Йиғилиш танқидий руҳда ўтди
Яқинда Қашқадарё вилояти ИИБ Пробация бўлими ва унинг жойлардаги гуруҳлари ходимлари томонидан жорий йилнинг ўтган даврида амалга оширган ишлари якунига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда вилоят прокуратураси, ИИО Пробация бўлими ва шаҳар-туман гуруҳлари (катта) инспекторлари иштирок этди. Йиғилишни бошқарма Пробация бўлими бошлиғи майор С.Шаропов очди.Йиғилишда ИИО Пробация гуруҳлари (катта) инспекторларининг хизмат интизоми қонунчиликка амал қилиши, назорат остида турган шахслар билан яқин муносабат ўрнатмаслик, коррупция ва таъмагирликнинг олдини олиш, ҳуқуқбузарлик ва жиноий ҳолатларга йўл қўймаслик, маҳкумлар томонидан салбий хатти-ҳаракатлар содир этилишини олдини олиш борасида амалга оширилган ишлар атрофлича таҳлил этилди.Вилоят миқёсида ички ишлар органларининг озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларини ижро этилишини ташкил қилиш, назоратда турган шахсларни ҳулқ-атворини тўлиқ ўрганиш ва таъсирчан назоратни амалга ошириш, уларни иш билан таъминлаш ҳамда қайта жиноят содир этиш хавфини барвақт аниқлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга ошириб келинаётганлигига қарамасдан вилоят туман(шаҳар) ички ишлар органлари пробация гуруҳлари томонидан ҳисобда турган шахсларни назорат қилиш ва бандлигини таъминлашда айрим камчиликларга йўл қўйилганлиги айтиб ўтилди.
Йиғилишда Қашқадарё вилояти прокуратураси бўлим бошлиғи С.Нурматов сўзга чиқиб, пробация ҳисобида турган ҳар бир шахс билан етарли даражада профилактик ишлар олиб боришда оилавий ва турмуш шароитини ўрганиш, қайта касбга йўналтириш, ҳунарга ўқитиш, ахлоқ тузатиш иши жазоси назоратида турган шахслар билан белгиланган тартибда профилактик суҳбатлар ўтказиб, бошқа давлат ташкилотлари билан ҳамкорлик қилишни кучайтириш лозимлигини таъкидлаб ўтди.
Йиғилиш кун тартибидаги масалалар юзасидан пробация хизмати ходимлари олддига аниқ вазифалар қўйилиб, тегишли қарор қабул қилинди.