Соғлом авлод - келажагимиз пойдевори
Қарши шаҳрида жорий йилнинг ўтган даврида вояга етмаганлар томонидан билиб-билмай ҳуқуқбузарлик, жиноят содир этиш ҳолатларининг таҳлилига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда вилоят ИИБ ЖХХ ҲПБ, Қарши шаҳар ИИО ФМБ инспектор-психологлари, ХТБ ва унинг тизимидаги умумий ўрта таълим мактабларининг директорлари иштирок этишди.
Тадбирни вилоят ИИБ ЖХХ ҲПБ бошлиғи подполковник Руслан Темиров очиб, Қарши шаҳрида жорий йилнинг ўтган уч ойида вояга етмаганлар томонидан содир этилган жиноятлар турларга бўлинганда 1 та талончилик, 1 та безорилик, 2та ўғирлик ва 1 та ўртача оғир тан жароҳати етказиш 1 та ташкил этганини таъкидлади. Вояга етмаганлар томонидан жиноятларнинг содир этилиш вақти таҳлил қилинганда 1 та жиноят соат 07.00дан 13.00 атрофида, 3 таси 13.00дан 19.00 атрофида,
1 таси 19.00дан 01.00 гача бўлган вақт оралиғида содир этилган. Жиноятга қўл урган вояга етмаганларнинг 4 нафари мактаб, 3 нафари эса ўқимасдан юрган вояга етмаганлардир. Жумладан, ўтган йил 6 ноябрь куни Қарши тумани “Шодлик” МФЙда яшовчи вояга етмаган П.Х. Қарши шаҳрида жойлашган “АСИ” истироҳат боғида айланиб юрганида номаълум ўқувчи билан тортишиб қолган. Натижада шахси номаълум вояга етмаган П.Х.нинг унинг юз қисмига уриб, тан жароҳати етказган. Олиб борилган суриштирувлар натижасида П.Х.га тан жароҳати етказган вояга етмаган Қарши шаҳар
19-ўрта мактаб ўқувчиси Х.Ж. эканлиги аниқланди.
Қарши шаҳар ИИО ФМБ ҳузуридаги Теров бўлинмаси томонидан жиноят иши қўзғатилган.
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 03 август кунидаги “Вояга етмаганларга ижтимоий ҳуқуқий ёрдам кўрсатишни янада такомиллаштириш тўғрисида”ги Қарорига асосан, Жорий йилнинг ўтган даврида Қарши шаҳар ИИО ФМБ профилактика инспекторлари ва инспектор-психологлари томонидан жамоат жойларида ота-онасининг ёки уларни ўрнини босувчи шахсларнинг назоратисиз ва қаровисиз юрган жами 84 нафар вояга етмаганлар бошқарма вояга етмаганларга ижтимоий ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига жойлаштирилган. Марказга жойлаштирилган вояга етмаганларнинг 88 фоизини мактаб ўқувчилари ташкил этади.
Болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаган 141 нафар ота-оналарга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 47-моддасига асосан маъмурий баённома тузилиб, уларга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан беш бараваригача миқдорда жарималар қўлланилди.
Бундан ташқари, Тошкент шаҳар, Юнусобод тумани Боғибўстон МФЙда жорий йил 16 апрель куни 03.00дан 07.30ларга қадар бўлган вақт оралиғида қаровсиз ва очиқ қолдирилган фуқаро А.А. бошқарувидаги “SPARK” русумли автомашинани Қарши туманида яшовчи, Қарши шаҳар ХТБ тасарруфидаги 14- ўрта мактабнинг 7-синф ўқувчиси Б.Б. ҳайдаб олиб қочгани жинояти муҳокамаси ҳам бўлиб ўтди.
Олиб борилган тезкор чоралар натижасида Б.Б. бошқарувидаги олиб қочилган автомашинани Тошкент шаҳар Шойхонтоҳур тумани Кхай кўчасида жойлашган АЁҚШ шоҳобчаси ҳудудида ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 267-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Бунга боланинг ота-она-мактаб назоратидан четда қолагани сабаб бўлгани айтиб ўтилди.
Бир сўз билан айтганда мамлакатимизда келажагимиз ворислари бўлган ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаш иши давлат аҳамияти даражасига кўтарилди. Бугун ёшлар замон талаблари даражасида билим олишлари, ўзлари танлаган бирор бир касбни эгаллашлари, қолаверса спорт билан шуғулланишлари учун барча шарт-шароитлар муҳайё қилинган. Вояга етмаганлар ўртасида бундай кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини олиш учун оила-мактаб-маҳалла тизимини йўлга қўйиш, ёшларни бўш вақтини мазмунли ўтказиш лозимлиги ва бу борада ҳар бир масъул мутасаддилар масъулиятини ошириш бугунги кун талаби эканлиги иштирокчиларга уқтирилди.