Республика ишчи гуруҳи Қашқадарё вилоятида ўз ўрганишини бошлади
Бугунги кунда маҳаллаларни жиноятдан ҳоли хавфсиз ҳудудга айлантириш, аҳолини қийнаб келаётган муаммоли масалаларни манзилли ҳал этиш давлатимиз раҳбари томонидан белгиланган устувор вазифалардан бири ҳисобланади.
Бу борадаги ишларни жадаллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш масалалари бўйича маслаҳатчиси Бахтиёр Исламов ҳамда Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов бошчилигидаги ишчи гуруҳ Қашқадарё вилоятида ўрганиш ишларини бошлади.
Ушбу жараёнларда асосий эътибор ҳоким ёрдамчилари, ёшлар етакчилари, маҳалла фаоллари ҳамда профилактика инспекторларининг ҳамкорликда аҳолини камбағалликдан чиқариш, ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олишга қаратилган фаолияти ва сектор раҳбарларининг ташаббускорлиги вилоятнинг ҳар-бир шаҳар-туманларининг маҳаллаларига чиққан ҳолда таҳлил қилинмоқда.
Дастлаб, Ғузор туманидаги «Батош» маҳалла фуқаролар йиғинида бўлган Ишчи гуруҳ аъзолари масканда истиқомат қилаётган 4879 нафар аҳолининг муаммолари қай тариқа ҳал этилаётганига эътибор қаратди. Маҳаллада Ҳоким ёрдамчиси Бегзод Хамидов аҳолини 4 тоифага ажратиб, асосан ишсиз бўлган 225 нафар ёшлар ва фуқароларнинг бандлигини таъминлашни бошлади.
Жумладан, шу кунгача ишсиз бўлган 58 нафар фуқарога 25 сотихдан ер ажратилди. Улар ерга деҳқончилик қилиб, ўзини ўзи банд қилиши таъминланди. 70 нафар ишсиз фуқароларга 10 донадан майда шохли мол корпорация асосида тарқатилди. Фуқаролар молларни 3 ой давомида боқади. Сўнгра чорва молларининг гўшти корпорация томонидан сотиб олинади. Молнинг илк вазни билан боқилган даврдаги вазни солиштирилиб, фойдаси фуқарога тўлаб берилади.
Бундан ташқари чорва ва иссиқхона ҳамда паррандачилик асосида кредит олиш истагида бўлган 97 нафар ёшларнинг ҳозирда ҳужжатлар тайёрланиб банка топширилди. Банк кредит ажратгач, яқин кунларда ёшларнинг бандлиги таъминланади. Амалга оширилган бу каби ижобий ишларнинг натижасида 2021 йил ва 2022 йилнинг 1-чорагида «Батош» маҳалласида жиноят содир этилишига йўл қўйилмади.
«Албатта бу каби ишларни биргина маҳалла фаоллари, профилактика инспектори, ҳоким ёрдамчиси ва ёшлар етакчиси билан амалга ошириш мушкул. Маҳаллада истиқомат қилувчи 15 нафар Нуронийлар кенгаши аъзолари чорва ва бошқа кредитлар асосида бандлиги таъминланган 40 нафар ёшларни иш юритишини кузатиб боради», дейди маҳалла раиси Нилуфар Раупова суҳбат жараёнида.
Ёшлар етакчиси Элёр Бозоров томонидан 6 нафар ишсиз ёш «Ёшлар дафтари»га киритилиб, 4 нафарига ер ажратилади, 2 нафар олий ўқув юртларида таҳсил олаётган ёшларга «Саховат ва кўмак» жамғармаси ҳисобидан шартнома пуллари тўлаб берилишига тавсия берилди.
Кейинги манзил «Буюрсин текстиль» МЧЖ бўлди. Ғузор туманида аҳоли гавжум яшайдиган «Амир Темур» маҳалласида жойлашган жамият 2022 йил февраль ойидан синов муддати билан ишга туширилган. Корхонага хомашё Хитой давлатидан олиб келиняпти. Кейинчалик маҳаллий хомашёлардан маҳсулот ишлаб чиқариш йўлга қўйиш режалаштирилган.
«Асосан, эркаклар кўйлагини ишлаб чиқаришга мослашган жамиятда бир кунда 450 дона кўйлак ишлаб чиқарилмоқда, дейди «Буюрсин текстиль» хусусий корхонаси раҳбари Ғанишер Жалолов. Режага асосан кейинчалик бир кунда 2000 дона маҳсулот ишлаб чиқаришга ихтисослашган жамият маҳсулотларини хорижий давлатларга экспорт қилишни ҳам режага киритган. Бир вақтда 100 нафар хотин-қизлар меҳнат қилаётир.
Ишчи гуруҳ вакиллари корхонанинг экспорт салоҳияти ва келгусидаги янги режалари билан яқиндан танишар экан, бир йўла у ерда ишчиларга яратилган шароитларни ҳам ўрганишди.
Туманнинг Амир Темур МФЙда инвестиция лойиҳаси асосида қурилиш ва хўжалик молларига ихтисослашган бозор қурилиб, ишга тушиш арафасида.
«Айни кезларда 70 та дўконни ўз ичига олган бозорда тадбиркорлар фаолият кўрсатиши мумкин. Ўз навбатида бу тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган ва бу борада энди иш бошлаган ёшларга имконият демакдир», дейди жамият раиси Шуҳрат Усмонов.
«Мустақиллик» маҳалласида бўлган ишчи гуруҳ масъуллари «Ёшлар орасида жиноятчиликнинг барвақт олдини олишда профилактика инспекторининг ёшлар етакчиси билан ҳамкорлиги» юзасидан тақдимоти билан танишдилар. Маҳалланинг кириш-чиқиш ва аҳоли гавжум бўладиган масканларига видеокузатув мосламалари ўрнатилиб, профилактика инспекторининг хизмат хонасида ташкил этилган мини ситуацион марказга интеграция қилинганлиги ишчи гуруҳ томонидан ижобий баҳоланди.
Қолаверса, ёшларни бандлигини таъминлаш, бўш вақтини мазмунли ўтказиш борасида амалга оширилаётган ишлар режаси билан яқиндан танишдилар. Бу борада амалга оширилган ишларни кўздан кечириш жараёнида аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича тегишли тавсия ва таклифлар берди.
Куннинг иккинчи ярмида Қарши давлат университетида бўлган Давлат маслаҳатчиси ва Ички ишлар вазири талабаларнинг ўқиши ва яшаш шароитлари билан қизиқди.
Маълумки, келажак бугундан бошланади. Шу боис ҳар бир ёшни бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларга яшаш ва ўқиш шароитларини яратиш, керакли адабиётлар ва ўқув қўлланмалари билан таъминлаш ҳамда моддий-техник базасини яхшилаш бўйича университет раҳбариятига керакли тавсиялар берилди.
Маълумот ўрнида айтиш керакки республика бўйича криминоген вазияти оғир ҳисобланган 830 талик рўйхатга кирган маҳалларнинг 58 таси Қашқадарё вилояти улушига тўғри келади. Шу боис республика ишчи гуруҳи ташаббуси билан Ички ишлар вазирлигининг алоҳида ишчи гуруҳи томонидан вилоятдаги криминоген вазиятни барқарорлаштириш, жиноятчиликни жиловлаш, аҳоли мурожаатлари билан ишлаш, хизмат интизомига риоя этилиши ҳамда йўлларда хавфсиз ҳаракатланишни таъминлаш мақсадида махсус профилактик тадбирлар олиб борилиб, амалий ёрдамлар кўрсатилмоқда.
Ўтказилаётган тадбирлар давомида, 28 та жиноий ва 39 та маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланиб, тергов ва суддан бўйин товлаб қидирувда бўлган 10 нафар шахс ушланди, муқаддам содир этилиб фош этилмасдан қолган 5 та жиноятлар очилди.
Йўлларда хавфсиз ҳаракатни таъминлаш мақсадида ўтказилган махсус тадбирларда 654 та қоидабузарликлар аниқланиб, тегишли чоралар кўрилди.
Аниқланган камчиликлар ва амалга оширилган ишлар натижалари ўрганишлар якунига бағишланган йиғилишда муҳокама қилинади.
Республика ишчи гуруҳи Қашқадарё вилоятида ўз фаолиятини давом эттирмоқда.