9 Январ 2021 йил 848

ҚОНУН УСТУВОРЛИГИ ВА АДОЛАТ ТАНТАНАСИ – БОШ МЕЗОН

 

Халқимизнинг фаровон, тинч ва осойишта ҳаёт кечиришини таъминлаш, мамлакатимизни ҳар томонлама тараққий эттириш барчамизнинг олий мақсадимиздир.

Бугун Бош прокуратурада Ўзбекистон Республикаси прокуратура органлари ходимлари кунига бағишланган байрам тадбири бўлиб ўтди.

Видеоконференцалоқа шаклида бўлиб ўтган тадбирда Президент Администрацияси, Парламент, Ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идоралар раҳбар ходимлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари, Бош прокуратура, Ҳарбий прокуратура, Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент, Мажбурий ижро бюроси ва Академия ходимлари иштирок этишди.

Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев кириш сўзи билан очиб, тизимда фаолият олиб бораётган ходимларни байрам билан табриклади.

— Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, кейинги йилларда Давлатимиз раҳбарининг прокуратура органларига бўлган алоҳида эътибори ва ғамхўрлиги тизимимиз ривожида янги босқични бошлаб берди.

Муҳтарам Президентимиз 2016 йил 19 декабрь куни “8 январни – Ўзбекистон Республикаси прокуратура органлари ходимлари куни” деб белгилаш ҳақидаги қонунни имзоладилар. Таъкидлаш жоиз, тараққиётимизнинг янги босқичида жамиятда адолатни қарор топтириш, қонунийликни мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, умуман, барча йўналишларда кенг қамровли ва мисли кўрилмаган ислоҳотлар амалга оширилмоқда ҳамда муҳим натижаларга эришилмоқда. Прокуратура органларини халқ прокуратурасига айлантириш аввало, тизимда очиқлик ва шаффофликни тўла таъминлаш ҳамда фақат ва фақат халқ манфаати йўлида оғишмай хизмат қилиш асосий вазифа этиб белгиланди.

Қонун посбони деган юксак мақомга муяссар бўлган прокуратура ходимлари учун бундай ҳаётий ҳақиқатлар устувор бўлиши лозим — деди Бош прокурор.

Шунингдек, прокуратура ислоҳ қилиниб, жазоловчи орган эмас, балки том маънода инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоясини таъминловчи идорага айланганлиги, бутун фаолият тизимли муаммо ва камчиликларни аниқлаб бартараф этишга йўналтирилаётганлиги маълум қилинди.

Прокуратура органлари ходимлари халқ оғирини енгил қилиш, йиллар давомида тўпланиб қолган муаммоларни ҳал этиш, аҳоли фаровонлигини ошириш, иқтисодий ўсишни таъминлаш каби Давлатимиз раҳбари белгилаб берган вазифаларни амалга оширилишида нафақат назорат ўрнатмоқда, балки бу ишларда яқин кўмакчи ва ташаббускор бўлаётганлиги, бугун халқ билан очиқ мулоқот, фуқароларнинг дарду ташвишларига малҳам бўлиш, муаммоларини жойида ҳал этиш прокурорларнинг кундалик ишига айланганлиги алоҳида таъкидлаб ўтилди.

Зотан, Президентимиз Олий Мажлисга ва халққа йўлланган Мурожаатномада қайд этганларидек, ўз кучимиз ва имкониятларимизга бўлган ишонч бизни Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишдек эзгу мақсад йўлида бирлаштириб, янада кучли ва мустаҳкам қилмоқда.

Тадбир якунида Бош прокурор буйруғига асосан ҳалол ва фидокорона меҳнати билан жиноятчиликка қарши курашиш ҳамда қонунийликни мустаҳкамлашга ўзининг муносиб ҳиссаларини қўшиб келаётган ва хизмат вазифаларини намунали бажараётган бир қатор ходимлар тақдирланди.

Бундан ташқари, тадбирда иштирок этган Олий Мажлис Сенати раиси ўринбосари З.Низомходжаев, Қонунчилик палатаси спикерининг биринчи ўринбосари А.Саидов, Бош вазир ўринбосари Б.Мусаев, Ички ишлар вазири П.Бобожонов, Миллий гвардия қўмондони Р.Джураев, Халқ таълими вазири Ш.Шерматов, Жиззах, Наманган ва Сирдарё вилоятлари ҳокимлари прокуратура ходимларини касб байрами билан қутлаб, ўз табрикларини йўлладилар.

Text to speech