Ходимнинг аҳоли билан мулоқот маданияти
Қашқадарё вилояти ИИБда “Ходимнинг аҳоли билан мулоқот маданияти” мавзусида маърифат дарси бўлиб ўтди. Унда Қарши иқтисодиёт муҳандислик институти ва бошқарма соҳавий хизматлари ходимлари иштирок этишди. Тадбирни вилоят ИИБ бошлиғи ўринбосари, полковник Х.Бозоров очди ва олиб борди.
Инсон доим сўзга, мулоқотга эҳтиёж сезади. Мулоқот орқали бир-бири билан фикр алмашади, туйғулар ифода этади, баҳсга киришади. Шу жиҳатдан қараганда, мулоқот кишилар учун ҳамиша қулайлик воситаси бўлиши керак. Бироқ охирги пайтларда айнан ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимида фаолият юритувчи ходимларнинг мулоқот жараёнидаги муаммолари билан боғлиқ видео ёхуд аудиоёзувлар ижтимоий тармоқларда тез-тез кўзга ташланаётгани таъкидланди.
Таҳлилларга қараганда одамлар билан энг кўп мулоқот қилувчи соҳа вакиллари рўйхатининг аввалида эса ички ишлар, савдо ходимлари, алоқачилар, раҳбарлар, мухбирлар туришар экан.
-Бугунги кунда аксарият одамларда психо-эмоционал ҳолат турғун эмаслиги, аммо исталган ходимнинг мулоқотдаги, хизмат жараёнидаги камчилиги биргина унинг эмас, бутун тизимнинг камчилиги деб талқин қилинаётган ҳозирги шароитда мулоқот маданиятини ошириш масаласига ҳар доимгидан-да фасоҳат билан ёндошиш лозим. Чунки биргина ходимнинг аҳоли орасида ижобий таассурот пайдо қилди дегани, аста-секинлик билан бутун бошли тизимга берилган юқори баҳо, ишончнинг асоси бўлиб хизмат қилади,-деди тадбирда иштирок этган Қарши МИИ ўқитувчиси доценти Қ. Махманазаров.
Йиғилишда Ички ишлар вазирлигининг “Ички ишлар органларининг ташқи соҳавий хизматлари фаолиятида ахлоқ ва мулоқот маданияти кодекси”, “Ички ишлар органлари ходимларининг одоб-ахлоқ қоидалари” ҳамда “Ички ишлар органлари ходимларининг муомала маданиятини ошириш чоралари тўғрисида”ги буйруқларини пухта ўрганиб, фуқаролар билан муомала қилишда меъёрий ҳужжатлар талабидан чиқмаслик доимо диққат-марказда бўлиши таъкидлаб ўтилди.
Тадбир якунида Ўзбекистон Республикаси ИИВ Психологлар гуруҳи томонидан шахсий таркибдан аноним сўровнома олинди.