Вилоят ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари Араловул маҳалласи ёшлари билан учрашди
Мамлакатимизда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларнинг
муаммоларини ўрганиб, ҳал этиш бўйича бир қатор ижобий ишлар амалга
оширилмоқда. Бу борада Қашқадарё вилоятида ҳам
тасдиқланган “Йўл харита” ҳамда “Дастур” доирасида бир қатор тадбирлар
давом эттирилмоқда.
Жумладан, яқинда Қарши давлат университетида Қарши шаҳар “Араловул”
маҳалласида яшовчи ёшлар билан учрашув бўлиб ўтди.
Кўлами кенг тадбирда Қашқадарё вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғининг
биринчи ўринбосари полковник Бахтиёр Ражапов сўзга чиқди.
Очиқ мулоқот руҳида кечган учрашувда ҳар бир ёшлар билан индивидуал
равишда профилактик суҳбатлар ўтказилиб, уларнинг ижтимоий-иқтисодий
соҳалардаги муаммолари тингланиб ечимини топиш чоралари кўрилди.
Сўнгра, бириктирилган маъсуллар, маҳалла “еттилиги” билан ҳамкорликда
Қарши давлат университети ва Қарши муҳандислик иқтисодиёт институтида таҳсил
олаётган араловуллик талаба-ёшлардан иборат жами 250 нафардан ортиқ ёшлар билан
учрашув ўтказилди.
Учрашувда ёшларни турли ёт ғоялар таъсиридан асраш, уларни “жиноят
кўча”сига кириб қолишларини олдини олишга қаратилган огоҳликка чорловчи махсус
видеоролик намойиш этилди.
Очиқ мулоқот тарзида давом этган тадбир олий таълим муассасаларининг
талаба ёшлари ўзларини қизиқтирган саволларига тўлақонли жавоблар олишди.
Учрашувда ёшларнинг бир нафарига Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини
тасдиқловчи ID-карта, 2 нафари хотин-қизларга эса ўзини ўзи банд қилиши учун
тикув машинаси берилди.
Якунда ёшлар ўртасида алоҳида ташаббус кўрсатган ва тенгдошларига намуна
бўлган 5 нафар талабаларга “Китоб – энг яқин дўстинг” шиори остида китоблар
тўплами совға қилинди.
Бу борадаги тадбирлар давом эттирилмоқда.