Вилоятда оғир ва ўта оғир жиноятларни олдини олиш мақсадида спорт мураббийларига шогирдларини, ота-оналарга фарзандларини назорат қилиш уқтирилди
Қарши шаҳар ИИБда “Спорт ёвузликка эмас, эзгуликка хизмат қилсин” шиори остида тадбир бўлиб ўтди. Унда вилоят Туризм ва спорт бошқармаси, спорт тўграклари раҳбарлари, мураббийлар, спортчилар ва спорт соҳасида тадбиркорлик билан шуғулланаётган фуқаролар иштирок этди.
Тадбирни вилоят ИИБ бошлиғининг 1-ўринбосари полковник Жасур Атаев очди.
Бошқарма бошлиғи ўринбосари ўз сўзида спорт - соғлик ва саломатлик гарови бўлиб, халқларни, элатларни бирлаштирувчи асосий восита, у давлатни дунёга танитиш билан бирга равнақи ва порлоқ келажаги учун ҳам муҳимлигини таъкидлади. Юртимизда спортнинг турли йўналишлари билан шуғулланиб, давлатимиз байроғини жаҳон ареналарида баланд кўтариб, ғолибликни қўлга киритаётган спортчилар талайгина. Спортчиларнинг самарали саъй-ҳаракатлари боис дунё Ўзбекистонни таниганини қайд этди. Аммо кейинги пайтларда айрим қўштирноқ ичидаги спортчиларнинг ўзбошимчалиги, манманлиги, ўз кучиига ортиқча баҳо бераётгани, арзимаган баҳона туфайли низога бораётгани аянчли ҳолатларни келтириб чиқараётганини билдирди.
Тўгаракларда ва мустақил спортнинг кураш, самбо, жанговар самбо, каратэ оғир атлетика турлари билан шуғулланиб келаётган ёшларнинг тўқликка шўхлик, ўзаро куч синашиш натижасида ўртада келиб чиққан келишмовчиликлар, оғир ва ўта оғир жиноятларни келтириб чиқаришга сабаб бўлаётир.
Энди ҳар бир ота-она фарзандининг мураббийи билан узвий алоқани йўлга қўйиши, боланинг ўқиш ва тўгаракдан кейинги вақти қаерда кимлар билан ўтаётгани назорат остига олиши юзасидан мутасаддилар олдига аниқ вазифалар қўйилди. Ёшлар спорт билан шуғулланиб туплаётган кучини ёвузликка эмас, эзгуликка ишлатиши таъкидланди. Жумладан, яқиндагина Қарши шаҳрида спорт мураббийи Элбек Раҳимовнинг ўлдириб кетилиши ҳам айнан спорт соҳасида ўзаро келишмовчилик сабаб юзага келган. Анча йиллардан буён газак отиб келган бу рақобат оқибатда мудҳиш жиноятни юзага келтирган. “Рубай” кафесида содир этилган қотиллик жиноятига ҳам ёшларнинг ўзаро келишмовчилиги сабаб. Спиртли ичимлик таъсиридан сархуш бўлган касбилик Ш.Р. кафега келиб рўпарасида ўтирган К.А.га “нега менга ёмон қарайсан” дея удағайлаган. Табиийки, бу ҳол рақибга ҳам ёқмаган. Оқибатда ўртада жанжал келиб чиқиб, К.А.Ш.Р.ни ошхона столида турган пичоқ билан жароҳатлаган. Шифокорлар кўрсатган тиббий ёрдамларга қарамай К.А. вафот этган.
Бу тоифадаги ёшлар ўртасида содир этилаётган жиноятларни эрта аниқлаб олдини олиш, ёшлар ўртасида спорт билан шуғулланишни тўғри тарғиб қилиш бугунги куннинг долзарб вазифаси.
Муҳокамада жамоат жойида, кўпчиликнинг кўз ўнгида содир этилаётган жиноятларни асосан бирор жойда ишламайдиган, ота-она ва маҳалла-куй назоратидан четда қолган ёшлар томонидан содир этаётгани айтиб ўтилди.