7 Август 2023 йил 273

Хизмат интизоми ва қонунчиликка риоя этиш танқидий-таҳлил этилди

Миришкор туман ИИБда шахсий таркиб ўртасида хизмат интизоми ва қонунчиликни мустаҳкамлаш, ходимлар ўртасида турли коррупцион ҳамда  фавқулодда рўй берадиган салбий ҳолатларни олдини олиш, бу борада белгиланган чора-тадбирлар ижроси таҳлилига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда Қашқадарё вилояти ИИБ бошлиғи, бошқарма бошлиғининг ўринбосарлари, ИИВ ШХББ Қашқадарё вилояти бўйича бошқармаси, Миришкор туман ИИБ раҳбарияти ва шахсий таркиби иштирок этди.

Кўлами кенг йиғилишни бошқарма бошлиғи полковник Шуҳратжон Сатволдиев очиб, кун тартибига қўйилган масалаларни танқидий-таҳлил этди.

Ички ишлар органлари ходимлари томонидан хизмат интизоми ва қонунчиликка риоя этиш, фаолият давомида коррупцион ва фавқулодда ҳолатлар содир этилишини олдини олиш борасида амалга оширилаётган бир қатор тарбиявий-профилактик, “ходимбай” ишларга қарамай салбий ҳолатларга йўл қўйилаётгани танқид остига олинди.

Бу борада бўлим раҳбариятининг айрим раҳбарлари иши атрофлича таҳлил қилинганда ходимлар билан якка тартибда суҳбатлар, иш фаолияти, оилавий шароити ва  муаммоларини ўрганиш, ўй-фикрлари билан қизиқиш каби ҳолатлар умуман ўз ҳолига ташлаб қўйилгани маълум бўлди. Бўлимда барча соҳаларда амалга оширилган ишлар қониқарсиз дея баҳоланди. 

Тадбирда ички ишлар органлари ходимлари томонидан коррупцион, йўл-транспорт ҳодисалари содир этиш ва бошқа фавқулодда ҳолатларни олдини олиш, автомашинани ҳужжатсиз бошқармаслик, фаолият жараёнида фуқаролар билан хушмуомала бўлиш, пировардида халқ манфаатларига хизмат қилишни устувор билиш бугунги кун талаби эканлиги тушунтирилди.

Хизмат давомида ходимлар ўртасида коррупция ва бошқа қонунбузилиши ҳолатлари ходимлар томонидан юқоридаги каби салбий ҳолатлар юз беришига сабабчи бўлган бўлимнинг айрим раҳбари эгаллаб турган лавозимидан озод этилиб, айримлари интизомий тартибда жазоланди.

Якунда ички ишлар органлари ходими шаънига доғ туширадиган салбий ҳолатларга йўл қўйганлар  ички ишлар органларидан бўшатиш билан чекланиб қолмасдан жиноий жавобгарликка тортишгача бўлган чоралар қўлланиши тўғрисида ходимлар расман огоҳлантирилди.

Бу каби салбий ҳолатларнинг олдини олишга қаратилган тарбиявий-профилактик ишларни кучайтириш бугунги кун талаби эканлигини шахсий таркиб эътиборига етказди.

Танқидий-таҳлил асосидаги йиғилишлар вилоят ички ишлар бошқармасининг соҳавий хизматлари ва шаҳар-туманларида давом эттирилмоқда.

Text to speech