СОХТА ХОДИМ АНИҚЛАНДИ
Содир этилган ҳар қандай қонунбузарлик эртами кеч аниқланиб, жазога тортилмай қолмайди. Бу борада ички ишлар органлари ходимлари жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни эрта аниқлаб олдини олиш, рўй берганларини излар босилмай фош этиш учун куну тун ҳушёр хизмат қилмоқда.
Аммо жамиятда соҳа фидойиларининг хизмати машаққати ва масъулиятини англамай, жамоат тартибини ва фуқаролар осойишталигини сақлашга масъул шахс сифатида таништириб, фуқароларни алдашга уриниш ҳолатлари ҳам учрамоқда. Жумладан, Касби тумани Денов қишлоғида яшовчи, муқаддам Жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар судининг 2019 йил 21 октябрдаги ва 2020 йил 25 август кунидаги ҳукмларига кўра, фирибгарлик ва пора бериш жиноятларини содир этгани учун 2 йил 6 ой муддатга ахлоқ тузатиш иши жазоси тайинланган М. Ю. белгиланган жазолардан ўзига тегишли хулоса чиқариб олмасдан такроран фирибгарлик, яъни алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини ёки ўзганинг мулкига бўлган ҳуқуқни қўлга киритиш жиноятини қўйидаги ҳолат ва усулларда содир этган. М.Ю. дастлаб Чироқчи тумани Торжилға қишлоғида яшовчи таниши Х. А. билан фуқароларнинг мулкини алдаш йўли билан қўлга киритиш борасида бир гуруҳга бирлашган.
2020 йил 29 октябрь куни Қарши шаҳар “Захокимарон” МФЙдаги “Шойи балиқ” номли чойхонада М.Ю. жиноий шериги Х.А. бошлаб келган Чироқчи тумани Уйшун қишлоғида яшовчи Т.У.нинг ишончини суииистеъмол қилади. Х.А. меҳмонга “Сизни вилоят ИИБ ЖТСБ бошлиғи билан таништириб қўяман, у ишингизни ҳал қилиб беради” дейди. Чойхонада М.Ю. ўзини меҳмонга гўёки вилоят ИИБ ЖТСБ бошлиғи деб таништириб, унинг “Чироқчи тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими иш юритувида бўлган жиноят иши юзасидан жабрланувчи эканлигини билгани ҳолда, ўзини ички ишлар бошқармасининг мансабдор шахси сифатида кўрсатиш орқали унинг ишончига кириб, унга тан жароҳати етказган айбдор шахсларга нисбатан қаттиқроқ жазо чораси қўлланилишини амалга оширишга ваъда қилиб, ундан 700.000 сўм миқдоридаги пулларни фирибгарлик йўли билан қўлга киритган.
Мазкур ҳолат юзасидан 25.11.2020 йил 25 ноябр куни ўтказилган тезкор тадбирда М.Ю. қўлга киритган 700.000 сўм пулларни Т.У. га қайтариб бераётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Бундан ташқари, М.Ю. ўзганинг мулкини фирибгарлик йўли билан қўлга киритиш борасида жиноий шериги Х.А. билан олдиндан тил бириктириб, Чироқчи тумани Торжилға ва Шурқудуқ қишлоқларида яшовчи С.Б.ни жияни С.А. ва С.Т.ларни ички ишлар органларига ишга кириш учун ҳужжат тайёрлаб юрганидан хабар топади.
М.Ю. жиноий шериги Х.А. нинг режасига кўра, номзодлар С.А. ва С.Т.га ўзини вилоят ички ишлар бошқармаси кадрлар бошқармасида ишловчи масъул шахс сифатида таништиради. Уларни Ички ишлар органлари хизматига кириш учун ўтказиладиган номзодлар танловидан ўтказиб беришини, лекин бунинг учун Кадрлар бошқармаси бошлиғига пул бериши кераклигини, шундагина уларнинг иши осон битиб, 2-3 ой ичида хизмат кийимини кийиб, ишга киришишлари мумкинлигини айтади. Бу гапларга номзодларни ишонтириб, 2020 йил ноябрь ойи давомида улардан ҳарбий гувоҳномалари ва жами 2300 АҚШ доллари ва 3.800.000 сўм нақд пулларни Қарши шаҳрининг турли жойларида фирибгарлик йўли билан қўлга киритиб, ўз эҳтиёжлари учун сарфлаб юборган.
Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.