22 Июл 2023 йил 782

“Сув ресурслари – келажак учун”

Қашқадарё вилояти ИИБда  “Сув ресурслари – келажак учун” мавзусида “Маънавият ва маърифат дарси” бўлиб ўтди. Унда Қашқадарё вилояти ИИБ раҳбарияти, таркибий бўлимлари ва соҳавий хизматлар ходимлари, иштирок этди. Уни вилоят ИИБ бошлиғи ўринбосари подполковник Ихтиёр Худойқулов очди. 

Тадбирда сўзга чиққан  Қарши муҳандислик иқтисодиёт институти Гиротехника иншоотлари кафедраси доценти, қишлоқ хўжалиги фанлари бўйича фалсафа фанлари доктори Тошмамат  Дониёров сув ҳаёт манбаи, табиатнинг энг ноёб, бебаҳо бойликларидан бири ҳисобланиши, табиий муҳит мувозанатини сақлаб, уни мўътадил ҳолатда ушлаб турувчи асосий омил эканлигини таъкидлади.

Дунёда йилдан йилга сув ресурсларига бўлган талаб тобора ошиб бормоқда. Энг ёмони, сув тақчиллиги, тоза ичимлик сувига бўлган талабнинг ошиши фонида иқлим ҳам ўзгариб боряпти, кўплаб низолар, экологик муаммолар юзага чиқяпти. Иқлим ўзгаришининг нафақат сув миқдори камайиб кетишига таъсири бор, балки табиий офатлар кўпайишига олиб келиш эҳтимоли ҳам катта. Қурғоқчилик, ўрмон ёнғинлари билан бир қаторда, сув тошқинлари ҳам юз бериши кузатилмоқда. Шуниси ҳайратланарлики, 2000-йилдан буён сув тошқинлари билан боғлиқ фожиалар олдинги йилларга нисбатан 134 фоизга ошган. 1970-йилдан буён сув тошқинлари оқибатида уч юз мингдан ортиқ инсон ҳалок бўлган, етказилган иқтисодий зарар эса 1,14 миллиард долларни ташкил қилади.

Дарвоқе, тоза ичимлик суви ҳақида гап кетганда, бир жиҳатни ёддан чиқариб қўямиз. Дунёдаги жами сувнинг 97,5 фоизи денгиз ёки океанларда жойлашган бўлиб, ичиш­га яроқсиз шўр сувдир. 2,5 фоиз ичишга яроқли чучук сувнинг ҳам аксарият қисми музликлар, олиш қийин бўлган ерости қатламларида жойлашган. Ҳозирда ер юзида мавжуд бўлган чучук сув заҳираларининг бир фоизидангина инсоният фойдаланиши мумкин.

Таҳлилчилар 2050 йилларга бориб, сувнинг жаҳондаги энг қимматли табиий неъматлардан бирига айланишини тахмин қилмоқда. Афсуски, улар орасида Марказий Осиё давлатлари, ҳам бор.

Шунинг учун ҳозирги пайтда дунёдаги аксарият давлатлар, хусусан, Ўзбекистонда ҳам экологик табиий мувозанатни тиклашдан тортиб сувдан тежамкорлик билан фойдаланишгача бўлган барча йўналишларда тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Буни бир неча йиллардан буён юртимизда «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида табиатни яшиллаш­тириш мақсадида барпо этилаётган янгидан-янги боғлар, сув йўқотилишининг олдини олиш учун ариқ ва каналларнинг бетонлаштирилиши, қор ва ёмғир сувларидан самарали фойдаланиш йўлида бунёд этилаётган сув омборлари мисолида кўриш мумкин.

2023-йилда ҳам бу борадаги ишлар тизимли давом эттирилиб, сув тежовчи технологиялар қўлланилган майдонлар ҳажми ва унинг ижобий самаралари кўламини янада ошириш мақсад қилинган. Ўзбекистон, шунингдек, қўшни давлатлар билан дарёлардан умумфойдаланиш, сув муаммоларини биргаликда ҳал этиш чораларини кўриб келмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, сув фақат одамлар учун эмас, балки бутун тирик жонзот учун ҳам зарур бўлган бебаҳо неъматдир. Уни тежаб ишлатиб, келажак авлодга ҳам борича етказишимиз керак.

Якунда ИИВ ШХББ Қашқадарё вилояти бўйича  ЎМИБ тезкор вакили майор Жамшид                     Расулов  ҳафта мобайнида республика миқёсида ходимлар билан боғлиқ содир бўлган салбий ва фавқулодда ҳолатлар тўғрисида ҳамда дунёдаги ижтимоий-сиёсий вазият юзасидан Бошқарма ТҚХ Терроризмга қарши курашиш бошқармаси ўринбосари майор Бегзод  Жавлиев  иштирокчиларга маълумотлар беришди.

Text to speech