ҚЎШ ЖИНОЯТ МУҲОКАМАСИ
Яқинда Деҳқонобод тумани Яшнобод МФЙда жойлашган 40-сонли ўрта мактабда фирибгарлик ва оғир оқибатли йўл-транспорт ҳодисаси жиноятлари муҳокамаси бўлиб ўтди. Унда вилоят ИИБ, туман ИИБ, Яшнобод МФЙ, ва ХТБга қарашли 40-сонли ўрта мактаб ўқитувчилари ва кенг жамоатчилик вакиллари, жиноят иштирокчиларининг оила аъзолари иштирок этди.
Кун тартибидаги биринчи масала юзасидан сўз олган вилоят ИИБ бошлиғи ўринбосари подполковник Х.Атаназаров Деҳқонобод тумани “Оқрабод” МФЙда яшовчи фуқаро М.Х., Сурхондарё вилояти, Жарқўрғон туманида яшовчи таниши Х.А. 2018-2019 йиллар давомида яшаш уйига келиб, дастлаб автомашина олиб беришини ваъда қилиб, 80.000.000 сўм пулини олиб кетганлигини сўнг эса унга автомашина эмас каврак ўсган ер олиб беришини, орадан бироз вақт ўтиб, коврак ўсимлигини экиш учун ва яна шира-симоласини йиғиб олишга кўпроқ пул керак бўлаётганлигини айтиб, ишончига кириб, жами 215.000.000 сўм пулларини олиб, шу кунга қадар пулларини бермасдан келаётганлиги боис туман ИИБга ариза ёзганини айтиб ўтди.
Ўзгаларни чув тушириш учун фирибгарлар одатда тўғридан-тўғри қарз сўрамайди, - деди бошқарма бошлиғи ўринбосари подполковник Х.Атаназаров. – Фирибгарлар фуқароларни арзон автомашина, ҳудудий жойлашувга қараб участка учун ёки коврак ва бошқа қишлоқ хўжалик экинлари экишга ер олиб бериш, фарзандини ишга жойлаштириш, баъзи муамоларини ҳал қилиб беришни ваъда қилиб одамларни пулини олиб чув тушириши кўпчиликка яхши маълум.
Ички ишлар органлари ходимлари оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда фирибгарларнинг кирдикорлари ҳақида қанча кўп ахборотлар, уларнинг тузоғига тушиб қолмаслик ҳақида огоҳлантиришлар бермоқда. Буни кўпчилик яхши билади. Ҳуқуқ-тартибот идоралари ёки ҳокимият вакилларидан фалончи ака билан танишман, ҳар қандай ишимни ҳал қилиб беради, пурмаъно гапларга учмаслик керак. Ана шундай одамларга дуч келганда сал эҳтиёткор бўлиш кераклиги иштирокчиларга атрофлича тушунтирилди.
Халқимизда фалокат оёқ остида деган нақл бор. Одатда бу кўпроқ ҳайдовчиларга нисбатан айтилгандек, гўё. Шундай экан, йўлларда автомашина бошқаришда эҳтиёткорлик ва зийраклик, ҳушёрликни қўлдан бермаслик керак,- деди бошқарма бошлиғи ўринбосари. - Ғузор тумани Авғонбоғ қишлоғида яшовчи З.Н. 2021 йилнинг 16 феврал куни соат 04:00 ларда Деҳқонобод тумани, “Яшнаобод” қишлоғи ҳудудидан ўтган М-39 рақамли “Олмаота–Тошкент-Термиз” йўлининг 1299 километрида ўзини бошқарувида бўлган “Ласетти” русумли автомашинасини “Термиз-Ғузор” йўналиши бўйлаб бошқариб келиб, йўлнинг ўнг томондаги пастлик(жарлик)ка тушиб кетиб, йўл-транспорт ҳодисаси содир қилган. Оқибатда автомашинада бўлган йўловчилар Ғузор туманида яшаган Х.У., Б.А К.З. тан жароҳати олиб воқеа жойида вафот этганини таъкидлади. Бундан ташқари, автомашинада бўлган йўловчи Ғузорлик Ҳ.Ж. ва ҳайдовчи З.Н тан жароҳати олиб шифохонага тушган.
Кейинги пайтларда айрим киракаш ҳайдовчилар пул топиш илинжида меъёрда ухламасдан автотранспорт рулига ўтираётгани мана шундай аянчли йўл-транспорт ҳодисаларини келтириб чиқараётганини билдирди. Бундан ташқари вақтдан ютиш илинжида тунда йўлга чиқиш каби одатлар ҳам бунга сабабчидир. Бирор ҳужжат ҳужжат ёки техник ва тиббий кўрикдан ўтмасдан киракашлик қилиш учун автомашина рулига ўтириш аслида қонунбузарлик. Бу борада ота-оналар ёки оиланинг ёши улуғлари ёшларга тегишли йўл-йўриқ ва маслаҳат бериши лозим. Ана шунда ҳайдовчининг хатоси сабаб одамлар ҳаётдан бевақт кўз юмишининг олди олиниши иштирокчиларга уқтирилди.