Ёшлар ва фахрийлар учрашуви
ИИВ Қашқадарё академик лицейида вилоят ИИБ Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш хизмати, бошқарма Фахрийлар кенгаши ва ёш ходимлар ҳамда лицей ўқувчилари иштирокида уч авлод учрашуви бўлиб ўтди. Йиғилишни бошқарма Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш хизмати бошлиғи ўринбосари подполковник Ш.Муслимов очиб, “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” шиори остида нишонланган мустақиллигимизнинг 30 йиллиги тантаналари халқимиз томонидан юксак савияда нишонланганини таъкидлади. Албатта, мустақилликни мустаҳкамлаш ва давлатимиз тараққиётида катта авлод вакилларининг беминнат хизмати бор. Шу боис бугун уларни эъзозлаш, ҳурмат эҳтиром кўрсатиш давлат аҳамиятидаги масалага айланди. Жумладан истиқлолни кўз қорачиғидай асрашда бошқа соҳалар қатори ички ишлар органлари тизимида узоқ йиллар хизмат қилган фахрийларнинг ҳам муносиб ҳиссаси борлигини алоҳида таъкидлаш жоиз. Фахрийларнинг тажрибаси ва малакаси ёш ходимлар учун ибрат мактаби.
Ички ишлар органларида самарали хизмат қилиб, бугунги кунда фахрийлик гаштини сураётган отахонларнинг аксарияти ўйда ўтиришни эп билмасдан устоз-шогирд анъанасига содиқ қолган ҳолда соҳа вакилларидан ўз маслаҳатларини аяшмаяпти.
Тадбирда бошқарма Фахрийлар кенгаши раиси, истеъфодаги полковник Содиқ Исломов сўзга чиқиб, юртимизда фахрийларга кўрсатилаётган эҳтиром, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларга давлатимиз томонидан кўрсатилаётган ғамхўрликларни эътироф этди. Жумладан, фахрийлар ҳолидан хабар олиш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қуватлаш ишлари ҳар доим раҳбарият эътиборидан четда қолмаяти. Ўз навбатида фахрийлар ҳам ёшларда ватанга муҳаббат, Президентга садоқат туйғуларини янада чуқурроқ сингдириш мақсадида “Уч авлод учрашуви” каби қатор тадбирларда ходимларнинг касб маҳорати ва тажрибасини оширишга ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда.
Тадбирда ёшлар давлатимиз томонидан яратилган шарт-шароитлар, ғамхўрликлардан илҳомланиб, Ватан хизматига камарбаста бўлишга, бунда фахрийларнинг хизмат ва ҳаёт йўлида орттирган тажриба маслаҳатларига таянган ҳолда пухта билим олиб, ҳар томонлама етук кадрлар бўлиб етишишини билдиришди.