ҚОНУНИЙЛИК - ХИЗМАТ АСОСИ
Қашқадарё вилояти ИИБда жорий йил 15 июнь куни Ички ишлар вазири генерал-лейтенант П.Бобожонов ҳузурида ўтказилган видеоселектор йиғилиши кун тартибида кўриб чиқилган масалалар ижросига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда вилоят ИИБ раҳбарияти ва тезкор хизматлар ходимлари иштирок этишди. Йиғилишни вилоят ИИБ бошлиғи полковник Ш.Сатволдиев очди.
Дастлаб, бошқарма ва шаҳар-туман ИИБлари тезкор хизмати ходимлари саф кўригида қатнашиб, кийиниши, юриш-туриши ўрганилиб, аниқланган камчиликлар жойида бартараф этилди.
Сўнгра, йиғилишда иштирок этган ички ишлар органлари ходимларига фуқаролар билан мулоқотда хушмуомала бўлиши, ҳуқуқбузарлар ва жиноят содир этган шахслар билан ваколат доирасидан четга чиқмасдан қонун доирасида мулоқот қилиш тушунтирилди. Ушбу жараёнда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳурмат қилган ҳолда мулоқотда бўлиш, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган меъёрларига риоя этиши шартлиги иштирокчиларга уқтирилди.
Ички ишлар органлари ходимлари халқ хизматчиси. Бас шундай экан, хизматни Ўзбекистон Республикаси қонунлари, ИИВнинг тегишли буйруқ ва меъёрий ҳужжатлари асосида ўташ бугунги кун талаби.
Аксинча, қўполлик, мансаб ваколатидан четга чиқиш, порахўрлик, таъмагирлик қилиб, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинларини поймол қилувчи ходимларга ички ишлар органлари сафида жой йўқлиги уқтирилди.
Йиғилиш якунида хизматда ижобий натижаларни қўлга киритган тезкор ходимлар бошқарма раҳбариятининг “Ташаккурнома”си ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.