“ЁШЛАР - ГИЁҲВАНДЛИККА ҚАРШИ”
Қашқадарё вилояти ИИБда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг фармойишига асосан жорий йилнинг 1 февраль кунидан 1 март кунига қадар мамлакатимизда “Ёшлар орасида гиёҳвандлик воситаларини тарқатилишига қарши курашиш” ойлиги ўтказилиши муносабати билан йиғилиш бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси ИИВ ва вилоят ИИБ масъул ходимлари иштирок этди.
Йиғилишда “Ёшлар орасида гиёҳвандлик воситаларини тарқатилишига қарши курашиш” ойлигини кенг қамровда ташкил этиш ва ижобий самарадорликка эришиш юзасидан чора-тадбирлар режаси белгилаб олинди.
Тадбир режасига кўра, ички ишлар органлари ходимлари манфаатдор идора ва ташкилотлар билан тадбир доирасида воҳанинг барча шаҳар ва туманларида ёшлар иштирокида “Ёшлар - гиёҳвандликка қаршимиз” шиори остида учрашувлар ташкил этиши белгиланди.
Учрашувларда, инсониятни таназзул сари етакловчи оғуфурушликнинг салбий оқибатлари тўғрисида ёшларнинг тушунчаларини бойитиш ҳамда уларда гиёҳвандликка қарши муросасизлик ҳиссини янада кучайтириш мақсадида мутахассислар иштирокида очиқ давра суҳбатлари ташкил этилиб, махсус тайёрланган видеолавҳалар намойиш этилиши режадан ўрин олган.
Бундан ташқари воҳада фуқаролар томонидан гиёҳвандлик моддаларини экиш, сақлаш ва сотиш жиноятларини аниқлаш ҳам эътибордан четда қолмайди.