8 Август 2025 йил 605

Ҳурматли Миришкор тумани аҳолиси!

Аввало, сиз азизларга муҳтарам Президентимиз томонидан илгари сурилган ташаббуслар — маҳаллаларда хавфсиз ва осойишта муҳитни таъминлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги вазифаларнинг амалда бажарилиши бизнинг кундалик фаолиятимизнинг устувор йўналиши эканини алоҳида таъкидламоқчиман.

Шу муносабат билан, сизларга мурожаат қилиш заруратини ҳис этдим.

Сўнгги вақтларда туманимизда фуқароларни алдаш йўли билан, айниқса, банк карталаридаги маблағларни фирибгарлик йўли билан қўлга киритиш ҳолатлари кўпаймоқда. Кибержиноятлар — замонавий даврнинг энг хавфли кўринишларидан биридир ва уларнинг олдини олишда сизнинг огоҳлигингиз ва ҳушёрлигингиз беқиёс аҳамиятга эга.

Қуйида айрим фирибгарлик усуллари ҳақида огоҳлантириб ўтмоқчиман:

1. Ўзини “банк ходими” деб таништирган шахслар:

Номаълум рақамдан қўнғироқ қилиб, сизга имтиёзли кредит, фонд маблағи, ёки пенция тайинлаш ҳақидаги ёлғон ваъдалар билан сизнинг шахсий маълумотларингизни сўрашлари мумкин. Унутманг — ҳеч қачон телефон орқали паспорт рақами, пластик карта маълумотлари, ёки юз тасвирингизни ҳеч кимга юборманг. Бу — фирибгарлик!

2. Шубҳали ижтимоий тармоқлардаги хабарлар:

Телеграм ва бошқа тармоқларда “Бу сизмисиз?”, “Суд қарори сиз ҳақингизда чиқди”, “Машина ютдингиз” каби хабарлар орқали сизни босим остига олишга ва линкларга киришга ундашади. Бу хабарлар орқали қурилмангизга зарарли дастур ўрнатилиши ёки шахсий маълумотларингиз ўғирланиши мумкин.

3. Сохта рақамлар ва совға ваъдалари:

Фирибгарлар ўз рақамларини йирик ташкилотлар ёки хизматлар рақамларига ўхшатиб, сизга “ютуқ ютиб олдингиз” каби хабарлар юборишади. Мақсад — сизнинг банк картангизга, шахсий идентификациянгизга кириб олиш ва ундан кейин нафақат пулингизни, балки номингиздан кредит олишгача боришади.

Сиздан илтимос қиламиз:

 • Бундай ҳолатларда суҳбатни дарҳол якунланг.

 • Зудлик билан 102 рақамига мурожаат қилинг ва ҳолат ҳақида хабар беринг.

 • Ҳар қандай шубҳали ҳолат юзасидан ички ишлар органларига хабардор қилинг. Биз сизнинг мурожаатингиз асосида зарур чораларни кўрамиз.

Шунингдек, сизга зарарли ҳаволаларни аниқловчи ва олдини олувчи @кибер_ёрдамчи_бот Телеграм ботидан фойдаланишингизни тавсия қиламиз. Бу восита сизни ва яқинларингизни фирибгарларнинг кўзбўямачиликларидан ҳимоя қилади.

Ҳурматли юртдошлар!

Маҳалламиз осойишталигини таъминлаш — ҳаммамизнинг бурчимиз. Жиноятларга қарши биргаликда курашайлик, огоҳ ва ҳушёр бўлайлик.

Ўз уйимиз, ўз маҳалламиз, ўз туманимиз — ўз қўлимизда!

Ҳурмат билан,

Миришкор тумани ИИБ бошлиғи

Ғайрат Хайдаров

Text to speech