17 Июн 2022 йил 837

Спиртли ичимлик ўғилни қуюшқондан чиқарди

Яқинда Кўкдала тумани “Бахт” МФЙда  жойлашган 61-ўрта таълим мактабида содир этилган оғир турдаги жиноят бўйича муҳокама йиғилиши бўлиб ўтди. Унда  Қашқадарё вилояти ИИБ бошлиғи полковник Шуҳратжон Сотволдиев ва туман ҳокими ҳамда туман сектор раҳбарлари ҳамда мутасадди идоралар вакиллари иштирокида жиноят муҳокамаси бўлиб ўтди.

Муҳокамада сўз олган Қашқадарё вилояти ИИБ бошлиғи полковник Шуҳратжон Сатволдиев жиноятнинг юзага келишига шарт-шароит яратиб берган омиллар ва унинг оқибатларини чуқур таҳлил этиб, спиртлик ичимликка муккасидан кетиш инсонни залолатга етаклаши, доим зарар келтириши, кутилмаган тўқнашув ва жанжалларга сабаб бўлишини алоҳида таъкидлади.

Маълум бўлишича, 2022 йил 13 июнь куни эрталаб 06.00 ларда Кўкдала тумани, “Бахт” МФЙда яшовчи П.Ж. алкоголли ичимлик таъсиридан маст ҳолатда ўзининг яшаш уйида жанжал кўтариб, отаси С.М. ва фарзандига пичоқ билан ташланиб ва тан жароҳати етказган. Шундан сўнг П.Ж. отасини амакисининг уйига қадар қувиб бориб, у билан яна жанжаллашмоқчи бўлганида амакисининг фарзандлари уни тўхтатиб қолган.

Жиноятнинг сабаблари таҳлил қилинганда ўттиз икки ёшли эркакнинг уззу кун бекорчиликдан мунтазам спиртли ичимлик истеъмол қилишга муккасидан кетгани аниқланди. Бундай вазиятда отанинг босиқлик, вазминлик билан иш кўрмагани таъкидланди. Оқибатда эрталабдан ота-боланинг тортишуви юзага келган. Натижа эса аянчли якун топган.

Йиғилишда иштирок этган туман ҳокими, маҳалла раиси ва фаоллари ҳолатга ўз муносабатларини билдириб, нуронийлар ва фахрийлар, ота-оналар ёшларга саёқ юрмаслик, спиртли ичимлик истеъмол қилмаслик хусусида насиҳат қилиб, катталарга ҳурмат, кичикларга иззатда бўлиш, баъзида кечиримлилик, оғир-босиқлик каби инсоний фазилатларни болалар онгига кўпроқ сингдириш лозимлиги таъкидланди.

Муҳокамада бу жиноят учун қонунда қаттиқ жазо белгилангани, қолаверса одам ҳаётига суиқасд ҳолатлари қонунда ҳам, динда ҳам қораланиши таъкидланди. Бу каби жиноятларнинг олдини олиш учун маҳалла бешлиги фаолияти танқид остига олиниб, бундан кейин маҳаллада қатор профилактик ишларни амалга ошириш, ҳуқуқ-тартибот органлари ва кенг жамоатчилик ҳамкорлигини кучайтириш мақсадида профилактик тадбирлар режаси тузилди ҳамда тегишли чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Ҳолат юзасидан Кўкдала тумани прокуратураси томонидан П.Ж.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 25,97-моддаси 2-қисми “а,в” бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, ЎзР ЖПКнинг 221-моддаси тартибида ушланиб, қамоққа олиш тарзидаги эҳтит чораси қўлланган.

Text to speech