12 Март 2022 йил 668

“Яшил макон” умумиллий ҳаракати авж паллада

 

Қашқадарё вилояти ички ишлар бошқармасида “”Яшил макон умумиллий ҳаркати” мавзусида “Маърифат дарси” бўлиб ўтди. Унда вилоят ИИБ раҳбарияти, соҳавий хизматлар ходимлари, вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси аъзолари иштирок этишди.

Тадбирни вилоят ички ишлар бошқармаси ММИ ва КБТХ бошлиғининг ўринбосари подполковник Шермуҳаммад Муслимов очди.

Мавзу доирасида вилоят  Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бўлим бошлиғи Азиз Қурбонов юртимизнинг шаҳар-у қишлоқларида кўклам насимлари эсиб, аллақачон баҳор даракчиси бойчечаклар бўй кўрсатиб улгурган айни дамларда бутун мамлакатимиз бўйлаб “Яшил йиллик” умуммиллий тадбири бошланини эътироф этди.  Меҳнатсевар халқимиз она заминимизга ниҳол қадаб, боғ-у роғ барпо этиш, унинг ҳар гўшасини яшилликка буркашдек улуғ мақсад йўлида бирлашди. Бугун юртимизда етти ёшдан етмиш ёшгача бўлган инсонлар мазкур умуммиллий лойиҳасида иштирок этмоқда. Корхона-ташкилот, сектор ҳудудлари, мактабгача таълим даргоҳларида ҳам ушбу тадбир уюшқоқлик билан давом этмоқда.

Ота-боболаримиз ҳам “Бирни кессанг, ўнни эк” дея бежиз таъкидламаган. Бу мақолнинг моҳиятида шунчаки ниҳол экиб, боғ яратиш эмас, балки бизни ўраб турган оламдаги яшилликни сақлашдек эзгу мақсад мужассам. Юртбошимиз таъбири билан айтганда, авлодларимиз биздан кейин ҳам муносиб табиий муҳитда яшашлари учун биз табиатга меҳр ва эътибор беришимиз, у билан уйғун бўлиб яшашимиз керак.

Бу нима дегани? Бу – табиатни асраш сув ресурсларини тежаш, исроф қилмаслик, экологик тизимни барқарорлаштириш, дарахт экиб, боғ яратиш дегани.

Сўнгги йилларда дунё миқёсида техника ва технология, саноатнинг юқори суръатларда ривожланиб, табиатга нисбатан инсон омилининг ортиши экологияга сезиларли даражада салбий таъсир ўтказаётгани ҳеч биримизга сир эмас. Бу жараёнлар бир осмон остидаги мамлакатлар қаторида, бизнинг юртимизни ҳам четлаб ўтаётгани йўқ. Дунёда содир бўлаётган иқлим ўзгаришларининг оқибатлари ҳар бир давлатни “яшил тараққиёт” ҳамда “яшил иқтисодиёт” тамойилларига монанд ҳаракатларни амалга оширишга даъват этмоқда.

Президентимизнинг “Республикада кўкаламзорлаштириш ишларини жадаллаштириш, дарахтлар муҳофазасини янада самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, юртимизда дарахтзорларни кўпайтиришга қаратилган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасининг жорий этилиши бу борада тизимли ишларнинг янада кенг қулоч ёйишига хизмат қилди.

Ўтган йили юртимизда куз мавсумининг “долзарб 40 кунлиги”да кўплаб ҳудуд ва тармоқ раҳбарлари, маҳаллалар, аҳоли, фермер-деҳқонлар, умуман кенг жамоатчилик жонбозлик кўрсатиб, 85 миллион дона дарахт кўчатлари экилди.

Жорий йилнинг 2-феврал куни Президентимиз раислигида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида кенг ҳудудлардаги экологик ҳолатни яхшилаш ҳамда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш бўйича жорий йилдаги устувор вазифалар белгилаб берилди. Ушбу умуммиллий ҳаракатдаги устувор вазифалардан бири – жорий баҳор мавсумида мамлакатимизда 125 миллион дона дарахт кўчатларини экишни самарали ташкил этишдан иборат. Ҳар бир ҳудуднинг иқлимига мос, кам сув талаб қиладиган кўчатларни танлаб, уларни етарли миқдорда етиштириш учун кўчатхоналарни кўпайтириш масаласи алоҳида эътиборда бўлиши лозим.

“Маърифат дарси”да  “Таваккалчиликка асосланган ўйинларнинг салбий оқибатлари” хусусида ИИВ ТҚҲБ Киберхавфсизлик маркази катта тезкор вакили катта лейтенант Aкром Убайдуллаев ва вилоят ички ишлар органлари ходимлари томонидан содир этилган коррупцион жиноятларнинг таҳлили бўйича бошқарма ММИ ва КБТХ бошлиғи ўринбосари подполковник Шермуҳаммад Муслимовнинг маърузалари ҳам  тингланди.

Text to speech