Спортнинг волейбол тури бўйича “Ички ишлар вазири кубоги” мусобақасининг Қашқадарё вилоят босқичи ўтказилди
Мамлактимизда спортни ривожлантириш, уюшмаган ёшларни спортга жалб этиш мақсадида секторларда бир қатор мусобақалар уюштирилиб, бу ёшларнинг имкониятларини рўёбга чиқаришга хизмат қилмоқда. Жумладан, Ички ишлар вазирининг фармойишига биноан Қашқадарё вилоятида 3-сектор ҳудудидаги маҳаллаларда истиқомат қилувчи ёшлар ўртасида спортнинг валейбол тури бўйича “Ички ишлар вазири кубоги” мусобақаларининг илк мусобақалар ғолиблари Қарши олимпия ва паралимпия заҳиралари спорт мактабида навбатдаги босқичда иштирок этишди.
Тадбирни вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи ўринбосари полковник Олимжон Абдуллаев очиб, иштирокчиларга омад тилади.
Икки кун давом этган мусобақада вилоятнинг шаҳар ва туманларидаги 3-секторга қарашли 15 та маҳаллаларнинг уюшмаган ёшларидан ташкил топган жамоалари ўзаро беллашдилар.
Қизғин ва муросасиз кечган баҳсларда мусобақа иштирокчилар бор маҳорат ва тажрибаларини ишга солиб ғолиблик учун курашдилар. Мусобақа натижаларига кўра Китоб туманидаги “Кўхсор” маҳалла фуқаролар йиғинининг “Кўхсор” жамоаси барча рақибларини доғда қолдириб, ғолибликни қўлга киритди. Навбатдаги совринли ўринларни Муборак туманининг “Ёшлик” ва Қамаши туманининг “Жонбузсой” маҳаллалари банд этди.
Ғолиб жамоаларга Қашқадарё вилояти ИИБ бошлиғи ўринбосарлари полковниклар Азиз Алланазаров ва Олимжон Абдуллаев мусобақа кубоги, диплом ва тегишли миқдорда пул ҳамда қимматбаҳо совғаларни топширишди.
Ғолиб жамоа энди мусобақанинг минтақавий босқичида иштирок этади.