8 Апрел 2023 йил 293

Соҳибқиронга эҳтиром

Қашқадарё вилояти мусиқали драма театрида нафақат жангу жадаллардаги ғалабаси, балки донишмандлиги ва оқил ҳукмдорлиги билан дунёга маълуму машҳур соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 687 йиллиги муносабати билан “Соҳибқиронга эҳтиром” номли маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. Унда вилоят ички ишлар бошқармаси таркибий бўлимлар ва соҳавий хизматлари, ҳамда Қарши шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси, Нишон ва Қарши туман ички ишлар бўлимлари ходимлари, фахрийлар ва ёшлар иштирок этишди.

Кўлами кенг тадбирни вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи ўринбосари подполковник Завқиддин Хўжанов очиб, буюк давлат арбоби, соҳибқирон ўрта асрнинг йирик давлат арбоби, буюк саркарда, кучли, марказлашган давлат асосчиси, илм-фан ва маданият ҳомийси Амир Темур - 1336 йил 9 апрелда Кеш шаҳри яқинидаги Хожа Илғор қишлоғида туғилгани, унинг ёшлиги Кешда ўтганини айтиб ўтди.

Минтақада Амир Темур бошчилигида ягона туғ остида марказлашган, кучли ва мустақил давлат ташкил топди. Амир Темур Мовароуннаҳрни ягона давлатга бирлаштириш билан чегараланмади, давлатнинг сиёсий, ҳуқуқий, иқтисодий ва маънавий асосларини шакллантириб ва мустаҳкамлаб, буюк салтанат даражасига кўтарди. 27 давлатни бирлаштирган Амир Темур салтанатига маҳобати, маънавий ва илмий  кашфиётларининг бойлиги, барқарорлиги ва қудрати борасида ўша даврнинг бирорта давлати тенглашолмайди. Бу тарихий ҳақиқатдир.

Тадбирда буюк давлат арбоби, соҳибқирон Амир Темур даҳосига бағишланган адабиётшунос Нафас Шодмонов асари асосида саҳналаштирилган “Оқсарой” номли тарихий драма спектакли намойиш этилди.

Спектаклда Амир Темур салтанатида кечган ички қарама-қаршиликлар ва Шаҳри Кешда бунёд этилган Оқсарой саройи атрофидаги воқеалар жонлантирилган. Юксак дид ва персонажларга асосланган саҳна асарида эзгулик ва ёвузлик ўртасидаги кураш акс эттирилиб, яхшилик ғалаба қозонади.

Маърифий тадбир иштирокчиларда ўзгача таассурот қолдирди.

Text to speech