мулкига кўз олайтирган шахсларни ушлаб жазолаш, жамоат тартиби ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлашдан иборат бўлиб, жами 15 нафар ходим фаолият кўрсатган. Таркибда бошлиқ, иккита бўлим бошлиғи, битта нозир, тўрттадан биринчи ва иккинчи тоифадаги ходим, битта иш юритувчи, битта машинкада ёзадиган ва битта бармоқ излари билан шуғулланадиган ходим фаолият кўрсатган. Шаҳрисабз, Ғузор ва Косонда битта ёки иккитадан, Қарши вокзалида битта вакил хизмат қилган. Кейинчалик ходимлар сони кўпайиб 36 нафарга кўпайтирилган.

Вилоят ижроия қўмитасининг 1925 йил 7 декабрдаги 12-сонли мажлис баённомасига биноан Девишев ЖҚБ бошлиғи вазифасидан озод этилиб, унинг ўрнига Мусахонов Исомиддин вилоят милицияси жиноят қидирув бўлимининг бошлиғи вазифасини бажарувчи этиб тайинланади. Қашқадарё вилояти ижроия қўмитасининг 1925 йил 30 декабрдаги №20-сонли мажлис баённомасига асосан Исомиддин Мусахонов вилоят милицияси ЖҚБ бошлиғи лавозимига тайинланади.

Шундан сўнг Жиноят қидирув хизмати раҳбарининг вилоят ижроия қўмитаси раёсатига берган ёзма мурожаатларидан сўнг ходимлари сони 36 кишига кўпайтирилади. Натижада саккизта жиноий гуруҳ қўлга олиниб, киссавурлар, ўғрилар, поезд туновчилар ва бошқа турдаги жиноятчиларнинг бармоқ излари ва фотосуратлари олинган. Бундан ташқари ходимлар учун умумий ётоқхона тайёрлаш, отлар билан таъминлаш, одамлар гавжум тўпланадиган жойларга тунги қоровулхона ташкил этиб, бу қоровулхоналарга телефон симлар тортиш масаласи Мусахоновнинг ташаббуси билан амалга оширилади.

Ўша пайтларда вилоят таркибида Беҳбуд (Қарши), Ғузор, Шаҳрисабз ва Косон шаҳарлари мавжуд бўлган. Миркаримов Беҳбуд (Қарши), Адилов Шаҳрисабз шаҳарлари милицияси бошлиғи бўлиб ишлаган.

Вилоят ижроия қўмитасининг 1926йил 15 февралдаги №27-сонли мажлис баённомасига асосан воҳада милиция ва ЖҚБ ходимларининг хизмат кийими тасдиқланади. Шу йил 26 мартдаги №32-сонли мажлис баённомасига асосан вилоят судига милиция кучини жалб этиш (конвой хизмати) ҳақида вилоят ижроия қўмитаси қарор қабул қилади.

Қашқадарё вилояти милициясининг 1926 йил 5 декабрдаги (Беҳбудий шаҳри) №31-буйруғига асосан “Шу кундан бошлаб, вилоят милицияси ва Жиноят қидирув хизмати раҳбарияти таркибидан иборат навбатчилар гуруҳи тузилгани, навбатчилик эрталаб соат 09.00гача бўлиши кўрсатилади. Навбатчилар – Назарханов, Парамонов, Малахов, Назиров, Тунилин, Шашкиндан иборат бўлган.

Асос: вилоят милицияси ва ЖҚБ бошлиғининг тавсияномаси.

Вилоят милицияси ЖҚБ ўринбосари: Назарханов,

Иш юритувчи: Скворсова

(Қашқадарё вилояти давлат архиви ҳужжати Фонд №133, ОП №1,Хр №171, 151-бет).

Вилоят Статистика бюросининг Қашқадарё вилояти жиноят қидирув бўлимининг 1925-1926 йиллардаги штат бирлиги келтирилган.


1. Беҳбудий уезди ЖҚБда жами 22 нафар ходим бўлиб, шундан ишлаётгани 18 нафар, ўзбек тилини биладигани 10 нафар, ўзбек тилини билмайдигани 8 нафар.
2. Шаҳрисабз шаҳар ЖҚБда жами 7 нафар ходим бўлиб, шундан ишлаётгани 6 нафар, ўзбек тилини биладигани 5 нафар, ўзбек тилини билмайдигани 1 нафар.
3. Ғузор шаҳар ЖҚБда жами 7 нафар ходим бўлиб, шундан ишлаётгани 6 нафар, ўзбек тилини биладигани 5 нафар, ўзбек тилини билмайдигани 1 нафар.
4. Косон шаҳар ЖҚБда жами 3 нафар ходим бўлиб, шундан ишлаётгани 3 нафар, ўзбек тилини биладигани 3 нафар, ўзбек тилини билмайдигани йўқ.

(Қашқадарё вилояти давлат архиви ҳужжати Фонд №33, ОП №1,Хр №121, 20-бет.)

Собиқ СССР Олий Кенгашининг 1943 йил 20 январдаги №5-буйруғига биноан Бухоро вилояти таркибидан Қашқадарё вилояти ажратилиб, Қарши шаҳри унинг маркази этиб белгиланади. Шаҳрисабз, Бешкент шаҳарлари, Ғузор, Деҳқонобод, Қамаши, Қарши, Косон, Китоб, Чироқчи, Яккабоғ ва Шаҳрисабз туманлари вилоят таркибига қайта олинади.Қашқадарё вилояти ташкил топгач, вилоят ички ишлар бошқармасига биринчи бошлиқ этиб Алексей Павлович Самородов тайинланган. Мазкур вазифада у икки йил – 1945 йилгача фаолият кўрсатган. Шундан кейин 1946-1950 йилларда милиция полковниги С.Г.Шабанов, 1950-1953 йилларда ички хизмат полковниги Х.Бозоров, 1953-1955 йилларда милиция полковниги Х.Абдуллаев, 1955-1957 йилларда ички хизмат полковниги Н.Р.Ҳамидов, 1957-1959 йилларда ички хизмат полковниги К.Тўқсонов, 1959-1960 йилларда ички хизмат полковниги Х.Д.Давидов, 1969-1974 йилларда милиция генерал-майори Г.Зокиров, кейинги йилларда милиция полковниги Б.Қосимжонов, милиция подполковниги О.К.Новиков, милиция полковниги В.А.Козин, милиция полковниги Н.А.Исмоилов, милиция подполковниги М.Бекмуродов, 1992-1994 йилларда милиция полковниги Ш.Каримов, 1994-1998 йилларда милиция полковниги К.Қурбонов, 1998(июнь)-2001 йилларда генерал-майор Р.Каримов, 2001-2003 йилларда милиция полковниги А.Юлбарисов, 2003 йил (июнь)-2009 йилларда милиция полковниги В.Ходжаев, 2009-2011 йилларда генерал-майор А.Х.Қўлдошев, 2011-2013 йилларда полковник С.Қ.Ҳайдаров, 2013-2015 йилларда полковник Н.А.Қурбонов ва 2016-2019 йилдан полковник Д.Т.Турсунбаев ва 2019 йилдан Қашқадарё вилояти ИИБга бошлиғи полковник Ш.Ҳ.Сатволдиев раҳбарлик қилмоқда.

Text to speech