Яқинда Шаҳрисабз туманида эр-хотин ўртасида содир этилган оғир тан жароҳати етказиш жинояти юзасидан “”Янгиобод” маҳалласида муҳокама йиғилиш бўлиб ўтди
Яқинда Шаҳрисабз туманида эр-хотин ўртасида содир этилган оғир тан жароҳати етказиш жинояти юзасидан “”Янгиобод” маҳалласида муҳокама йиғилиш бўлиб ўтди. Унда вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник Ш.Сатволдиев, тумандаги сектор раҳбарлари ва маҳалла фаоллари иштирок этди.
Жорий йилнинг 7 май куни эр-хотин – Қ.Б. ва А.Г. нинг жанжалига эрталабдан бир-бирига бўлган носамимий муносабат сабаб бўлган. Ўзаро келишмовчилик жанжалга айланиб, эр хотинини уриб тан жароҳати етказади.
Жаҳл келганда ақл кетади деганларидек, жанжал оқибатида аёл ҳушдан кетади. Шифокорлар кўрсатган тиббий муолажаларга қарамай аёл вафот этган.
Муҳокамада бошқарма бошлиғи полковник Ш.Сатволдиев қотиллик жиноятининг келиб чиқиш сабаблари ва бунга олиб келган шарт-шароитларни таҳлил этди. Ҳудуд профилактика инспектори ва маҳалла фаолларидан ҳолат бўйича изоҳ сўраб, келгусида бу каби жиноятларни олдини олиш бўйича масъул мутасаддиларга тегишли топшириқ ва тавсиялар берди.
Мазкур ҳолат юзасидан Шаҳрисабз туман ИИБ томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.