ТАНҚИДИЙ ВА ТАҲЛИЛИЙ ЙИҒИЛИШ
Қашқадарё вилояти Ички ишлар бошқармасида Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш хизмати ва унинг таркибий бўлимлари масъул ходимлари томонидан жорий йилнинг ўтган 6 ойида ички ишлар органлари шахсий таркиби ўртасида хизмат интизоми ва қонунийликка риоя этилишини таъминлаш ҳамда маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини оширишнинг аҳволига бағишланган таҳлилий йиғилиш бўлиб ўтди. Унда бошқарма бошлиғининг ўринбосари, Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш хизмати аппарати, касбий тайёргарлик бўлими, соҳавий хизматлардаги кадрлар билан ишлаш гуруҳи, шаҳар ва туман Ички ишлар бўлими бошлиқларининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари иштирок этди.
Йиғилишни бошқарма бошлиғи ўринбосари полковник Олимжон Абдуллаев очиб, жорий йилнинг ўтган даврида вилоятда ички ишлар органлари шахсий таркиби билан хизмат, ижрочилик интизоми ва қонунчиликни мустаҳкамлаш ҳамда маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш, касбий тайёргарлик йўналишида амалга оширилган ишларни атрофлича таҳлил этди.
Ички ишлар органлари ходимларида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, фуқароларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, фуқаролар билан хизмат давомида хушмуомала бўлиш хислатларини янада юксалтириш, фаолият давомида тамагирлик ва коррупция ҳолатларига муросасиз бўлиш борасида бир қатор чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича раҳбарлар олдига аниқ вазифалар қўйилди.
Кенгайтирилган йиғилишда эришилган ютуқлар билан бирга йўл қўйилган камчиликлар ошкора муҳокама этилиб, кун тартибига киритилган масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.