Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бошлиғи полковник Шерзод Ибрагимов ҳамда Қашқадарё вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник Абдувохид Исмоилов бошчилигида мамлакатимизда жорий йил 15 июлдан 15 августга қадар ўтказилаётган “Хавфсиз ва соғлом юрт” кенг қамровли тезкор профилактик тадбирининг иккинчи босқичи доирасида йўриқнома ташкил этилди.
Йўриқномада - маҳаллаларда хавфсиз муҳит яратиш, жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олиш, гиёҳвандлик моддаларининг ноқонуний муомаласига чек қўйиш борасида хизмат ходимларига аниқ вазифа ва топшириқлар юклатилди. Тунги хизматга жалб қилинган ходимларга манзилли ва аниқ вазифалар белгилаб берилди. Уларнинг бурчи фақатгина назорат эмас, балки фуқароларга ишонч бағишлаш, ҳар бир кўчада тинчлик ва осойишталикни таъминлаш эканлиги таъкидланди.
Маълумки, маҳалла — жамиятнинг юраги. Шу боис профилактика инспекторлари томонидан уйма-уй юришлар ташкил этилмоқда. Ушбу жараёнда аҳоли ўртасида ҳуқуқий маданиятни ошириш, киберхавфсизлик, оилавий тотувлик ва фарзандлар тарбияси масалалари бўйича тушунтиришлар берилди.
Қарши шаҳри ҳудудида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ҳамда қоидабузарликларнинг олдини олиш мақсадида Йўл патрул хизмати ходимлари томонидан махсус кучайтирилган рейд тадбирлари ўтказилмоқда. Рейдлар давомида транспорт воситаларда ўткир тиғли ашёлар ва совуқ қуролларни сақлаб юриш ҳолатларига алоҳида эътибор қаратилиши лозимлиги ўқтирилди..
Йўриқнома якунида фуқаролар ҳаётини асраш мақсадида ўз ҳаётини хавф остига қўйиб мардлик ва фидойилик кўрсатган вилоят ИИБ ЖХХ ЙҲХБ Транспорт назорати гуруҳи инспектори, кичик сержант Нодир Мирзаев алоҳида тилга олинди.
Шунингдек, хизмат вазифаларига сидқидилдан ва масъулият билан ёндашиб, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларга қарши курашда юқори касбий маҳорат намоён этган бир гуруҳ ЙПХ ходимларига ҳам ИИВ ЖХД Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бошлиғи ва Вилоят ИИБ раҳбарияти томонидан миннатдорлик билдирилиб, пул мукофоти билан тақдирландилар.