25 Март 2023 йил 327

Референдум – халқ иродасининг ҳаётий ифодаси

Янгидан қабул қилиниши кутилаётган Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг матни 2022 йил 25 июнь куни «Буменинг Конституциям» портали орқали умумхалқ муҳокамасига қўйилди. Бунгача эса 46 кишидан иборат махсус комиссия ушбу лойиҳа устида бир ой ишлади ҳамда халқимиз томонидан келиб тушган 60.000 дан зиёд таклиф ва мулоҳазаларни ўрганиб чиқди. Конституциянинг лойҳасида ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликлари акс этган.

Шунингдек, янги Конституциянинг лойиҳасида асосий қонуннинг 64-та моддасига 200дан ортиқ                                            ўзгартиришлар киритиш ҳамда 16 та нормани ўз ичига олган 6 та янги модда қўшиш таклиф этилмоқда. Хусусан, Конституциянинг 1-моддасидаги “Ўзбекистон – суверен демократик республика” жумласини “Ўзбекситон – суверен республика, ҳуқуқий, ижтимоий, дунёвий, демократик давлат” жумласига ўзгартириш ва бу орқали Конституциянинг 127-моддасига “ушбу Конституция 1-моддасининг ва ушбу моддаси иккинчи қисмининг қоидалари қайта кўриб чиқилиши мумкин эмас»лиги ҳақида қатъий норма киритилмоқда. Бу билан давлатимиз ўзининг танлаган йўлидан ҳеч қачон ортга қайтмаслиги, ислоҳотларнинг давомий бўлиши, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини улуғланиши Бош қонунимизнинг илк нормасидаёқ ўз аксини топмоқда. Бундан ташқари, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлаш мақсадида Конституциянинг бир қатор моддаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда. Чунончи, Конституциянинг 13-моддасига «инсоннинг давлат органлари билан ўзаро муносабатларида қонунчиликда юзага келадиган, бартараф этиб бўлмайдиган барча қарама-қаршиликлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин қилиниши» ҳақида қоидалар киритилиши кутилмоқда. Бу эса албатта, халқ давлат учун эмас, давлат идоралари халқ учун шиорининг кўриниши десак янглишмаган бўламиз.

Шунингдек, Конституциянинг 22-моддасига қуйидагича янги қоидалар киритилмоқда: «Ўзбекистон Республикаси фуқароси Ўзбекистондан ташқарига чиқариб юборилиши ёки бошқа давлатга берилиши мумкин эмас. Давлат хорижда яшаётган фуқаролар ва ватандошлар билан алоқаларнинг сақланиб қолиши ҳамда ривожланиши тўғрисида ғамхўрлик қилади». Ушбу киритилаётган янги норма орқали нафақат давлатимизда яшаётган, балки чет эл мамлакатларида ҳам истиқомат қилувчи фуқароларимизга ҳам давлатимиз томонидан беғараз ёрдам берилиши ўз аксини топган.

Бундан ташқари, инсон қадрини улуғлаш йўлидаги энг катта қадамлардан бири бу албатта, жиноят учун ўлим жазосининг таъқиқланиши бош қонунимиз орқали белгилаб қўйилишидир. Тўғри, Республикамизда 2008 йил 1 январь санасидан бошлаб ўлим жазоси бекор қилинган, бироқ бу қоиданинг Конституцион даражада белгиланиши Ўзбекситонда инсон қадрининг биринчи ўринга олиб чиқилгани билан баҳоланади.

Text to speech