22 Феврал 2022 йил 426

Сенат ишчи гуруҳи “Отчопар” маҳалласидаги мактабга ташриф буюрди

 

Қарши шаҳри воҳа маркази бўлиш билан бирга аҳоли гавжум яшайдиган масканлардан бири. Шаҳарда жиноятлар ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш йўналишида амалга оширилаётган ишлар, ички ишлар органлари ходимларига яратилган шарт-шароитлар билан танишиш мақсадида Сенатнинг Хавфсизлик ва мудофаа масалалари қўмитаси раиси бошчилигидаги ишчи гуруҳ “Отчопар” маҳалла фуқаролар йиғинига ташриф буюрди. 

3-секторга қарашли “Отчопар” маҳалла фуқаролар йиғинида бир қатор шифохона ва бошқа ташкилотлар жойлашгани боис фуқаролар кўп тупланадиган маскан ҳисобланади. Маҳалланинг шимолий кириш йўлида жойлашган бошқарма патрул-пост хизматининг тунги вақтда хизмат кўрсатувчи назорат кузатув маскани жойлашган. Ҳуқуқбузарликлар ва жиноятларни аниқлашга мослаштирилган видеокузатув масканида бўлган ишчи гуруҳ қонунбузарликларни жиловлаш борасидаги имкониятлар билан танишди. Ўрнатилган видеокамералар огоҳлантирувчи СОС сигналларига қараб ўз мувозанатини 360 градусгача айланиб, бир ярим километргача бўлган узоқликдаги жараёнларни тўлиқ ва тиниқ тасвирга олиб, хотирасига жойлайди. Бу ишчи гуруҳ томонидан ижобий тавсифланди. 

Сенаторлар 3-сектор оталиғига олинган маҳалладаги 44-мактабда бўлиб, таълим муассасасида ўқувчиларга яратилган шарт-шароит ва имкониятлар, айниқса, мактабда ташкил этилган йўл ҳаракати хавфсизлиги синфи ва ундаги кўргазмали жиҳозларни кўздан кечириб, ўқувчиларга йўл ҳаракати қоидалари бўйича берилаётган дарс ва амалий машғулотларга юқори баҳо берди. Ташриф доирасида мактаб ўқувчилари билан савол-жавоб қилиб, дарс машғулотлари ва фан сирларини пухта ўзлаштирган ўқувчиларга сенаторлар китоблар совға қилди.

Президентимизнинг ташаббуси билан амалга оширилаётган “Яшил макон” лойиҳаси доирасида ишчи гуруҳ мактаб боғига дарахт кўчатлари экишди.

Сўнгра, Қарши шаҳар ИИОФМБда бўлган сенаторлар ситуацион марказда бўлиб жиноятларни жиловлаш бўйича шаҳарда ўрнатилган кузатув камералари имкониятларини юқори баҳолади.

 Қарши шаҳар ИИОФМБда бўлиб ўтган йиғилишда сенаторлар шаҳарда жиноятларни “маҳаллабай” кесимида таҳлил қилиб, келгусида амалга оширилиши лозим бўлган таклиф ва тавсияларини беришди. Бунда “фуқаробай”, “ хонадонбай” усулида маҳаллаларда профилактик тадбирларни амалга ошириш, ёшлар ва фуқаролар бандлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишларни ҳам таҳлил этиб, асосий эътибор қаратиш лозим бўлган жиҳатлар хусусида ўз фикр-мулоҳазаларини берди.

Text to speech