25 Май 2022 йил 972

Раҳбар психологияси

     Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири ўринбосарининг 2022 йил 17 май кунидаги режа-топшириғига асосан, вилоят ИИБда “Раҳбар маънавияти”, “Раҳбарнинг бошқарув маданияти”, “Раҳбар психологияси” мавзуларида семинар-тренинг ташкил этилди. Унда бошқарма соҳа хизматлари раҳбарлари ички ишлар органлари раҳбар кадрлар заҳирасига олинган ходимлар иштирок этди. Тадбирни вилоят ИИБ ММИ ва КБТХ бошлиғининг ўринбосари подполковник Шермухаммад Муслимов очди.
       Тадбирда ИИВ Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш департаменти етакчи мутахассис-психологи капитан Жасур Каримов дастлаб семинар-тренинг мавзуларини иштирокчиларга тушунтирди.
     Семинар-тренингда раҳбарлик лавозимларига тайинланаётган ходимларни бошқарувчанлик ва ташкилотчилик қобилиятларини ўрганишга қаратилган ишлар тартиби ва шаффофлиги, жамоаларнинг маънавий-руҳий муҳити аҳволини ўрганиш бўйича аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича гуруҳларга бўлинган ҳолда баҳс-мунозара асосида олиб борилди.
       Табель қуролидан фойдаланган ҳолда хизмат олиб борадиган ходимлар билан буйруқ талаблари асосида иш олиб бориш, салбий хулқ-атворга мойиллиги юқори ходимларни аниқлашга қаратилган психологик-тадбирлар, тренинг, ўқув-амалий машғулот ва давра суҳбатларида ходимларнинг хизматга мослашиш жараёни, психологик қўллаб-қувватланиши, психоконсультатив суҳбатларнинг амалдаги тўғри ташкиллаштирилиши муҳокама қилиниб, келгусида амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар белгилаб олинди.
    Ташкил этилган мазкур семинарда психологлар томонидан раҳбар ходимлари учун психологик тренинг машғулотлари ўтказилди. Тренингда ходимлар дунёқараши, маънавий ва интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, уларда ватанпарварлик, ғурур, ифтихор, касбига садоқат ва юқори масъулият ҳисларини ошириш билан боғлиқ психологик маслаҳатлар бериб ўтилди. Бундан ташқари касбий маиший, стресс (зўриқиш), депрессия ва бошқа салбий руҳий ҳолатларни олдини олиш бўйича психологик тавсиялар берилди.
     Ташкил этилган бу каби маънавий-маърифий тадбирлар ички ишлар органлари ходимларини руҳиятини мустаҳкамлаб, “Ватанга ва халққа садоқат билан хизмат қилиш – олий бурч” эканлигини ҳис қилган ҳолда ҳалол хизмат олиб бориши учун хизмат қилиши шубҳасиз.

Text to speech