10 Январ 2022 йил 652

Халқимизнинг маърифатпарвар адиби

 

Қашқадарё вилояти Маънавият ва маърифат марказида халқимизнинг буюк маърифатпарвари,  шоир ва моҳир таржимон Усмон Носир таваллудининг 110 йиллиги муносабати тадбир бўлиб ўтди. Унда вилоят Ёзувчилар уюшмаси, Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими, ИИВ Халқаро аэропортларда хавфсизликни таъминлаш қўшинларига қарашли Қарши шаҳридаги 7256-ҳарбий қисм муддатли ҳарбий хизматчилар иштирок этишди. Тадбирни Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари Л.Саодатова очди.

Тадбирда халқимизнинг атоқли фарзанди Усмон Носирнинг ижоди ва фаолияти ҳақида  вилоят Ёзувчилар уюшмаси етакчи мутахассиси Нафиса Жумаева иштирокчиларга маъруза қилди. Миллатпарвар, ватанпарвар Усмон Носир 1912 йилда Наманган вилоятида туғилган. У Москвадаги Кинематография институтида ва Алишер Навоий номидаги Самарқанд давлат университетининг тил ва адабиёт факультетида таҳсил олган. Унинг   «Қуёш билан суҳбат», «Сафарбар сатрлар» (1932), «Тракторобод» (1934), «Юрак» (1935), «Меҳрим» (1936) каби шеърий тўпламлари, «Норбўта» ва «Нахшон» (1934) достонлари нашр этилган. «Атлас» (1935) пьесаси театр саҳнасида кўйилган. А.С.Пушкиннинг «Боқчасарой фонтани», М.Ю.Лермонтовнинг «Демон» («Иблис») достонларини ўзбек тилига моҳирона таржима қилган. Адиб 1937 йил 13 июлда «халқ душмани» сифатида ҳибсга олинган. Усмон Носир айни ижодий куч-қувватга тўлган 25 ёшида қамалиб, қатағон қилингани, мустабид тузум бундай миллатпарвар, ватанпарвар инсонларни ўзининг энг ашаддий душмани, деб ҳисоблагани боис ҳам, шоир умрини қамоқхоналарда азоб-уқубатда ўтказиб, 1944 йили 32 ёшида вафот этади.

Шу муносабат билан Усмон Носирнинг ҳаёти ва ижодини юртимизда янада кенгроқ ўрганиш, асарларини нашр қилиш ва номини абадийлаштириш бўйича қатор ишлар амалга оширилаётир.

Тадбирда аскарлар томонидан шоирнинг шеърларидан намуналар ўқилди.

Text to speech