Ўғрига чора - бўлмади пора
Жорий йилнинг 6 январь куни ички ишлар
органларининг 102 хизматига Қамаши тумани “Чангак” ва Ибн Сино МФЙларда яшовчи
фуқаролар мурожаат этиб, Чангак қишлоғида яшовчи қурилиш тугалланмаган бинодан 4 дона қозон, 3
дона чойнак, электрон тарози, ҳаво пуркагич (насос), 5 дона темир нарвон, тахта
маҳсулотлари, кафел маҳсулотларини ва бошқа маиший хизматда фойдаланиладиган
нарса ва буюмлар ўғирлаб кетганлигини маълум қилишган.
Мурожаат юзасидан суриштирув ишларини олиб
борган Қамаши тумани ИИБ Тезкор-қидирув хизмати жиноят қидирув бўлинмаси тезкор
вакили ушбу жиноятни “Чангак” маҳаласида
яшовчи фуқаро содир этганлиги аниқлаб, унинг хонадонидан шу йил 8 январ куни
ўғирланган нарса ва буюмлар холислар иштирокида расмийлаштириб олади.
Эртаси куни фуқаро тезкор вакилга
учрашиб, ўғрилик ҳолати юзасидан тўпланган ҳужжатларни терговга ўтказмаслик ва
жиноят иши қўзғатмаслик эвазига 300 (уч
юз) АҚШ доллари пора таклиф қилади.
Тезкор ходим фуқарога пора бериш
ва воситачилик қилиш жиноят эканлигини айтса-да, фуқаро ўз аҳдидан қайтмайди.
Натижада капитан ҳолат юзасидан раҳбариятни хабардор этади.
Жорий йилнинг 9 январь куни соат
18-30 ларда фуқаро капитаннинг хизмат
хонасига келиб 100 АҚШ долларини пора тариқасида бераётган
вақтда тадбир иштирокчилари томонидан ашёвий далил билан ушланди.
Мазкур ҳолат юзасидан Қамаши
туман прокуратураси томонидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб
борилмоқда.
Начора, ўғрига чора бўлмади пора.