ХАЛҚПАРВАР ИНСОНГА ЭҲТИРОМ
Бугун Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти, давлатимиз мустақиллиги асосчиси Ислом Каримов таваллуд топган кун муносабати билан эрталабдан Қашқадарё вилояти бош майдонида қад ростлаган Ислом Каримов ҳайкали пойида вилоят ҳокимлиги, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, давлат ва жамоат бирлашмалари раҳбарлари, фахрийлар, ёшлар ва кенг жамоатчилик вакиллари жам бўлишди. Йиғилганлар халқимизнинг буюк фарзанди Ислом Каримов ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйиб, ҳурмат бажо келтиришди.
Тадбирда иштирокчиларга халқпарварлиги, бетакрор хислати, кучли иқтисодиётчи ва ислоҳотчилиги билан дунё ҳамжамияти эътирофига сазовор бўлган Ислом Каримов дунё тамаддунида ўзига хос ва мос Президент сифатида из қолдиргани эътироф этилди. У бошлаган йўлни давом эттириш, дунё ҳамжамиятида Ўзбекистон давлатининг ўрни ва нуфузини янада кўтариш мақсадида бугун халқимиз бир тан, бир жон бўлиб меҳнат қилиш барчамизнинг бурчимиз эканлиги таъкидланди.
Ўз навбатида вилоятнинг турли шаҳар ва туманларида истиқомат қилувчи фуқаролар ҳам Қарши шаҳрига келиб Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ҳайкали пойига гулчамбарлар қўймоқда. Бу халқнинг қалбидан мустаҳкам ва ўчмас из қолдирган фарзандига бўлган эҳтиромдир.