16 Феврал 2023 йил 262

Яккабоғ туманида содир этилган оғир тан жароҳати етказиш жинояти бўйича Қашқадарё вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи ўринбосари иштирокида муҳокама йиғилиши бўлиб ўтди

Яккабоғ туманидаги 23-мактабда “Янги ҳаёт” маҳалласида содир этилган оғир тан жароҳати етказиш жинояти муҳокамаси бўлиб ўтди. Унда Қашқадарё вилояти Ички ишлар бошқармаси, Яккабоғ туман ички ишлар бўлими раҳбарияти, маҳалла фаоллари, “Янги ҳаёт” маҳалла фуқаролар йиғини бешлиги, профилактика инспекторлари, кенг жамоатчилик вакиллари ҳамда жиноят содир этган шахснинг оила аъзолари иштирок этди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 10 сентябрдаги 565-сонли Қарорига асосан ташкил этилган муҳокама йиғилишида Қашқадарё вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи ўринбосари подполковник Исроил Химматов содир этилган жиноятинг келиб чиқиш сабаблари ва уларнинг содир этилишига имкон яратиб берган шарт-шароитларни атрофлича  муҳокама қилди.

Бошқарма бошлиғи ўринбосари ўз сўзида Яккабоғ туманида фуқаролар томонидан оғир ва ўта оғир турдаги жиноятлар тез-тез содир этилаётганини, бу борада мутасадди идоралар иш фаолиятда лоқайдликка, сусткашликка йўл қўяётганини танқид остига олди. Маҳаллаларда ҳуқуқбузарликлар ва жиноятлар профилактикаси ниҳоятда қониқарсиз даражада ташкил этилаётгани боис оғир турдаги жиноятлар содир этилаётганини қайд этди.  Жумладан, тумандаги “Янги ҳаёт” маҳалласида содир этилган жиноят ҳам назоратсизлик ва лоқайдлик сабаб юз берганини таъкидлади.

Маълум бўлишича, “Янги ҳаёт” маҳалласида қўшни бўлиб яшовчи икки фуқаро ўзаро жанжаллашиб қолиб, бири иккинчисини бошига таёқ билан уриб тан жароҳати етказган. Натижада бир фуқаро оғир тан жароҳати олиб, шифохонага тушган.  

Бу фуқаролар бундан олдин ҳам бир-бири билан низолашиб юрганини маҳалла бешлиги “хонадонбай”, “фуқаробай” ишларни амалга оширишда чуқурроқ ўрганмагани туфайли оғир тан жароҳати етказиш жинояти юзага келишига сабаб бўлгани танқид остига олинди. Фуқароларнинг кундалик ташвиши ва маиший муаммолари билан шўғулланиши лозим бўлган маҳалла бешлиги огоҳ ва ҳушёр иш олиб бориб, бу қўшнилар турмуш тарзини вақтида ўрганганида бу жиноятнинг олди олинарди.

Ҳолат бўйича мутасаддилардан изоҳ сўралиб, ҳар бир маҳалла фаоллари ўз ишини жонлантириши, зиммасидаги масъулиятни ҳис этган ҳолда фаолият олиб бориши, “Янги ҳаёт” маҳалла фуқаролар йиғини бешлиги зиммасига келгусида бу каби жиноятларнинг олдини олиш борасида аниқ манзилли вазифалар юкланди. 

Жиноят муҳокамаси юзасидан тумандаги бошқа маҳаллаларда ҳам юқоридаги каби салбий ҳолатларни олдини олиш, маҳалла бешлиги ва сектор ишчи гуруҳи томонидан “хонадонбай”, “фуқаробай” ишларни амалга оширишда фуқароларнинг ҳаёти ва турмуш тарзини чуқур ўрганиш, муаммоларини ҳал этиш, қўни-қўшнилар ўртасидаги низоларни эрта аниқлаб, бартараф этиш чораларини кўриш борасида тарғибот тадбирлари ҳам амалга оширилди.

Мазкур ҳолат юзасидан Қашқадарё вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, гумон қилинувчи  ЖПКнинг 221-моддаси тартибида ушланди.

Text to speech