ЁРДАМЧИЛАР ПРОФИЛАКТИКА ИНСПЕКТОРЛИГИГА ҚАБУЛ ҚИЛИНДИ
Қашқадарё вилояти ИИБда бошқарманинг шаҳар-туманлари ИИБларида профилактика инспекторларининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ёрдамчилари вазифасида хизмат қилиб келаётган 90 нафар йигитларни профилактика инспектори лавозимига қабул қилингани муносабати билан йиғилиш бўлиб ўтди. Унда янги ишга тайинланган профилактика инспекторлари ва уларнинг ота-оналари иштирок этишди. Тадбирни вилоят ИИБ бошлиғи полковник Ш.Сатволдиев очди.
- Мамлакатимизда жиноятчиликнинг илдизига болта уриш, ҳуқуқбузарликларни эрта аниқлаб олдини олиш борасида ички ишлар органларининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими негизида профилактика инспекторларининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ёрдамчилари шакллантирилганди. Фаолият давомида хизматга кўникма, соҳага оид билим ва малака тўплаган бу ёшлар бугун профилактика инспектори лавозимига қабул қилинди, - деди бошқарма бошлиғи ўз сўзида. - Энди улар халқ хизматини олий шараф билиб, одамларнинг яхши ёмон кунида елкадош ва мададкор бўлишади. Ёш ходимларда хизматга кўникма шакллантириш билан бирга ватанпарварлик руҳини янада кучайтириш мақсадида мураббийлар бириктирилди. Мураббийлар ёш ходимларга хизматнинг қирраларини ўргатиш билан бирга фаолият давомида юзага келадиган қалтис вазиятларда тезкор тўғри қарор қабул қилиш, ички ишлар органлари ходимларига хос ҳалолик, тўғрисўзлик, ҳақиқатгўйлик каби хислатларни шакллантиришда бош-қош бўлишади.
Бир сўз билан айтганда фуқароларнинг дахлсизлигини, халқ осойишталигини таъминлашдек масъулиятли ҳамда машаққатли бурчни зиммасига олган ёш ходимлар қонунбузарликларга нисбатан муросасиз бўлиб, жиноятчиликка қарши курашишда адолатни устувор билишига ишонч билдирилди.