“Тараққиёт стратегияси — демокрaтик ислоҳотлaр aсоси”
Қашқадарё вилояти ИИБда навбатдаги “Маърифат дарси”да “Тараққиёт стратегияси — демокрaтик ислоҳотлaр aсоси” мавзусида кечди. Уни вилоят ИИБ бошлиғининг ўринбосари полковник Ҳ.Бозоров очди.
Мавзу доирасида сўзга чиққан вилоят ИИБ бошлиғининг 1-ўринбосари полковник Ж.Атаев тараққиёт стратегиясининг биринчи йўналишига мувофиқ, эркин фуқаролик жамиятини ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш, инсон қадр-қиммати ва унинг қонуний манфаатларини таъминлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар янги поғонага кўтарилганини таъкидлади. Жумладан, «Янги Ўзбекистон – халқчил ва инсонпарвар давлат» ғоясини амалга ошириш мақсадида маҳаллий бошқарув органларининг жойларда муаммоларни ҳал этишдаги роли ва масъулияти янада кучайтирилишини, давлат функцияларининг катта қисми марказдан босқичма-босқич ҳудудларга ўтказилиши, маҳалла тизимини ҳокимликлар билан боғлаш, уларнинг молиявий имкониятини кенгайтириш, марказий идораларни трансформация қилиш орқали фуқароларга хизмат қиладиган ихчам ва самарали бошқарув тизими яратиш борасида бир қатор ишлар амалга оширилаётганини иштирокчиларга тушунтирди.
Адолат ва қонун устуворлиги халқчил давлат қуриш, инсон қадр-қимматини таъминлашнинг энг асосий ва зарур шарти эканлиги, бу эса, ўз навбатида, одил судлов тизимининг чинакам мустақиллиги ва очиқлигига эришиш, ҳуқуқ-тартибот органлари фаолиятини такомиллаштириш, адвокатура институтини кучайтириш, маъмурий судлар фаолиятини халқаро андозалар асосида такомиллаштириш муҳим вазифа сифатида қайд этилган.
Учинчи йўналиш миллий иқтисодиётни замон талаблари даражасида ривожлантиришни кўзда тутади. Aҳолининг бандлигини таъминлаш, ёшлар ва ишсиз фуқароларни давлат ҳисобидан малакали касб-ҳунарга ўқитиш, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, эҳтиёжманд аҳолини манзилли қўллаб-қувватлаш орқали 2026 йилгача камбағалликни икки баробар қисқартириш илгари сурилган ҳаётбахш ғоялардан яна биридир. «Обод маҳалла», «Обод қишлоқ» дастурлари изчил давом эттирилиб, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, замонавий йўл ва коммуникация тармоқларини барпо этиш, жамоат транспорти ҳамда ҳудудлараро мунтазам автомобил, темирйўл ва ҳаво қатновини яхшилаш бўйича йирик лойиҳалар амалга оширилади.
Коррупсияга қарши муросасиз кураш, айбдорларни жавобгарликка тортиш билан чекланиб қолмасдан, тизимли превентив чораларни кўриш, фуқаролар ўртасида қонунга ҳурмат ва амал қилиш ҳиссини шакллантириш ана шу чоралар сирасига киради.
Тўртинчи йўналишда сифатли таълим-тарбия масаласида адолатли ижтимоий сиёсат юритиш ва инсон капиталини ривожлантириш, миллий таълим дастури ишлаб чиқилиб, мактабгача таълимдаги қамров даражаси ҳозирги 62 фоиздан камида 80 фоизга, олий таълим тизимида эса 50 фоизга етказилади.
Бешинчи йўналиш бўйича маънавий ва маърифий соҳаларда кечаётган ислоҳотлар сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилади. «Янги Ўзбекистон − маърифатли жамият» консепсияси амалга оширилади. Миллий қадриятлар янада ривожлантирилади. Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги ўрни ва нуфузи оширилади. Маданият ва санъатни юксалтириш чоралари кўрилади. Она тили ва миллий маданиятни, урф-одат ва анъаналарини сақлаб қолиш ва ривожлантиришга устувор аҳамият берилиши иштирокчиларга атрофлича тушунтирилди.
Ота-онасидан ажраган, меҳрга муҳтож болаларни қўллаб-қувватлаш, уларга таълим-тарбия бериш, касб-ҳунарга ўқитиш ва турар жой билан таъминлаш чоралари ҳам эътибордан четда қолмайди. Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, аёллар бандлигини таъминлаш, давлат ва жамият бошқарувидаги ўрни ва нуфузини янада ошириш, уларнинг ўз салоҳиятини намоён етишлари учун шароитларни кенгайтириш, гендер тенглик, оила, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш борасидаги ишларни янги босқичга кўтариш мақсадида Миллий дастур қабул қилинади.
Олтинчи йўналиш иқлим ўзгаришлари, экологик муаммолар, радикализм, экстремизм ва терроризм, одам савдоси, наркотрафик каби умумбашарий муаммоларга ечим топиш юзасидан долзарб вазифаларни ўз ичига олган. Шунингдек, «Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар» мавзусидаги конференсияда қабул қилинган қарор ва ҳужжатларнинг изчил бажарилиши учун халқаро ҳамкорлар билан зарур чора-тадбирларни амалга ошириш мўлжалланяпти.
Мамлакатимизда тинчлик ва хавфсизликни таъминлашнинг ишончли кафолати бўлган Қуролли Кучларимиз қудратини янада ошириш еттинчи йўналишнинг устувор мақсади қилиб белгиланган. Бу эса Ватан ҳимоячиларининг жанговар шайлиги, жисмоний ва маънавий тайёргарлигини кучайтириш, ҳарбий хизматчилар ва соҳа фахрийларини, уларнинг оила аъзоларини қўллаб-қувватлаш, моддий таъминотини янада яхшилаш, уй-жой билан таъминлаш, фарзандларининг замонавий билим ва касб-ҳунарларни эгаллаши учун барча зарур чора-тадбирларни кўришни назарда тутади.
Мавзу доирасида тадбир иштирокчиларининг билим ва кўникмаси анча бойиди.