11 Апрел 2022 йил 434

Ўрганиш, таҳлил ва танқид

Республика ишчи гуруҳи Қашқадарёдаги ўрганишлар давомида вилоят туман-шаҳарларида бўлиб, таълим, соғлиқни сақлаш, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва бошқа йўналишлардаги ечимини кутаётган муаммоларни бартараф этиш чораларини кўрди.

Президент маслаҳатчиси Бахтиёр Исломов ва Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов даставвал Чироқчи туманидаги «Олмазор» маҳалла фуқаролар йиғинида барпо этилган енгил конструкцияли кўчма маҳалла ҳуқуқ-тарғибот маскани фаолияти ва ҳудудда аҳоли бандлигини таъминлаш ишлари билан танишди.

Масъуллар мазкур маҳаллада жиноят содир этилишига йўл қўйилмагани сабабли енгил конструкцияли кўчма ҳуқуқ-тартибот масканини криминоген вазияти оғир маҳаллада ўрнатиш мақсадга мувофиқ бўлишини таъкидлашди.

Ишчи гуруҳнинг кейинги манзили туман марказида жойлашган «Томорқачилик илмий-амалий маркази томорқа хизмати» МЧЖ бўлди.

Марказ аҳолининг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, фуқароларнинг даромадли меҳнат билан бандлигини таъминлаш механизмини янада такомиллаштириш, «маҳаллабай» ишлаш тизимини янги босқичга олиб чиқиш орқали камбағалликни қисқартиришга замин яратиши лозимлиги қайд этилди.

Ишчи гуруҳ аъзолари Яккабоғ туманидаги «Darmon farm» корхонасида ҳам бўлиб, ишлаб чиқариш жараёни билан яқиндан танишдилар. Таъкидлаш керакки, бугунги кунда ушбу корхона маҳсулотлари хорижга экспорт қилинмоқда.

Шунингдек, ишчи гуруҳ қадоқланган минерал сув ишлаб чиқарувчи «Davr eko botlers» хусусий корхонаси фаолияти ҳамда Айғиркўл массивида қад ростлаётган кўп қаватли тураржой бинолари қурилишини ҳам кўздан кечирди.

Шаҳрисабз шаҳридаги «Ҳунармандчилик маркази» барчада ижобий таассурот уйғотди. Марказда «Устоз-шогирд» анъанаси йўлга қўйилган. Хотин-қизлар томонидан қўлда тайёрланаётган маҳсулотлар хорижий ва маҳаллий сайёҳлар томонидан мунтазам харид қилинаётир.

Ўз навбатида, бу хотин-қизлар бандлигини таъминлаётир, улар доимий даромад манбаига эга бўлишмоқда.

Президентимизнинг тиббиёт соҳаси вакиллари билан очиқ мулоқотида мамлакатимизда юқори технологик операцияларни ривожлантириш, ҳудудларда тиббий кўрик ва даволаш ишларини тартибга солиш муҳимлиги, бунда халқаро ҳамкорлик ҳар томонлама зарурлигини таъкидлаб ўтган эди. «Доктор Бобоев» жарроҳлик клиникаси нафақат Китоб тумани, балки вилоят миқёсида аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиб келмоқда.

Клиника фаолияти билан танишиш жараёнида ишчи гуруҳ аъзолари туркиялик таниқли профессор, онкогинеколог Мурат Наки ҳамда доктор Севаҳир Тексан бошчилигидаги делегация билан суҳбатлашдилар.

Арабхона - Қарши шаҳрининг шимоли-ғарбий дарвозасида жойлашган маҳалла. Маҳалла аҳлининг аксарияти бройлер зотли товуқларни етиштириб, ўзини ўзи иш билан банд қилиб келмоқда. Ишчи гуруҳ маҳалла аҳлининг паррандачилик бўйича орттирган илғор тажрибасини ижтимоий жиҳатдан оғир ҳудудларга татбиқ этиш бўйича тавсиялар беришди.

Шундан сўнг Қарши шаҳридаги 17-сонли имконияти чекланган болалар учун ихтисослаштирилган давлат таълим муассасаси, 18-сонли кўриш имконияти чекланган болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернатида бўлиб, тарбияланувчилар учун яратилган шароитлар кўздан кечирилди. Касби туманидаги Қамаши қишлоғида «Обод маҳалла» дастури доирасида олиб борилаётган ишлар билан танишилди.

Ўрганишлар жараёнида Ички ишлар вазирлигининг алоҳида ишчи гуруҳлари томонидан вилоятдаги криминоген вазиятни барқарорлаштириш, жиноятчиликни жиловлаш, аҳоли мурожаатлари билан ишлаш, хизмат интизоми ва қонунийликка риоя этилиши ҳамда йўлларда хавфсиз ҳаракатланишни таъминлаш, қуйи тизимларга амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида махсус профилактик тадбирлар олиб борилди.

Бу тадбирлар давомида 43 та жиноят, 75 та маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳолати аниқланиб, қидирувда бўлган 20 нафар шахс ушланди. Муқаддам содир этилган 7 та жиноят очилди. Йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ўтказилган рейдларда 1889 та қоидабузарлик аниқланиб, тегишли чоралар кўрилди.

Ўрганишлар натижалари вилоят ҳокимлигида ўтказилган йиғилишда муҳокама қилинди.

Хусусан, Президент маслаҳатчиси Бахтиёр Исломов ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасидаги амалга оширилган ишлар қониқарли даражада ташкил этилмаганини танқид қилди.

Аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни бартараф этишда сектор раҳбарларида ташаббускорлик етишмаётганини айтиб ўтди. Таълим, соғлиқни сақлаш, адлия, ёшларни қўллаб-қувватлаш, аҳоли мурожаатлари билан ишлаш, аҳоли бандлигини таъминлаш йўналишларида ечимини кутаётган муаммолар талайгина эканини қайд этди.

Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов жиноятчиликнинг олдини олиш борасида олиб борилаётган ишларга тўхталиб, жорий йилнинг биринчи чорагида вилоятнинг 83 фоиз маҳалласида жиноятларнинг олди олинганини, лекин бу хотиржамликка берилишга асос бўлмаслигини таъкидлади.

Жойларда амалга оширилаётган профилактик ишларни янада жадаллаштириш кераклигини билдирди.

Шунингдек, жиноятчилик кўрсаткичи бўйича «қизил ҳудуд» ҳисобланган маҳаллаларни «сариқ», «сариқ ҳудуд»ларни эса «яшил»га айлантириш учун мавжуд барча куч ва имкониятлардан самарали фойдаланиш, сектор раҳбарлари ташаббус кўрсатиб, профилактика инспекторлари ва маҳалла раислари билан криминоген вазиятни кунлик таҳлил қилиши шарт эканлиги уқтирилди. Жойларда «маҳаллабай» ва «фуқаробай» усулларида ишларни ташкил этиш бўйича масъулларга аниқ топшириқлар берилди.

Йиғилишда қатор камчиликларга йўл қўйган Чироқчи ва Косон туманлари сектор раҳбарлари фаолиятига танқидий баҳо берилиб, қаттиқ огоҳлантирилди.

Содиқ Раҳимов, «Postda» мухбири. Қашқадарё вилояти.

Text to speech