22 Июл 2022 йил 707

Сархушлик жиноятга етаклади

    Кейинги пайтларда содир этилаётган аксарият оғир турдаги жиноятлар спиртли ичимликлар таъсирида юз бераётгани кўпчиликни ташвишга солмоқда. Оқибат шу даражага бориб етмоқдаки, сархушликда содир этилаётган жиноятлар аянчли якун топмоқда. Жумладан, жорий йил 18 июль куни Яккабоғ тумани “Обод” МФЙда яшовчи икки нафар фуқаронинг жанжалига спиртли ичимлик сабаб бўлган. 

     Яккабоғ туман ҳокимлигида мазкур жиноят муҳокамасига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда вилоят ИИБ, тумандаги тўртта сектор раҳбарлари ва маҳалла бешлиги ҳамда фаоллари иштирок этишди.

     Йиғилишида вилоят ИИБ бошлиғи полковник Шуҳратжон Сатволдиев тумандаги “Обод” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи фуқаролар М.Ж. ва Й.Н. бирга спиртли ичимлик истеъмол қилиб, маст бўлиб қолгач, икковлон жанжаллашганини билдирди. Оқибат шу даражага бориб етадики, икковлон жиққамушт бўлиб қолгач, атрофдаги фуқаролар уларни ажратиб уйига жўнатиб юборишади.

     Шу куни соат тахминан 21:00ларда Й.Н. уйига келиб, ошхона пичоғини олиб, алам устида маҳалладоши М.Ж.нинг уйига боради. Ҳовлида юрган М.Ж. ҳеч нарсадан бехабар унга пешвоз чиққанда Й.Н. унинг танасининг дуч келган жойига бир неча марта пичоқ уради.

     Муҳокамада бу фуқароларнинг ҳеч қаерда ишламаслиги, уззу кун бекорчиликдан спиртли ичимликка муккасидан кетганини таъкидланди.

   Бундан кейин бу турдаги жиноятларни олдини  олиш учун маҳалла фаоллари, “фуқаробай” ва “хонадонбай” ишларни янада жонлантириши, вақтида профилактик ишларни амалга ошириб, уларнинг бандлигини таъминлаши иштирокчиларга тушунтирилди.  

    Ҳолат юзасидан Яккабоғ туман прокуратураси томонидан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Text to speech