Вазир ўринбосарининг Қашқадарё вилоятидаги ўрганишлари давом этмоқда
Ички ишлар вазири ўринбосари — Маънавий - маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш департаменти бошлиғи генерал-майор Даврон Назармухамедов бошчилигидаги ишчи гуруҳ Қашқадарё вилоятидаги ўрганишлари давомида бугун Чироқчи ва Кўкдала туманларида бўлди.
Дастлаб, Вазир ўринбосари Чироқчи туманидаги Мустақиллик маҳалласида янги бунёд этилган ҳуқуқ тартибот масканининг очилиш тадбирида иштирок этиб, “Маҳалла ҳуқуқ-тартибот маскани”да онлайн суд мажлиси ўтказиладиган, видеоконференцалоқа сеансини ўтказиш учун мўлжалланган қурилмалар, йиғилиш зали, жамоатчилик вакилларига мўлжалланган хоналарни ўз ичига олган маскан фаолияти, туман Миллий гвардия Қўриқлаш бўлимининг пультхонаси ишлаш тизими, аҳоли хонадонлари ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчаларига ўрнатилган ташвиш сигналлари иш усули тақдимоти билан танишди.
Шундан сўнг, Мустақиллик маҳалласи бешлиги иштирокида криминоген вазиятни жиловлаш, жиноят ва ҳуқуқбузарликлар содир этилишига сабаб бўлаётган омиллар ҳамда “ижтимоий профилактика” тизимининг самарадорлигини ошириш борасида “фуқаробай”, “маҳаллабай” ишлар, амалга оширилаётган чора-тадбирларни атрофлича таҳлил этди. Мулоқот давомида “қизил” тоифадаги маҳаллаларда ёшлар ва аёлларнинг муаммоларини аниқлаш ва ҳал қилиш, фуқаролар бандлигини таъминлаш бўйича маҳаллалар бешлигига йўриқномалар берди.
Тадбирда ўз хизмат вазифаларига виждонан ёндашиб, коррупция ҳолатини олдини олишга ўз ҳиссасини қўшиб, ҳамкасбларига ўрнак бўлиб келаётган икки нафар профилактика инспекторларига ҳамда уларнинг ота-оналарига ташаккурномалар топширилди. Чироқчи туман ИИБ ЖХХ ҲПБ профилактика инспектори, капитан Жасур Жумаевнинг хизмат уйида бўлиб, яшаш учун оилавий шарт-шароити, давлат рамзлари ўрнатилганлиги, ҳовлидаги ободончилик ишларини кўздан кечирди.
Туман ички ишлар бўлимида бўлиб, маъмурий бинода ходимлар ва аҳолига яратилган шароитлар билан яқиндан танишиб, ҳудудни ободонлаштириш, хизмат хоналарини ахборот технологиялари билан жиҳозланиши, фуқаролар қабули учун яратилган шарт-шароитлар, ички ишлар органларида маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, ходимларнинг интеллектуал салоҳияти, касбий маҳоратини юксалтириш, “ходимбай” ишлаш давомида шахсий таркибнинг оилавий ва бошқа муаммоларини ўрганиб, учраётган муаммоларини бартараф этиш хусусида тегишли тавсиялар берди.
Воҳанинг кенжа туманларидан бири - Кўкдалада бўлган ишчи гуруҳ янги қурилаётган ички ишлар бўлими биносини кўздан кечирди. Бунёд этилаётган бинода ички ишлар органлари ходимларига янада қулайлик яратиш борасида қурувчилар билан мулоқотда бўлди ҳамда вилоят ички ишлар бошқармаси томонидан яқинда қурилиб, фойдаланишга топширилган Кўкдала туманидаги 18-сонли мактабгача таълим масканда болажонларни тарбиялаш учун яратилган шарт-шароитларни кўздан кечирди.
3-сектор штабида Кўкдала туман ИИБ шахсий таркиби билан ўтказилган йиғилишда Ички ишлар вазири ўринбосари криминоген вазиятни жиловлаш, ҳуқуқбузарлик ҳамда жиноятларн олдини олиш, содир этилганларини фош этиш ҳамда бунга имкон берган шарт-шароитларни асл сабаблари, унга туртки бўлган омиллар, мавжуд камчиликлар бирма бир таҳлил қилди ва шахсий таркиб қонунчилик, хизмат интизомига риоя этиши, фуқаролар билан хушмуомалада бўлиш, бурчига садоқат шиори асосида хизмат қилиш лозимлиги иштирокчиларга тушунтирилди.
Вазир ўринбосари бошчилигидаги ишчи гуруҳнинг Қашқадарё вилояти бўйлаб ўрганишлари давом этмоқда.