Жалолиддин мангуберди – мардлик ва жасорат тимсоли
Қашқадарё вилояти ИИБда
“Жалолиддин Мангуберди – мардлик ва жасорат тимсоли” мавзусида “Маънавият ва
маърифат дарси” бўлиб ўтди. Унда вилоят ИИБ таркибий бўлимлари ва соҳавий
хизматлар ходимлари ҳамда Қарши Иқтисодиёт ва педагогика университети ўқитувчиси иштирок этди. Уни
вилоят ИИБ бошлиғининг ўринбосари - маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан
таъминлаш хизмати бошлиғи, подполковник Талат Маматқулов очди.
Тадбирда сўз олган Қарши
Иқтисодиёт ва педагогика университети
ўқитувчиси Абдулла Ахмадов Ватан озодлиги йўлида мардларча курашиб, жонини фидо
қилган довюрак саркарда Жалолиддин Мангуберди тарихда ўчмас из қолдирган миллий
қаҳрамонимиздир, - деди.
Жалолиддин ибн Аловуддин Муҳаммад
1198-йилда таваллуд топган. Отаси хоразмшоҳлар мамлакати ҳукмдори Султон
Аловуддин Муҳаммад, онаси эса туркман канизакларидан бири Ойчечак бўлган.
Жалолиддиннинг бурнида холи (манк) бўлгани учун Манкбурни номи билан аталган.
Кейинчалик бу ном талаффузда ўзгариб, «Мангуберди» билан машҳур бўлиб кетган.
Жалолиддин Мангуберди вояга
етгач, отаси уни Ғазна, Бомиён, Ғур, Буст, Такинобод, Заминдовар ва Ҳиндистон
ҳудудларигача бўлган ерларга ҳоким ва тахт вориси этиб тайинлайди. Бироқ Туркон
хотун ва қипчоқ амирларининг қатъий норозилиги боис Қутбиддин Ўзлоқшоҳ
фойдасига ворисликдан маҳрум этилган. Жалолиддин Мангуберди отасининг ҳарбий
юришларида иштирок этиб, ўзининг жасур жангчи, иқтидорли саркарда сифатида
намоён этган.
У Валиён қалъасини қамал
қилаёт¬ганда Такажук ва Малғур бошчилигидаги мўғул қўшинига ҳужум қилиб, уч
кунлик жангдан сўнг уларни тор-мор келтиради. Бу унинг мўғуллар устидан
қозонган дастлабки йирик ғалабаси эди.
1221-йили Синд (Ҳинд) дарёси
бўйида Чингизхон қўшинларининг илғорини тор-мор келтиради. Бироқ кучи озлиги
боис чекинади. 4000 жангчиси билан дарёнинг ўнг соҳилига сузиб ўтиб, чўл
ичкарисига кириб кетади. Унинг бу жасоратидан ҳайратда қолган Чингизхон ўз
ўғилларига қараб: «Ота ўғил мана шундай бўлиши лозим!» деган. Бу чўл ҳозир ҳам
Чўли Жалолий деб аталади.
Шерюрак баҳодир Жалолиддин
Мангуберди нафақат Ватан озодлиги ва халқ манфаати йўлида курашган саркарда,
балки ислом динини муносиб ҳимоя қилган буюк эътиқод эгаси ҳамдир. Унинг
жасоратига Чингизхондай ёвуз босқинчи ҳам лол қолиб, мардлигини тан олгани
тарихдан маълум. Жалолиддин Чингизхонга илк бор 19–20 ёшларида рўбарў келган. У
32–33 ёшида вафот этган бўлса, демак, ҳаётининг 11–12 йили мобайнида 48 та жанг
кўрган.
Чингизхон қўшинлари ўз юришларида
биринчи бор Жалолиддиннинг лашкарларидан енгила бошлаган. Жумладан, тўрт
муҳорабада саркарда томонидан мўғул қўшинига қақшатқич зарба берилган. Ўша
даврда Чингизхон кўплаб мамлакатларни забт этишга улгурганди. Айниқса, мусулмон
халқларида ушбу мўғул қўшинига қарши туриб бўлмайди, улар яъжуж-маъжужлар,
деган тушунча пайдо бўла бошлаганди. Жалолиддин Мангуберди мана шу қарашни
йўққа чиқарди. Чингизхонга қарши курашиш, унинг лашкарини мағлуб этиш
мумкинлигини исботлади.
Энг муҳим жиҳат шуки, Жалолиддин
Мангубердининг бошига не бир мусибат тушмасин, фақат ва фақат Ватан деди, унинг
истиқлолини, истиқболини ўйлади. У Хоразмшоҳлар вакили сифатида бошқа
ҳукмдорлардан паноҳ сўраши, ўз жонини хатарга қўймасдан, бирор саройда яшаб
ўтиши ҳам мумкин эди. Бироқ бундай қилмади, озодлик, ҳурлик йўлида курашди:
бутун ер юзини титратиб турган Чингизхоннинг кўзига тик боқди, душман устига от
сурди. Ватан озодлиги йўлида қон ютди, қон тўкди, жон олди, жон берди. Жасорат
ва мардлик тимсоли, қаҳрамон саркарда Жалолиддин Мангуберди мангуликка дахлдор
буюк аждодимиздир!
Кенг кўламли тадбирда бошқарма
Тиббиёт бўлими СЭНМ бошлиғи, майор Рустам Даминов “Мавсумий касалликлар ва
уларни олдини олишчоралари ва усуллари” мавзусида маъруза қилди.
Якунда Бошқарма ТҚХ ТЭҚКБ масъул
ходими томонидан жаҳонда юз бераётган террористик ҳаракатлар, ижтимоий сийсий
вазият ҳақида иштирокчиларга маълумотлар берди.