8 Сентябр 2022 йил 317

Тарғибот тадбирлари давом этмоқда

Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 8 июль кунидаги “Қаровсиз қолган ҳайвонларни тутиш ва сақлаш билан боғлиқ хизматлар фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 202-сонли Қарорига кўра қаровсиз уй ҳайвонларини ҳимоя қилиш мақсадида жойларда ёшлар ва вояга етмаганларни ҳайвонларга нисбатан ижобий муносабатда бўлишини таъминлаш, мазкур йўналишдаги фаолиятни мувофиқлаштириш ва назорат қилиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги раҳбарлигидаги тегишли ишчи гуруҳ томонидан Қашқадарё вилоятида бир қатор тадбирлар ташкил этилаётир. 

Тадбир доирасида ёшлар ва вояга етмаганлар ўртасида “Ҳайвонлар бизнинг дўстимиз” шиори остидаги комплекс тадбирлар режасига мувофиқ, вилоят миқёсида барча маҳаллалар ва таълим муассасаларида, аҳоли хонадонларида ҳайвонларни эъзозлаш ва уларга тўғри муносабатда бўлиш бўйича профилактик тадбирлар олиб борилмоқда. Жумладан, туман-шаҳар ободонлаштириш бошқармалари ҳузурида қаровсиз қолган ҳайвонларни тутиш бўлимларининг барча ходимлари, тегишли мутасадди ташкилотлар вакиллари, волонтёрлар учун ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатни олдини олиш борасида тарғибот тадбирлари ўтказилди. Унда юртимизда ҳайвонларга нисбатан бўлаётган шафқатсиз муносабатлар, интернет ва ижтимоий тармоқлардаги аянчли ҳолатлар акс этган материаллар тўғрисида бевосита маълумот берилиб, келгусида бундай салбий ҳолатларга йўл қўймаслик учун қилиниши лозим бўлган вазифалар тушунтирилмоқда.

Ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабат учун Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси ва Жиноят кодексида тегишли жавобгарлик белгиланганлиги эслатиб ўтилди. Тадбирга ташриф буюрган диний муассасанинг масъул ходими томонидан ёшларни ҳайвонларга нисбатан меҳрли бўлишида диний томонидан берилган тавсиялар, тарихий воқеалар тўғрисида маълумот берилди.

Қаровсиз қолган ҳайвонлар ушлаб турилган жойлар кўздан кечирилиб, масъулларга тегишли кўрсатмалар берилди.

Бундан ташқари, Вазирлик масъул ходими подполковник Шовкат Мирзахмедов раҳбарлигида психологлар ишчи гуруҳи Ғузор туманига бориб, ҳайвонларга нисбатан шафқатсизлик билан муносабатда бўлган айрим фуқаролар билан профилактик суҳбатлар ўтказишди.

Уй ҳайвонларини сақловчи фуқароларнинг яшаш уйларида ҳайвонларни сақлаш шароитларини ўрганиш мақсадида, рейд тадбирлари ўтказилди. Ветеринария паспорти бўлмаган уй ҳайвонлари хатловдан ўтказилиб, тегишли тартибда тиббий кўрик ва вакцинация амалга оширилди.

Юқоридагилар билан бир қаторда ҳамкор ташкилот ва идоралар билан биргаликда вилоят миқёсида ҳайвонот олами билан боғлиқ турли танловлар, мусобақалар, акциялар, давра суҳбатлари, тарғибот-ташвиқот ишлари амалга оширилмоқда.

Text to speech