Вояга етмаган шахсларнинг тиланчилик билан шуғулланиши ҳолатларини олдини олиш ва уларни ижтимоий реинтеграцияси билан боғлиқ муоммоларни ҳал этишга қаратилган режаси ишлаб чиқилди
Халқимиз азалдан ўзининг саховатпешалик ва бағрикенглик хислатлари -йиқилганни суяш, ногирон, боқувчисини йўқотган, чорасиз қолган инсонларга кўмак бериш каби фазилатлари билан ном қозонган. Афсуски, ана шундай қадриятларимиздан ўз манфаати йўлида фойдаланишга уринаётган, тўрт мучаси соғ, ёш бўлишига қарамай, оиласи учун фойдали иш қилиб рўзғор тебратиш ўрнига, жамиятда тиланчилик қилиб келаётганлар сони ортиб бормоқда. Ўз навбатида бу ҳол вояга етмаганлар орасида ҳам кам бўлса-да, учрамоқда. Юқоридаги каби кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ташаббуси асосида ҳамкор ташкилотлар билан мамлакатимизда йил бошиданоқ “Вояга етмаган шахсларнинг тиланчилик билан шуғулланиши ҳолатларини олдини олиш, уларнинг ижтимоий реинтеграцияси билан боғлиқ муаммоларини ҳал этишга қаратилган 2022 йилда амалга ошириладиган чора-тадбирлар режаси” ишлаб чиқилди.
Мазкур режа талабларини бажариш мақсадида Қашқадарё вилояти прокуратураси ҳамда Ички ишлар органлари ва бошқа мутасадди идоралар ходимларидан иборат махсус ишчи гуруҳи шакллантирилди.
Мазкур ишчи гуруҳ Қашқадарё вилоятида тиланчилик қилиб келаётган шахсларни аниқлаш ва улар билан профилактик суҳбатлар ўтказиш мақсадида махсус тадбирларни бошлади. Амалга оширилган тадбирлар давомида тиланчилик қилиб юрган вояга етмаганлар Қашқадарё вилояти ИИБ Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига олиб келинди.
Тиланчилик билан шуғулланиб келаётган шахслар билан суҳбат давомида улар ҳеч ким, ҳеч қанақа моддий ва маънавий ёрдам бермаётганлигини рўкач қилишдан нарига ўтишмади. Лекин масаланинг моҳиятига чуқурроқ кириб борилганда тиланчилик билан шуғулланаётган шахсларнинг бирортаси ҳокимият, маҳалла ёки секторга бориб учрашмагани, мунтазам иш билан таъминланишини сўраб бормагани маълум бўлди.
Ўз ўрнида савол туғилади? Вояга етмаганлар нима учун тиланчилик билан шуғулланмоқда?
Вояга етмаганларнинг тиланчилик билан шуғулланишларининг сабаби - бу уларнинг назоратсиз ва қаровсиз қолиб кетаётганлигидир! Чунки вояга етмаган болалар ота-онадан меҳр олмагандан кейин бола кўчага интилади. Кўчада салбий хулқ-атворга эга шахслар билан танишиб, уларнинг тузоғига илинади. Натижада салбий хулқ-атворли шахсларнинг кўрсатмаларини бажаришга ўтади.
Кўриб турганингиздек мавзуга жиддийроқ ёндошиш талаб этилади. Бунинг учун тиланчиликни касб қилганларни аниқлаб жазолаш эмас, балки, уларнинг муаммоларини ўрганиб, шу иш билан шуғулланишларига сабаб бўлган муаммоларни аниқлаб, ечимини топиш муҳимроқдир.
Бу каби тадбирлар вилоятимизда давом этмоқда.