Қарши шаҳрида жиноятларни жиловлаш ҳамда ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш борасида амалга оширилаётган профилактик тадбирлар
Мамлакатимизда ҳуқуқбузарликлар ва жиноятларни эрта аниқлаб олдини олиш, рўй берганларини фош этиш борасида ички ишлар органлари ходимлари томонидан қатор профилактик тадбирлар уюштирилмоқда. Бунда фуқароларнинг осуда турмуш тарзига замин ҳозирлаш, кўча ва фуқаролар гавжум тўпланадиган жойлар, чойхона ва кафе барларда жамоат тартибини сақлашга, жиноят содир этиб, тергов идораларидан қочиб юрган шахсларни ушлаб қонун измига топширишга асосий эътибор қаратилмоқда. Жумладан, вилоят миқёсида ўтказилаётган “Тонг” тадбирида вилоят ички ишлар бошқармаси соҳавий хизматлари ва Миллий Гвардия ходимларидан тузилган 8 та гуруҳга икки юз нафарга яқин ходимлар жалб этилди.
Тадбир давомида ҳуқуқбузарлик ва жиноят содир этишга мойил 77 нафар фуқаролар ички ишлар органларига олиб келиниб, уларнинг фото суратлари ва қўл бармоқ излари олинди ва ҳар бири билан алоҳида келгусида жиноят содир этмаслиги тўғрисида “огоҳлантирилди”. Бундан ташқари, муқаддам судланган, жиноят содир этишга мойил, бир неча маротаба маъмурий хуқуқбузарликлар содир этган, Пробация бўлими ҳисобида турувчи шахслар билан профилактик суҳбатлар олиб борилди.
Қидирувдаги жиноятчиларнинг оила аъзолари билан олиб борилган суҳбатлар натижасида ўзгаларни алдаш ва чув тушириш жиноятларини содир этгани учун Қарши шаҳар ИИО ФМБ ҳузуридаги ТБ томонидан ЎзР ЖКнинг 168-моддаси 2-қисми ва 227-моддаси
2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган Косон тумани Бойтерак қишлоғида яшовчи Н.Ф. жазодан қочиб қутулмоқчи бўлди. Аммо у узоқ қочиб юролмади. Яқинда у вилоят ИИБ ЖҚБ, Қарши шаҳар ИИО ФМБ 2-сонли ИИБ, бошқарма ППХ ва ЖТСБ ва Деҳқонобод тумани ИИБ ходимлари томонидан Деҳқанобод туманидан ушланди.
Қарши шаҳар ҳудудида “Ягона йўлакча”, яъни, автотранспорт воситалари бўйича рейдлар ташкил этилди. Унда автомашина ойнасини рухсатсиз қорайтирган, пичоқ, бита ва ноқонуний пневматик қурол-яроғ олиб юрган ҳайдовчи ва йўловчилар билан профилактик суҳбатлар ўтказилди.
Вилоят ҳудудида “Тонг” ҳамда жиноятчиликни олдини олиш борасида тезкор тадбирлар давом эттирилмоқда.