28 Март 2020 йил 843

СОХТА ХАБАРДАН КИМГА НАФ?!

Ҳозирги кунда дунё халқлари коронавирус пандемиясига қарши кескин чоралар кўраётган бир пайтда баъзи шахслар Интернет тармоқларидаги турли хил расмий ва норасмий гуруҳ, каналлар ҳамда профиллар фуқаролар орасида таҳлика, саросима уйғотувчи ёлғон хабарларни тарқатиш билан шуғулланаётгани ачинарли.

Қашқадарё вилояти ИИБ  тезкор ходимлари томонидан, Қашқадарё вилояти ҳудудида “Коронавирус” инфекцияси билан боғлиқ асоссиз (ёлғон) ёки ижтимоий-сиёсий вазиятга салбий таъсир кўрсатувчи маълумот ва хабарларни интернетдаги ижтимоий тармоқларда ва мессенджерларда тарқатиб келаётган шахсларни аниқлаш бўйича бир қатор ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, яқинда телеграм ижтимоий тармоғида очилган “Qashqadaryoliklar group” деб номланган гуруҳда (1592 нафар аъзоси бор) “Otabek aka” номи билан очилган профиль эгаси гуруҳда эълон қилинган “Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси билан касалланганлар 5 нафарга ошиб, уларнинг умумий сони 55 нафарни ташкил этмоқда” деб номланган хабарга жавобан “ – Э-э одамларни алдашдан нима фойда 1000 дан ошиб кетганк-у касалланганлар Ўзбекистонда” – “тўғрисини айтиш керак, одамлар шунга қараб чиқмайди кўчага” – “Келмас экан деб юрибди кўчага” деган сўзларни гуруҳда ёзиб қолдирган. Мазкур ҳолат юзасидан олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида, телеграм ижтимоий тармоғидан “Otabek aka” номи билан рўйхатдан ўтган фуқаро Шаҳрисабз шаҳар, “Уймовут” МФЙ, Уймовут кўчаси, 330-уйда яшовчи Оймаматов Отабек Ражабали ўғли эканлиги аниқланган.

Фуқаро О.Оймаматов билан ҳолат юзасидан суҳбатлашилганда у бу хабарни ҳеч бир асоссиз ёзганлигини, Тошкент шаҳридан келган маҳалладошларидан “Тошкентда вазият яхши эмас” деган гапларини эшитгани учун касалланганлар сони кўп бўлса керак деб ўйлаганлигини, шу сабаб “касалланганлар сони 1000 дан ошиб кетди” деб телеграм ижтимоий тармоғига ўзининг “Samsung Galaxy S8”аппарати орқали, +99897-315-19-05 телефон рақамидан фойдаланиб, ёзганлигини маълум қилган.

Юқорида қайд этилган ҳолат юзасидан фуқаро О.Р.Оймаматовга нисбатан Шаҳрисабз туман ИИБ ҲПБ ТП профилактика инспектори катта лейтенант Л.Мўминов томонидан жорий йилнинг 27 март куни ЎзР МЖтКнинг 205-моддаси асосида маъмурий иш ҳужжатлари тўпланган ва судга юборилган .

Маъмурий ишлар бўйича Чироқчи туман судининг 2020 йил 27 март кунидаги қарорига асосан фуқаро О.Р.Оймаматовга нисбатан ЎзР МЖтКнин 205-моддаси билан 10 (ўн) сутка маъмурий қамоқ жазоси қўлланилди. 

 

 

Text to speech