27 Июл 2022 йил 826

Сархушлик ортидаги жиноят

Нишон тумани ҳокимлигида “Каптарли” маҳалла фуқаролар йиғинида яқинда содир этилган мудҳиш жиноят муҳокамаси бўлиб ўтди. Муҳокама йиғилишида вилоят ИИБ, Нишон туманидаги тўртта сектор раҳбарлари ва маҳалла бешлиги ҳамда диний идоралар, хотин-қизлар билан ишлаш бўлими, маҳалла оқсоқоллари, фаоллар иштирок этди.

Муҳокама йиғилишида вилоят ИИБ бошлиғи полковник Шуҳратжон Сатволдиев сўз олиб, Нишон туманидаги “Каптарли” МФЙда яшовчи жиянининг никоҳ тўйига келган Сурхондарё вилоятининг Қизириқ туманида яшовчи Х.Э. ярим тунда торт кесиш тадбирида шу маҳаллада яшовчи кўёвнинг жўраси Х.Ж. билан жанжаллашиб қолганини таъкидлади. 

Жаҳл келса, ақл кетади деганларидек, Х.Э. спиртли ичимлик таъсирида ошхонадан пичоқ олиб чиқиб, Х.Ж.нинг чап кўкрак қисмига санчиб, тан жароҳати етказган.

Муҳокамада маҳалла фаолларининг тўйни вақтида бошлаб тугатишга эътиборсизлик қилгани, спиртли ичимликлар дастурхонга кўп қўйилгани юқоридаги жиноятни юзага келишига сабаб бўлганини таъкидланди. Қолаверса, маҳалла фаоллари, фуқаролар ўртасида бу турдаги жиноятларни олдини олиш, тўй ва бошқа маросимларни ўтказишда белгиланган тартиб-қоидаларга риоя қилмаслик, ярим тунгача тантаналарни давом эттирмаслик, қоидага бўйсунмаганларга қонунлардан белгиланган тартибда тегишли чоралар кўриш ҳамда  профилактик тарғибот тадбирларини янада кучайтириш, маҳаллада яшовчи фуқароларни бандлигини таъминлаш бугунги куннинг долзарб масаласи эканлиги масъулларга тушунтирилди.

Сир эмас кейинги пайтларда тўйларда ортиқча дабдабабозликка йўл қўйилмоқда. Масалан, торт кесиш ва шунга ўхшаш миллатимизга хос бўлмаган одатлар туфайли тўй ярим тунгача давом этаётгани, натижада фуқароларнинг тинчлиги, жамоат тартиби бузилаётгани иштирокчиларга тушунтирилди. Қолаверса, туманда жамоат тартибини сақлашга масъул органлар бундай ҳолатларни назорат қилмаётгани, бир кунда қайси ҳудудларда тўй бўлаётгани ва жамоат тартибини сақлашга куч ва воситаларни жалб этиш борасида аниқ манзилли ишларни амалга ошириш чора-тадбирларини белгилаш борасида масъулларга топшириқлар берилди.

Бундан кейин масъуллар тўйни белгиланган тартиб-қоидаларга амал қилиб ўтказишга бош-қош бўлиши, ортиқча исрофгарчиликларга йўл қўймаслик, турли ҳою ҳавасларга берилиб, ортиқча дабдабабозликни олдини олиш борасида фуқаролар ўртасида ҳам тарғибот ишларини олиб бориш, тўйни тинч ўтказиш борасида тушунтириш ишларини амалга оширишга оид  фикрлар масъулларга тушунтирилди.

Кўпни кўрган катта ҳаётий тажрибага эга оқсоқоллар ёшларга бу борада ўз маслаҳатларини мунтазам бериши бу каби кўнгилсиз ҳолатлар ўз-ўзидан барҳам топишига хизмат қилади.    

Ҳолат юзасидан Нишон туман прокуратураси томонидан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Text to speech