4 Июн 2022 йил 2566

“Тил - миллат бойлиги”

    Қашқадарё вилояти ички ишлар бошқармасида “Тил миллат бойлиги” мавзусида “Маърифат дарси” бўлиб ўтди. Унда вилоят ички ишлар бошқармаси соҳавий хизматлар ходимлари ва Қарши давлат университети ўқитувчилари иштирок этди. Тадбирни вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғининг ўринбосари полковник Олимжон Абдуллаев очди.

    Ҳар бир миллатнинг тили унинг бебаҳо қадрияти ҳисобланади. Бу жиҳатдан қараганда, муайян тилда сўзлашадиган миллат вакилларининг сони у қадар муҳим аҳамият касб этмайди. Aсосий мезон тилнинг асрлар давомида сайқалланиб, шакллангани, муайян ҳудудда яшайдиган аҳолига муомала, мулоқот воситаси сифатида хизмат қилгани билан белгиланади, - деди бошқарма бошлиғи ўринбосари полковник Олимжон Абдуллаев. – Тилни асраш, ривожлантириш – миллатнинг юксалиши демак. Мутахассисларнинг фикрича, жаҳон аҳли бугунги кунда етти мингдан зиёд тилда гаплашар экан. Буни қарангки, уларнинг фақатгина 200 га яқини давлат тили ёки расмий тил мақомига эга. Бирор-бир тилнинг яшаб қолишини таъминлаш учун ундан камида бир миллион киши фаол фойдаланиши керак, дейди соҳа мутахассислари.

    Тадбирда Қарши давлат университети Адабиётшунослик кафедраси доценти филология фанлари бўйича фалсафа доктори Нилуфар Султонова сўзга чиқиб, бугунги кунда ер юзида 50 миллионга яқин инсон ўзбек тилида сўзлашишини, бебаҳо тилимиз дунёдаги йирик тиллардан бирига айланиб бораётганини таъкидлади. Ўз навбатида 1989 йил 21 октябрда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилди. “Давлат тили ҳақида”ги қонун она тилимизнинг бор гўзаллиги ва жозибасини тўла намоён этиш билан бирга, уни илмий асосда ривожлантириш борасида ҳам кенг имкониятлар яратди, деди. 

    Тан олиш жоизки, мамлакатимизда барча соҳалардагидек, давлат тилининг ўрни ва нуфузини ошириш борасида ҳам туб ислоҳотлар амалга оширилди. Президентимиз ўз маърузаларида «Мухтасар айтганда, ҳар биримиз давлат тилига бўлган эътиборни мустақилликка бўлган эътибор деб, давлат тилига эҳтиром ва садоқатни она Ватанга эҳтиром ва садоқат деб билишимиз, шундай қарашни ҳаётимизнинг қоидасига айлантиришимиз лозим», дея алоҳида таъкидлаганлар.

     Бундан кўринадики, давлат тилининг тараққиёти, унинг нуфузини ошириш, унга теран муҳаббат ва эҳтиром борасида ҳам тамомила янги босқич бошланди.

    Маърифатпарвар бобомиз Aбдулла Aвлоний: «Миллий тилни йўқотмак – миллатнинг руҳини йўқотмак», деб бежиз айтмаган. Шу маънода, мамлакатимизда бугунги кунда давлат тили барча соҳаларда фаол ишлатилиб, жиддий ва салмоқли ишлар давлат тилида амалга оширилмоқда. Aввало, қонунлар ўзбек тилида яратилиб, идоравий ҳужжатлар она тилимизда юритилмоқда. Бу, албатта, миллий тилимизга нисбатан ҳурмат, миллатимиз руҳини янада баланд мақомларга кўтаришдир.

    Йиғилиш кун тартибига киритилган масалалар - Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 29 ноябр кунидаги “Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги концепциясини тасдиқлаш ва уни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонининг мазмун-моҳияти ҳақида бошқарма жамоат хавфсизлиги хизмати ҳуқуқбузарликлар профилатикаси катта инспектори капитан Хамза Ниёзов, ички ишлар органлари ходимлари фаолияти билан боғлиқ фавқулодда ва бошқа ҳолатлар бўйича ички ишлар вазирлиги Шахсий хавфсизлик бош бошқармаси Қашқадарё вилояти бўйича бошқармаси ходими майор Ғолибжон Азизов маъруза қилди.

     Тадбирда мавзулар доирасида иштирокчиларнинг саволларига жавоблар берилди.

Text to speech