Вилоят ИИБ бошлиғи ҳузурида ёшларга мураббий этиб бириктирилган ходимлар фаолияти самарадорлиги таҳлил этилди
Қашқадарё вилояти Ички ишлар бошқармасида ёшларга мураббий этиб бириктирилган ходимлар фаолияти самарадорлиги, эришилган ютуқлар билан бирга йўл қўйилган камчиликлар таҳлилига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда вилоят ИИБ бошлиғи, полковник Абдувохид Исмоилов, бошқарма Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш хизмати бошлиғи ва шахсий таркиби, ИИВ ШХББ Қашқадарё вилояти бўйича бошқармаси, фахрийлар кенгаши, мураббийлар ва ёшлар иштирок этишди.
Ўтган йилда ички ишлар органлари
шахсий таркиби ўртасида хизмат интизоми ва қонунийликка риоя этилиши ҳамда
маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, ёш ходимлар томонидан
зиммасидаги вазифаларни мустақил бажариш қобилиятини ривожлантириш,
бириктирилган ходимга иш тажриба ва касб сир-асрорларини ўргатиш, хизматга
амалий мослашиши, касбий шаклланиш жараёнини тезлаштириш, бурчга масъулият
ва ташаббускорлик билан
муносабатда бўлиш борасида мураббийлар томонидан амалга оширилган ишлар таҳлил
этилди.
Жараёнда ходимнинг оилавий
шароити, оила аъзолари ва яқинлари билан мустаҳкам алоқа ўрнатиш, ички ишлар
органлари хизматига киришиб кетишига кўмаклашиш, вужудга келган муаммоларни
қонуний ҳал этиш, хизмат интизоми ва қонунчиликка риоя этишда шахсий намуна
кўрсатиш, маънавий-ахлоқий фазилатларини, касбий қобилиятини, хизматга
муносабатини мунтазам равишда кузатиб, ўрганиб бориш, дастлабки синов муддати
натижалари юзасидан тегишли соҳавий хизмат бошлиғи билан биргаликда мукофотлаш
ёки жазолаш тўғрисида таклиф киритиб, якунда тавсиянома бериш борасидаги ҳолатларга
ҳам эътибор қаратилди.
Мураббийга бириктирилган ёш
ходимлар ҳам лавозимга кириш режасида белгиланган вазифаларни бажариш, амалга
оширган ишлари тўғрисида мураббийга ва соҳавий хизмат бошлиғига ҳисобот бериш,
мураббийнинг қонуний кўрсатма ва топшириқларини бажариш, мураббий ва
ҳамкасбларининг ижобий ҳамда касбий иш тажрибаларини ўзлаштиришга ва доимий
равишда ўз устида ишлаш, хизмат фаолиятини ҳамда ҳуқуқ ва мажбуриятлари,
шунингдек вазифаларини белгиловчи соҳавий хизмат бўйича норматив-ҳуқуқий
ҳужжатларнинг талаблари, белгиланган хизмат кийим-бошни кийиб юриш қоидалари,
ички хизмат тартибига риоя қилиш масалалари ҳам муҳокама этилди.
Йиғилишда бошқарма бошлиғи ўринбосари, подполковник Талат Маматкулов
ўтган йилда вилоятда ички ишлар органларидаги мураббийлар ва ёшлар хизмат,
ижрочилик интизоми ва қонунчиликка риоя этиш, касбий тайёргарлик йўналишида
амалга оширилган ишларни янада жадаллаштириб, фуқаролар билан хизмат давомида
хушмуомала бўлиш хислатларини янада юксалтириш, фаолият давомида тамагирлик ва
коррупция ҳолатларига муросасиз бўлиш борасида мураббийлар олдига аниқ
вазифалар қўйди.
Кенгайтирилган йиғилишда эришилган ютуқлар билан бирга йўл қўйилган камчиликлар ошкора муҳокама этилиб, кун тартибига киритилган масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.