5 Март 2022 йил 470

Соҳа маликалари беллашдилар

 

8 март –Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан Қашқадарё вилояти ички ишлар бошқармасининг турли соҳаларида хизмат қилиб келаётган соҳа маликалари спортнинг шашка ва стол тенниси бўйича ўзаро беллашдилар. Мусобақада бошқарма соҳавий хизматлари ва Қарши шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ҳамда шаҳар-туман ички ишлар бўлимлари ходимлари иштирок этишди.

Ички ишлар органлари ходимларининг жанговар тайёргарлигини ошириш, фавқулодда вазиятларда тезкорлик билан ҳаракатланиш, шунингдек, ходимларнинг жисмоний тарбия ва оммавий спорт билан мунтазам шуғулланишини такомиллаштириш, спорт мусобақалари орқали ходимларда ирода, куч ва имкониятларига бўлган ишончни мустаҳкамлашга қаратилган спорт мусобақаси қизғин ва муросасиз баҳсларга бой бўлди.

Мусобақанинг стол тенниси йўналишида  Қарши шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ходими майор  Адолат Бегимова ғолибликни қўлга киритди. Навбатдаги совринли ўринларни Ички ишлар вазирлиги Қашқадарё академик лицейи ўқувчиси Нилуфар Нашбандова ва бошқарма Тиббиёт бўлими шифокори майор Нилуфар Абраева банд этди.

Ақл чархи ҳисобланган шашка мусобақасида эса бошқарма катта терговчиси майор Шаҳодат Зайниддинова барча рақибларини доғда қолдириб, ғолиблик шоҳсупасидан жой олди. Галдаги совринли ўринларни эса Вазирлик Қашқадарё академик лицейи ўқувчиси Малика Арабова ва Қарши туман ички ишлар бўлими ходими майор Маҳлиё Назаровалар банд этишди. 

Ғолибларга Қашқадарё вилояти Ички ишлар бошқармасининг  дипломи ва қимматбаҳо совғаларни Қашқадарё вилояти ички ишлар бошқармаси касбий тайёргарлик бўлими бошлиғи подполковник Комил Назаров топширди.

Text to speech