27 Октябр 2022 йил 55408

“Сувчечак” касаллиги ва профилактикаси

 

Сувчечак бир қатор вирусли инфекцияларнинг умумий номи. Бутун тана бўйлаб қизил тошмалар ва доначалар пайдо бўлиши билан намоён бўлади. Касаллик жуда камдан-кам ҳолларда такроран кузатилиши мумкин. Одатда инсонлар ҳаёти давомида бу касаллик билан бир марта касалланишади.

Инфекция тошма ва бошқа аломатлар бошланишидан тахминан 7-21 кун олдин организмга тушади. Одам терига тошма тошиши бошлангунига қадар 48 соатгача бошқаларга касаллик юқтирувчи бўлиб ҳисобланади.

Беморда бу аломатлар кузатилганидан бир ёки икки кун ўтгач, тошма ривожланиши бошланади. Одам соғайишдан олдин касалликнинг уч босқичидан ўтади. Буларга қуйидагилар:

Қизил ва пушти доначалар бутун танада ривожланади;

Доначалар суюқлик билан тўлган пуфакчаларга айланади;

Пуфакчалар қаттиқлашиб, юзаки қобиқ пайдо бўлади.

Танадаги тошмалар бир вақтнинг ўзида йўқолмайди. Вирус фаолияти давомида доимий равишда янги пуфакчалар пайдо бўлаверади. Пуфакчалар  қичишни юзага келтиради. Айниқса, чақа (яра) ҳосил бўлишидан олдин доначалар бутунлай йўқолиши учун 7-14 кун вақт кетади.

Вирус қуйидаги йўллар билан тарқалади:

Сўлак, йўтал, акса уриш, пуфакчалардаги суюқликни ушлашда.

Сувчечак ҳаво-томчи йўли билан ҳам тарқалади. Касаллик асосан 6 ойликдан 7 ёшгача бўлган болаларга таъсир кўрсатади. Касаллик шифо топгандан сўнг организмда барқарор иммунитет ҳосил бўлади. Сувчечакнинг яширин даври 11-21 кун давом этади.

Сувчечак ташхиси қўйилган беморларнинг кўпчилиги вируснинг фаоллигида касаллик белгиларини назорат қилишлари керак. Ота-оналарга болаларини мактабга юбормаслик тавсия этилади. Шунингдек, вирус тарқалишини олдини олиш учун болани тўғри парвариш қилиш керак. Вирус билан зарарланган катталар ҳам уйда қолишлари тавсия этилади.

Сувчечак касаллигини олдини олиш учун: энг аввало иммунитет тизимни мустаҳкамлаш зарур. Иммунитетни мустаҳкамлаш мақсадида, биринчи навбатда тонгги бадантарбия машқларини бажариш, оқсилга ҳамда витаминга бой озиқ-овқат, сабзавот маҳсулотларини истеъмол қилиш, хизмат хоналарини ва ётоқхоналар ҳавосини тез-тез алмаштириб туриш, вақти-вақти билан хоналарга исириқ тутатиш ҳам сувчечак вируси тарқалишини олдини олишга ёрдам беради. Шунингдек, профилактик дезинфекция тадбирларини сифатли ўтказилишини ташкил этиш мақсадга мувофиқдир.

Қашқадарё вилояти ИИБ ДПМ Тиббиёт бўлими Санитария-эпидемиология назорат маркази

Text to speech