31 Август 2022 йил 426

“Қaтaғон қурбонлaри – истиқлол фидойилaри”

Қашқадарё вилояти ички ишлар бошқармасида “Қaтaғон қурбонлaри – истиқлол фидойилaри” мавзусида “Маънавият ва маърифат дарси” бўлиб ўтди. Унда вилоят ички ишлар бошқармаси таркибий бўлимлари ва соҳавий хизматлар ходимлари ва Қарши давлат университети ўқитувчиси иштирок этди. Тадбирни вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғининг ўринбосари полковник Олимжон Абдуллаев очди.

Йиғилишда сўз олган Қарши давлат университети тарих факультети фалсафа  доктори Шухрат Тўраев халқимиз миллий манфаатларини ҳимоя қилиб, унинг порлоқ истиқболи йўлида жисми жонида куч топа билган ва бор ҳақиқатни айтишга журъат этган миллатимиз жонкуярлари ва фидойилари оғмачилик ва бузғунчиликда айбланиб, шаънига миллатчи, халқ душмани, аксилинқилобчи ҳамда буржуа малайлари сингари асоссиз бўҳтонлар билан лаънат тамғасини босишди.

Aбдулла Қодирий, Aбдурауф Фитрат, Aбдулҳамид Чўлпон, Усмон Носир, Элбек, Боту, Ғози Юнус каби истеъдодлар туҳмат-у бўҳтонлар туфайли “халқ душманлари” сифатида жисмонан йўқ қилиниб, ёрқин фаолияти сўндирилди.

Маълумотларга қараганда, 100 мингдан ортиқ ватандошимиз қатағон зулмига учраган. Уларнинг бир қисми “халқ душмани” деган тамға билан шафқатсизларча отиб ташланган. Бошқалари эса узоқ юртларга сургун қилинган.

Она юртининг порлоқ истиқболи ва озодлиги учун жонини фидо этган буюк аждодларимиз хотирасини абадийлаштириш мақсадида барпо этилган “Шаҳидлар хотираси” майдони ҳамда унинг марказида жойлашган “Қатағон қурбонлари хотираси” музейи  фуқароларимизда хусусан, ёшларда катта таассурот қолдирмоқда.

Юртбошимиз томонидан 2020 йилнинг 8 октабрида “Қатағон қурбонларининг меросини янада чуқур ўрганиш ва улар хотирасини абадийлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармойишига мувофиқ, “Йўл харитаси” ишлаб чиқилди ва Республика ишчи гуруҳи тузилиб, реабилитация қилинмай қолиб кетган қатағон қурбонларининг номларини оқланмоқда.

Порлоқ истиқлолимиз йўлида фидокорона кураш олиб борган, ҳатто бу йўлда ўз жонини ҳам фидо етган қатағон қурбонларининг пок номлари халқимиз қалбида абадий яшаши шак-шубҳасиздир.

“Маънавият ва маърифат дарси”да бошқарма маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш хизмати бошлиғи ўринбосари подполковник Шермуҳаммад Муслимов ички ишлар органлари ходимлари томонидан хизмат интизоми ва қонунчиликка риоя этиш борасида, бош инспектор Сардор Остонов эса ички ишлар вазирлигининг янги қабул буйруқлари билан шахсий таркибни таништирди.

Text to speech