16 Январ 2021 йил 1394

Яқинда Қарши шаҳрида яшаган шахснинг қотиллик жиноятини содир этгани ҳолати юзасидан муҳокама йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда вилоят ИИБ бошлиғи полковник Шуҳратжон Сатволдиев, Қарши шаҳар прокуратураси, бошқарма Фахрийлар кенгаши, сектор раҳбарлари, мутасадди идоралар вакиллари, маҳалла фаоллари, имом хатиб, профилактика инспекторлари ҳамда жанжалкаш оилаларнинг аъзолари иштирок этди.Ҳолат юзасидан суриштирув ўтказилганда 2020 йил декабр ойининг охирларида Қарши шаҳар яшовчи аёл Н.С. эри К.С. билан ўзаро келишмовчилиги сабаб, Қарши туманида яшаган синглиси, уй бекаси Н.Л.никига бориб яшай бошлаган. 2021 йил 14 январ куни соат тахминан 18:10ларда Қарши тумани яшовчи қайнсинглисининг уйига спиртли ичимлик ҳам истеьмол қилган ҳолда борган эр К.С. оқибатда жаҳл устида, турмуш ўртоғи Н.С. ва қайнсинглиси Н.Л.ни баданининг турли жойларига ўзи билан олиб борган ошхона пичоғи билан ҳаёт учун хавфли бўлган оғир тан жароҳати етказган. Сўнгра, ўзини ўлдириш мақсадида қўлидаги ошхона пичоғи билан танасининг қорин қисмига 3 маротоба санчади. Воқеа жойида 15-20 дақиқалар ўтиргач, велосипедига миниб, яшаш уйига қайтиб кетган. Нега эр-хотин ўртасидаги совуқ муносабатларни аввало маҳалла фаоллари, оқсоқоллар ва бошқа мутасадди ташкилотлар қариндош-уруғ вақтида аниқлаб, бартараф этиш чораларини кўрмаган?! Кенг жамоатчилик вакиллари қаерга қараган?! Вақтида эр-хотинни муросага келтириш бўйича профилактик чоралар кўрилганда эҳтимол, бу мудҳиш ҳодиса юз бермаган, бир оила пароканда бўлмаган, икки аёлдан бирининг умри бевақт завол топмаган, бири эса оғир тан жароҳати олмаган бўларди.Бундан кўринадики, жойларда ҳамон ҳар икки маҳаллада ҳам осойишталик, хотиржамлик ва фуқароларнинг иссиқ совуғидан хабар оладиган масъул мутасаддиларнинг ҳамон “сен менга тегма, мен сенга” қабилида иш юритаётгани кескин танқид қилинди. Келгусида бу каби мудҳиш жиноятларнинг олдини олишда профилактика инспектори билан бирга маҳалла раҳбарияти ҳам жавоб бериши таъкидланди. Жойлардаги сектор раҳбарлари ҳамон боқибеғамликда иш юритаётган маҳалла раислари ва оқсоқоллари  ишини қайтадан кўриб чиқиш лозим. Бу каби жиноятларни олдини олиш учун профилактика инспекторларига мутасадди идоралар билан бирга диний идоралар вакиллари халқ ичига кириб бориб профилактик тарғибот ишларни мунтазам олиб бориши лозимлиги айтилди. Муҳокамада ҳолат юзага келишига масъул мутасадди идоралар вакилларидан воқеа бўйича изоҳ сўралиб, ўз ишига совуққонлик билан ёндошган маҳалла раислари ва профилактика инспекторларига тегишли жазо чоралари белгиланиши айтилди. Мазкур ҳолат юзасидан Қарши туман прокуратураси томонидан К.С.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми тегишли бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Text to speech