Шаҳрисабзда ҳайдовчи туман ИИБ ЙҲХБ бошлиғига пора бераётган вақтида ушланди
Жорий йилнинг 3 октябрь куни Қашқадарё вилояти, Шаҳрисабз тумани ИИБ ЙҲХБ ЙПХ катта инспектори А.Ҳақбердиев хизмати давомида “Матиз” русумли транспорт воситаси ҳайдовчиси, 1975 йилда туғилган О.Э. автомашинани мастлик ҳолатида бошқарганлигини аниқлаган ва белгиланган тартибда маъмурий баённома расмийлаштириб, транспорт воситасини вақтинча сақлаш учун жарима майдончасига жойлаштирган.
Фуқаро О.Э. автомашинасини жарима майдончасидан чиқариб бериш эвазига Шаҳрисабз тумани ИИБ ЙҲХБ бошлиғи Ш.Отақуловга 800.000 сўм миқдоридаги пулларни пора тариқасида таклиф қилган.
ЙҲХБ бошлиғи Ш.Отақулов ушбу ҳолат юзасидан туман ИИБ бошлиғи номига билдирги орқали мурожаат қилган. Ходимнинг билдиргиси асосида, жорий йилнинг 5 октябрь куни соат 17:30 ларда, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида фуқаро О.Э. пора тариқасида жами 1.000.000 (бир миллион) сўм пулларни туман ИИБ ЙҲХБ бошлиғи Ш.Отақуловга ушбу туманда жойлашган “Шовкат транс” МЧЖга қарашли жарима майдончасида бераётган вақтида далилий ашё билан ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Департаментнинг Шаҳрисабз тумани бўлими томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.